Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Ташаббусли бюджет» доирасида мактаб ва шифохоналарни таъмирлаш қанчалик тўғри?

«Ташаббусли бюджет» доирасида мактаб ва шифохоналарни таъмирлаш қанчалик тўғри?

Бугун, 29 март куни Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2022 йилдаги фаолияти таҳлили ва 2023 йилдаги устувор вазифалари бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Давлат бюджети департаменти директори Шерзод Муҳаммедов «Ташаббусли бюджет» доирасида ўтказилаётган овоз бериш масаласига тўхталиб ўтди.

«Бугунги кунда «Ташаббусли бюджет» лойиҳаси кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. «Ташаббусли бюджет» тартибига мувофиқ унга маълум бир таклиф юбориш бўйича чекловлар қўйилмаган. Мисол учун, умумтаълим муассасаларига қуёш панелларини ўрнатиш ёки мактабларни жиҳозлаш бўйича таклиф киритишда чеклов йўқ. Тўғри, бу ишлар давлат бюджети ҳисобидан амалга оширилиши керак. Лекин барча ижтимоий соҳа муассасаларини 2-3 йилда давлат бюджети ҳисобидан таъмирлашнинг имконияти борми? Биз шу нарсани ўйлаб кўришимиз керак. Давлат бюджети томонидан ҳам бу ишлар амалга ошириб келинмоқда. Ижтимоий иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида ҳам аввалги йиллардан камаймаган миқдорда маблағлар ажратилмоқда. Ушбу маблағлар бевосита ижтимоий соҳа муассасаларини қуришга, жиҳозлашга ва таъмирлашга йўналтирилади. Энди «Ташаббусли бюджет» жараёни орқали ўтказилаётган маблағлар эса давлат дастурларига мувофиқ ажратилган маблағларга қўшимча равишда ажратилмоқда. Умумтаълим муассасалари таъмирлаш ишини тезроқ қилиш мақсадида лойиҳаларни илгари суришмоқда. Мисол учун, қуёш панелларини ўрнатиш ва мактабни жиҳозлаш бўйича тегишли муассасалар ҳаракат қилмаслиги ҳам мумкин. Уларга ҳеч қандай талаб йўқ. Муассасалар лойиҳада қатнашмасдан ўз навбатларини кутиб, белгиланган муддатда инвестиция ишлари амалга оширса бўлади», – деди Шерзод Муҳаммедов.

Шунингдек, Давлат бюджети департаменти директори ўқитувчи ва шифокорларни овоз йиғиш жараёнига мажбурлаш масаласига ҳам тўхталиб ўтди.

«Ўқитувчи ва тиббиёт муассасаларининг ходимларини овоз йиғишга мажбурлашни барча салбий баҳолайди. Буни мактаб директори ёки масъул шахслар ўзларини қийнаётган муаммони тезроқ ҳал қилиш учун амалга ошираётган бўлиши мумкин. Лекин бу масала бўйича ҳеч қандай ташкилот томонидан овоз йиғишга мажбурлаш ҳолатлари бўлиши мумкин эмас ва бўлмайди», – дейди Муҳаммедов.

 

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг