Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Навоийда ўзбек-хитой дори технологиялари парки қурилади

Навоийда ўзбек-хитой дори технологиялари парки қурилади

Навоий вилоятида Ўзбекистон-Хитой дори технологиялари паркининг қурилишига расман старт берилди. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, вазирлик ва Хитой Фанлар Академиясининг «Марказий Осиёда дори воситаларини яратиш ва амалиётга жорий этиш Маркази» ҳамкорликда «Навоий» эркин иқтисодий зонасида умумий қиймати 10 млн. АҚШ долларига тенг «Фармакологик фаол ингредиентларни ишлаб-чиқариш бўйича Ўзбекистон-Хитой дори технологиялари парки» ни ташкил этиш лойиҳасини амалга оширмоқда.

Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун «Навоий» эркин иқтисодий зонасида 12 гектар ер майдони ажратилган.

Лойиҳани амалга ошириш натижасида Ўзбекистонда дори воситаларининг субстанцияларини илғор технологиялар асосида ишлаб чиқаришга мўлжалланган ноёб корхона вужудга келиши таъкидланмоқда.

Мазкур корхонанинг қурилиши 3 босқичда амалга оширилади ва 2024 йилнинг якунига келиб ишга туширилиши режалаштирилган. Бизнес-режага кўра, 16 турдаги дори воситаларининг субстанциялари кенг миқёсда ишлаб чиқарилади ва кейинчалик уларнинг сони бозор талабларига мувофиқ равишда кенгайиб боради.

Шунингдек, лойиҳанинг бошланғич босқичида 45 та иш ўрни яратилиши режалаштирилган бўлиб, ҳар йили иш ўринлари сони ошириб борилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг