Қашқадарёда «Ёшлар туризми» халқаро II қурултойи ўтказилмоқда

Айни кунларда Қашқадарё вилояти, Шаҳрисабз туманидаги «Лочин» болалар соғломлаштириш оромгоҳида «Ёшлар туризми» халқаро II қурултойи ўтказилмоқда. Куни кеча бошланган ушбу тадбир 11 августга қадар давом этиши кутилмоқда.
Қурултой доирасида Экология, атроф муҳитни ҳимоя қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси ҳамда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида пресс-тур ташкил этилади. Унда 30 дан ортиқ журналист ва блогерлар, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда мамлакатимизда фаолият олиб бораётган чет эл дипломатик корпус вакилларига таклифномалар юборилди.
Шунингдек, Қашқадарё билан биродарлашган вилоятлар ва шаҳарлар делегациялари ҳам қурултойга таклиф этилди. Улар қаторида Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Туркманистон каби давлатларнинг ёшлари ҳам бор.
Россия, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Туркманистон ва бошқа бир қатор давлатларнинг етакчи нашрларида Қашқадарёда ўтказиладиган халқаро қурултой ҳақида мақола ва чиқишлар эълон қилинди. Ўзбекистондаги маҳаллий оммавий ахборот воситаларида эса 50 га яқин тарғибот материаллари ёритилди ва эфирга узатилди.
Қурултой доирасида танлов, мусобақа, тақдимот, учрашув, акция, лойиҳа ҳамда китобхонлик куни, миллий ва этноспорт турлари бўйича спорт мусобақалари, маданий-кўнгилочар тадбирлар ташкил этилган. Хусусан, бугун ҳудудлардан келган ёшлар томонидан «Энг яхши туризм лойиҳаси» танлови ўтказилди. Ёшлар ўз стартапларини мутахассислар эътиборига ҳавола этишди. Эътиборга лойиқ лойиҳалар қўллаб-қувватланиши билдирилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter