Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Нарх-навонинг ошаётганига «хотиржам қараган» ҳокимлар танқид қилинди

Нарх-навонинг ошаётганига «хотиржам қараган» ҳокимлар танқид қилинди

Президент Шавкат Мирзиёев ўтган 2023 йилда инфляция 9 фоиздан пасайгани, лекин кўплаб масалалар нарх-наво ошиб, одамлар норози бўлганидан сўнг, «қўл бошқаруви» билан ҳал бўлаётганини танқид қилди.

«Масалан, нарх қимматлагани учун 61 турдаги истеъмол маҳсулотларига нисбатан божхона божлари бекор қилинди.

Лекин, жойлардаги иқтисод бўйича ҳоким ўринбосарлари, вилоят ва туманлардаги иқтисодиёт бўлимлари раҳбарлари ушбу маҳсулотларни ўзимизда кўпайтириш орқали инфляцияни жиловлашни ўйламаяпти», – дейди Президент.

Жумладан, Фарғона, Жомбой, Эллиққалъа, Паркент туманлари ва Янгийўл шаҳрида мол гўшти, Конимех, Олтинкўл, Бўстон туманлари ва Зарафшон шаҳрида тухум нархи ошганига ушбу ҳудудлар раҳбарлари хотиржам қараб ўтиргани қайд этилди.

Бош вазирга ушбу туман-шаҳар ҳокимлари ва сектор раҳбарларининг лавозимига лойиқлигини кўриб чиқиш топширилди.

«Мутасаддиларга ўтган йил бошида бензин бўйича етарли захира қилиш топшириғи берилган. Нарх ошмаслиги учун бензин бир йил давомида акциз солиғидан ҳам озод қилинган эди. Шунга қарамай, бензин ўтган йил давомида ўртача 19 фоизга қимматлади. Бу – транспорт харажатлари қимматлашиб, ишлаб чиқариш ва экспортда таннарх ошди, дегани. 

Такрор ва такрор айтаман. Инфляция – аҳоли ва бизнес даромадлари учун солиқ. Уни жиловламасак, камбағаллик камаймайди, иқтисодий ўсиш бўлмайди», – деди давлат раҳбарии.

Келгуси йилда бутун дунёда озиқ-овқат нархлари ошиши эҳтимоли юқори. Маҳсулотлар инфляциясини фақат озиқ-овқатни кўпайтириш орқали жиловлаш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.

Эндиликда ҳар йили маҳсулотларни кўпайтириш бўйича махсус ҳукумат қарори қабул қилинади. Ҳар бир тармоқ вазирига нарх барқарорлигини таъминлаш бўйича KPI белгиланади. Ҳар ҳафтада Ҳукумат йиғилишидаги биринчи масала инфляцияни жиловлашга бағишланади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг