Telekom Antifrod — Уяли алоқа даражасида ахборот хавфсизлигини таъминлаш тизими
Ўзбекистон Республикаси банклари ва тўлов ташкилотларида «Уяли алоқа даражасида ахборот хавфсизлигини таъминлаш» тизими — Telekom Antifrod 2025 йилда жорий этилганига қарамай, қисқа вақт ичида куплаб юртдошларимизни фирибгарлар тузоғига тушиб қолишдан ҳимоя қилишга улгурди.
«Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш республика маркази» ДУК томонидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган мазкур тизим тижорат банклари, тўлов тизимлари ва тўлов ташкилотларининг мобил иловалари фойдаланувчиларини ташқи фирибгарликлардан ҳимоя қилишга мўлжалланган.
Telekom Antifrod — мижозларнинг молиявий йўқотишларини камайтирибгина қолмай, фирибгарлик ва кибержиноятларни аниқлаш ҳамда уларнинг олдини олиш жараёнларини ҳам соддалаштиради.
Telekom Antifrod тизими тижорат банклари, тўлов тизимлари ва тўлов ташкилотларининг мобил иловалари фойдаланувчиларини қуйидаги фирибгарлик турларидан ҳимоя қилади:
- SIM-карта алмаштирилиши (SIM-swap) орқали мижоз номидан молиявий операцияларни амалга ошириш;
- Ўғирланган СМС кодлардан фойдаланган ҳолда ноқонуний пул ўтказмалари ва бошқа операциялар;
- Банкнинг сохта мобил иловалари орқали операцияларни бажариш;
- Мижознинг хабарисиз банк карталаридан учинчи шахслар томонидан фойдаланиш;
- Ўғирланган ёки сохта қурилмалардан банк мобил иловасига рухсатсиз киришга уринишлар;
- Мобил иловани клонлаш ёки ноқонуний қайта ўрнатиш ҳолатлари;
- Вафот этган шахслар номидан молиявий операцияларни амалга ошириш;
- Жазони ижро этиш муассасаларида бўлган шахслар номидан молиявий операцияларни амалга ошириш.
Ҳозирги кунда Telekom Antifrod тизими 32 та тижорат банкининг мобил иловаларида ҳамда 18 та тўлов ташкилотида жорий этилган.
2025 йилнинг сентябр ойидан декабр ойигача бўлган даврдаги статистик маълумотларга кўра, банк мижозларининг мобил иловалар орқали юборган умумий сўровлар сони 71,9 млн. тани ташкил этган. Шундан 55 фоизи рўйхатдан ўтиш жараёнларига, 45 фоизи эса молиявий операцияларга тўғри келган.
Молиявий операцияларни қайта ишлаш жараёнида тизим томонидан умумий сўровларнинг 10 фоизида шубҳали операциялар аниқланган бўлиб, улар орасида СМС кодларнинг нотўғри киритилиши ва бошқа фирибгарлик аломатлари қайд этилган. Барча сўровлар тизим операторининг СМС шлюзи орқали амалга оширилади.
Агар сиз Telekom Antifrod хизматларидан фойдаланишни истасангиз: +998 55 505-00-19 (1047) рақамига мурожаат қилиб, батафсил маълумот олишингиз мумкин.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter