Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Кредит фирибгарлиги: ундан қандай ҳимояланиш керак?

Кредит фирибгарлиги: ундан қандай ҳимояланиш керак?

Сўнгги вақтларда ўзгалар номига ноқонуний кредит расмийлаштириш ҳолатлари кескин кўпайди. Энг хавотирлиси, бундай ишларни айрим мансабдорлар, иш ўрнида ўзгалар ишончига кирган шахслар ҳам содир этмоқда.

Тошкент шаҳрида Шайхонтоҳур туманида фаолият юритган ҳокими ёрдамчиси 20 нафар фуқаро номига жами 427,7 миллион сўм кредит олиб, шахсий эҳтиёжига ишлатгани аниқланган. У ҳатто маҳаллада яшамайдиган қариндошлари ва бошқа шахслар номига ҳам қалбаки тавсияномалар орқали кредит олган. Бу билан яна 207,7 миллион сўм талон-торож қилинган.

Сирдарёда эса ободонлаштириш хизмати бригадаси раҳбари ўз қўл остида ишлайдиган кўча супурувчи аёл номига кредит расмийлаштириб, пулни ҳаж сафари учун ишлатгани маълум бўлди. Бу ҳолат ҳақида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов шахсан жамоатчиликка маълум қилганди.

Фарғона вилоятида онлайн қиморга берилиб кетган шахс қарзларини ёпиш учун 4 ҳамкасби номига кредит расмийлаштирган ва уларнинг пулларини ҳам қиморда ютқазган. У жами 75 миллион сўм кредит олишга муваффақ бўлган.

Расмий статистика хавотирли

Омбудсман маълумотларига кўра, ўтган йили кредит фирибгарлигига оид мурожаатлар сони 42 фоизга ошган. Ҳатто бир шахс номига 5-6 та банкдан кредит олинган ҳолатлар учраган. Кўпинча ўзини банк ёки тўлов тизими ходими деб таништирган шахслар фуқароларнинг шахсий маълумотларидан фойдаланган.

Муаммо нима?

  1. Шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш маданияти паст — кўпчилик паспорт нусхаси ёки электрон калитини ишониб топширади.
  2. Молиявий саводхонлик етишмаслиги — одамлар кредит шартномалари ва онлайн хизматлар хавфини тўлиқ англамайди. “Кредит битимини тузишга тақиқ қўйиш” хизматидан фойдаланиш кераклигига эътибор қилишмайди.
  3. Назорат тизимида бўшлиқлар — айрим мансабдорлар ўз ваколатларини суиистеъмол қилади.

Ечим бор

Фирибгарлар қурбони бўлмаслик учун оддий, аммо самарали чоралар мавжуд:

  • MyGov иловаси орқали “Кредит битимини тузишга тақиқ қўйиш” хизматини фаоллаштиринг. Бу мутлақо бепул ва Сизнинг номингизга ҳеч ким кредит расмийлаштира олмайди. Чунки фаоллаштирилган тақиқ ҳақидаги маълумотлар "Кредит битими тузиши тақиқланган шахслар реестри"га киритилади, бу эса банклар ва молиявий ташкилотлар томонидан сизга кредит берилишига йўл қўймайди.
  • Электрон калит, паспорт нусхаси ва бошқа шахсий маълумотларингизни ҳеч кимга берманг.
  • Банк ёки тўлов тизими ходими деб ўзини таништирган ҳар қандай шахсга ишонманг, унинг аслида ким эканлигини текширинг.

Кредит фирибгарлиги нафақат шахсий молиявий йўқотиш, балки инсоннинг ишончи, ҳаловати ва тинч ҳаётига ҳам путур етказади. Баъзи ҳолатларда қарзлар ёпилмагунига қадар йиллар давомида сарсон бўлиш хавфи бор.

Шунинг учун ҳушёрлик ва молиявий саводхонликни ошириш бизни турли кўнгилсизликлардан асрайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг