Сматрфон – микроб ташувчи! Уни қандай тозалаш мумкин
Сиз уни қучоқлаб ухлайсиз, овқатланаётганда ёнингизга қўясиз, ҳатто энг нозик жой — ҳожатхонага ҳам бирга олиб кирасиз...
Ҳа, гап сиз ҳар сонияда қўлингиздан қўймайдиган смартфон ҳақида кетмоқда!
Микроскоп остидаги ҳақиқат эса одамнининг этини жунжиктиради. Қимматли смартфонингиз унитаз ўриндиғидан камида 10 баравар ифлосроқ ва унда миллионлаб микроблар “зиёфат” қилмоқда! Ҳар куни фойдаланувчининг юз ва оғиз-бурун қисмига энг яқин тутиладиган бу матоҳ аслида ҳақиқий бактериялар уяси.
Хўш, унда бу “бактерия бомбаси”дан қандай қутилиш мумкин? Ахир уни шунчаки сувда ювиб бўлмаса!
Дарров смартфонни тозалаш бўйича лайфхакларни қидиришга тушдингизми? Шошилманг, уларнинг ҳаммасига ҳам ишониб бўлмайди. Масалан, спирт экраннинг бармоқ изларидан ҳимоя қилувчи қатламини буткул куйдиради, ойна ювиш воситалари ва идиш ювиш геллари эса телефон учун бамисоли заҳар.
Оддий салфетка экранда кўзга кўринмас майда тирналишлар қолдиради. Шунинг учун ҳам телефон экранини кўзойнак артадиган микро толали (микрофибра) салфеткада тез-тез артиб туринг.
Махсус антисептик спрей ёки 70 фоизли изопропил спиртни айнан шундай матога пуркаб тозаласангиз у экранни тирнамай, ёғ ва бармоқ изларини мукаммал даражада ўзига тортиб олади.
Пахтали таёқча билан эса эҳтиёткорлик билан динамиклар, қувватлаш порти ва тугмалар атрофида йиғилиб қолган чанг ва кирни тозалаш мумкин.
Телефон тоза бўлиб, ғилофи ифлос бўлса, шунча қилган меҳнатингиз бесамар кетади. Пластик ёки силикон ғилофларни ечиб, совунли сувда бемалол ювиб, яхшилаб қуритиб, кейин телефонга тақиб юриш мумкин.
Асло ҳожатхонага телефон билан кирманг!
У ердаги аэрозолли бактериялар секундига телефонингизга ўтириб олади. Сиз эса айниқса кафе ва ресторанларда телефон билан кириб, ойна олдида фотосессия қилиб, яна уни дастурхонга қўйиб овқатланиб юрибсиз. Иложи бўлса, овқатланаётган пайтда телефонни узоқроққа қўйинг.
Кўчада уйга кирганда қўлингизни ювишдан аввал, телефонингизни ҳам бир марта антисептик салфеткада артиб қўйишни одат қилинг. Гаджетингиз нафақат чиройли, балки саломатлигингиз учун ҳам хавфсиз бўлсин!


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter