Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Пора билан қўлга тушган ИИБ киберхавфсизлик бўлинмаси ходими қамалди

Пора билан қўлга тушган ИИБ киберхавфсизлик бўлинмаси ходими қамалди

Навоий вилоят ИИБ тезкор-қидирув хизмати киберхавфсизлик бўлинмаси катта тезкор вакили лавозимида ишлаган ходим Жиноят кодексининг 210-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилди.

Навоий шаҳар судида кўриб чиқилган мазкур жиноят иши тафсилотларида қайд этилишича, судланувчи Х.М. давлат органининг мансабдор шахси бўлгани ҳолда, юқоридаги мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиб, ўз иш ваколатига кирадиган масалани фуқародан пул талаб қилиш орқали ҳал этишни кўзлаган.

Гап шундаки, фуқаро Р.Ж.нинг таниши (аёл)га жорий йилнинг апрель ойида номаълум шахслар қўнғироқ қилиб, унинг номига тижорат банкларидан жами 62 млн сўм миқдорида кредит маблағларини ноқонуний равишда чиқариб, сўнгра ушбу кредит маблағларини аёлнинг банк пластик картасига туширган ҳолда ечиб олган.

Х.М. эса Р.Ж.нинг ушбу шахсларни топишда амалий ёрдам сўраганидан фойдаланиб, вилоят ИИБ ТҚХ киберхавфсизлик катта тезкор вакили сифатида интернет тармоғи, компьютер ахбороти ҳамда дастурлари, электрон тўлов тизимлари, телекоммуникация тармоқларидан фойдаланиб содир этилаётган жиноятларни аниқлаш, қарши курашиш ҳамда уларни олдини олиш унинг тўғридан-тўғри мансаб ваколатларига киришини билгани ҳолда, ушбу қонуний вазифаларини бажариш эвазига ундан пул талаб қилган ва 2024 йил 11 июнь куни Навоий шаар Ибн Сино кўчасида ўтказилган тезкор тадбирда кимёвий ишлов берилган 600 АҚШ долларини пора тариқасида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Судланувчи суд мажлисида, айбига тўлиқ иқрорлик билдирган. Шунингдек, судда фуқародан пул талаб қилмаганини, тадбир ўтказилган кунда унга ҳақиқатда фуқаро пул берганини, у тадбир бўлаётганини пайқаб пулларни оғзига солиб олганлигини, сўнгра автомашинани ниқобли шахслар очиб, уни қўлини қайириб автомашинадан туширишиб, қўлини орқага қилган ҳолда кишан солишганлиги ва у оғзидаги пулларни чиқариб берганлигини айтган.

Суд, судланувчи Х.М.нинг жиноят содир этганликдаги айби, унинг ўзини айбига тўлиқ иқрорлик билдириб берган кўрсатувларидан ташқари, гувоҳларнинг кўрсатмалари, Ички ишлар вазирлиги томонидан 2024 йил 11 июлда ўтказилган хизмат текшируви хулосаси каби далиллар йиғиндиси билан ўз исботини топди деб ҳисоблади.

Суд, судланувчи Х.М.ни ЖКнинг 210-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди ва унга мазкур модда билан 2 (икки) йил муддатга Ички ишлар вазирлиги тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилган ҳолда 3 (уч) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

Шу тариқа судланувчи Х.М. жазони манзил-колонияларда ўтайдиган бўлди.

Маълумот учун, судланувчи ИИВ тизимида 2011 йилдан, Навоий вилоят ИИБ ТҚХ Киберхавфсизлик бўлинмаси катта тезкор вакили лавозимида эса 2023 йилнинг февраль ойидан буён хизмат қилиб келган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг