Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қуйи палатанинг бюджет ижросини назорат қилишига доир қатор таклифлар билдирилди

Қуйи палатанинг бюджет ижросини назорат қилишига доир қатор таклифлар билдирилди

Янгиланган Конституцияга кўра, Давлат бюджети ижроси устидан назоратни амалга ошириш Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатига киради.

«Бу муҳим ваколат депутатларимиз зиммасига катта масъулият ҳам юклайди.

Биринчи галда палатанинг Давлат бюджети ижросини назорат қилиш механизмларини янада кучайтиришнинг вақти-соати келди», – деди давлат раҳбари ўз нутқида.

Жумладан, Ҳукуматнинг давлат бюджетига доир барча ҳисоботларини палатага фақат Бюджет кодексида белгиланган аудит хулосаси билан биргаликда киритиш амалиётига ўтиш керак.

Бундан ташқари, давлат бюджети ижросини назорат қилишда парламент қўмиталари ролини ошириш ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Ҳозирги вақтда биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг харажатлари устидан парламент назорати деярли сезилмаётгани, янги сайланган депутатлар ушбу масалага алоҳида ёндашишлари зарурлиги қайд этилди.

Бундан ташқари, аҳоли фаровонлигини ошириш бўйича дастурларни ишлаб чиқишда парламентнинг фаол иштирок этиши муҳим экани таъкидланди.

Масалан, бу йил ҳудудларни ривожлантириш, ижтимоий ва инфратузилма объектларини қуриш, маҳаллаларни обод қилиш бўйича инвестиция дастурларига 30 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилди.

Бироқ, ана шу дастурни қабул қилишда қайси депутат қатнашди, унинг ижроси бўйича кимдан ҳисобот талаб қилди, деган саволлар очиқ қолмоқда.

Шу муносабат билан Президент инвестиция дастурларини тайёрлашда депутатлар ҳам албатта иштирок этадиган, уларнинг фикри инобатга олинадиган тизим яратиш ташаббусини илгари сурди.

Бундан ташқари, туман ва шаҳарларнинг молиявий имкониятларини ошириш мақсадида келгуси йилдан ер, мол-мулк ва айланма солиқларини тўлиқ, даромад солиғининг эса камида 50 фоизини туман ва шаҳарнинг ўзида қолдириш таклиф этилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг