Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистонга мева-сабзавот маҳсулотларини олиб кириш талаблари соддалаштириляпти

Ўзбекистонга мева-сабзавот маҳсулотларини олиб кириш талаблари соддалаштириляпти

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишда депутатлар «Фитосанитария талаблари енгиллаштирилиши муносабати билан «Ўсимликлар карантини тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 29-моддасига ўзгартириш киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда муҳокама қилдилар.

Мазкур қонун лойиҳаси билан «Ўсимликлар карантини тўғрисида»ги қонунга фитосанитария маҳсулотларини импорт қилувчиларга енгиллик берилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Қайд этилишича, амалдаги тартибда хорижий мамлакатлардан олиб кириладиган карантин остидаги маҳсулотларни Ўзбекистон ҳудудига киритиш учун Ўсимликлар карантини чегара пунктларида тадбиркордан экспорт қилувчи давлатнинг фитосанитария сертификати асл нусхасини кўрсатиш талаб этилади. Ушбу ҳужжат тақдим этилмаган тақдирда, маҳсулотлар давлат чегарасида туриб қолиши, ортиқча харажатларнинг кўпайиши импортёр-тадбиркорларга қийинчилик туғдирмоқда.

Яъни, юқоридаги ҳолатлар фитосанитария маҳсулотларини олиб кириш талабларини янада соддалаштириш ҳамда миллий қонунчиликни халқаро амалиётга мувофиқлаштиришни тақозо этмоқда. Айниқса, хорижий мамлакатларда фитосанитария сертификати тақдим этилмайдиган маҳсулотларни мамлакатимизга олиб киришдаги тўсиқларни олиб ташлаш мақсадида амалдаги тартиб ва талабларни қайта кўриб чиқиш зарурати юзага келмоқда.

Қонун лойиҳаси билан хорижий мамлакатларда фитосанитария сертификати талаб этилмайдиган ҳамда фитосанитар хавфи паст бўлган карантин остидаги маҳсулотларни хорижий мамлакатлардан олиб киришда фитосанитария сертификатини талаб этиш амалиёти бекор қилинмоқда.

Мажлисда қонун ташаббускорлари томонидан мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши фитосанитария талабларини енгиллаштириш орқали тадбиркорларга янада қулайликлар яратиш ва аҳолини зарур озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг