Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Янги одатни бошлашнинг энг яхши йўли

Янги одатни бошлашнинг энг яхши йўли

фото: интернет, очиқ манба

Янги одатларни қачон ва қаерда бажаришнинг аниқ режасини тузган одамларнинг одатларни давом эттириш эҳтимоли юқорироқ. Кўпчилик нима қилишини аниқ  билмасдан туриб хулқ-атворини ўзгартирмоқчи бўлади. Биз ўзимизга ўзимиз «энди соғломроқ бўламан» ёки «кўпроқ ёзаман», деган ваъдалар берамиз. Бироқ янги одатларни қачон ва қаерда тадбиқ қилиш тўғрисида ўйлаб ҳам ўтирмаймиз. Уни тақдир қўлига ташлаб қўйиб, керакли вақтда эсимизга келиб қолиши ёки ўзимизда етарлича мотивация топа олишимизга ишонамиз. Тадбиқ этиш нияти «спорт билан кўпроқ шуғулланаман», «маҳсулдорлигимни оширмоқчиман» ёки «сайловда қатнашишим керак», сингари мавҳум мақсадлар ўрнига аниқ ҳаракатлар режасини яратади. Кўпчилик ўзида мотивация кам деб ҳисоблайди. Аслида эса уларга аниқлик етишмайди. Улар одатни қаерда ва қачон қилишларини билмайди.

Айримлар эса ўзгартиришлар киритиш учун қулай  пайтни пойлаб бутун умрини ўтказиб юборади.

Тадбиқ этиш нияти шакллангандан сўнг, илҳом келишини кутиш зарур бўлмай қолади. «Бугун янги бобни ёзсаммикан ёки йўқ?», «медитация билан эрталаб шуғулланганим яхшими ёки тушликдан кейинми?» Ҳаракат қилиш вақти ва жойи аниқ бўлса, қарор қабул қилишга ҳожат қолмайди. Шунчаки аввал тузилган режага амал қилинса бўлди.

Агар янги одатни қачон бошлашни билмаётган бўлсангиз, келаётган ҳафта, ой ёки йилнинг биринчи кунини танланг. Кўпчилик айнан шундай кунларда катта умид билан иш бошлайди...

Энг қониқарли одатни топиш учун саволлар кетма-кетлиги ёрдамида қидирув доирасини кичрайтириш, аниқлаб олиш мумкин:

Бошқаларга иш, мен учун эса ўйиндек туюладиган нарса борми?

Сизнинг бирон бир вазифани бажаришга мослашган ёки мослашмаганингиз унга қай даражада қизиқишингиз билан белгиланмайди. Аксинчи, у маълум ишни бажариш сиз учун бошқаларга нисбатан қай даражада енгилроқ эканига боғлиқ. Бошқалар шикоят қиладиган қайси ишни сиз роҳатланиб бажарасиз? Бошқалардан кўра сизни камроқ қийнайдиган вазифалар айнан сиз учун яратилган.

Қайси ишни бажарганимда вақт ҳақида унутиб қўяман?

Ақлий оқим шундай ҳолатки, бунда қилаётган ишингизга шўнғиб кетасиз, бутун борлиқни эса четга суриб қўясиз. Яхши кайфият ва юқори ишчанликнинг ушбу қоришмасини ўша вазиятдаги спортчилар ва бошқа кишилар ҳис қилади. Бир вақтнинг ўзида  ақлий оқим ҳолатида бўлиш ва ишдан қониқмасликнинг иложи йўқ.

Қаерда бошқалардан кўпроқ фойда оламан?

Биз доимий равишда ўзимизни атрофлагиларга солиштирамиз. Агар бошқаларга нисбатан яхшироқ эканимизни ҳис қилсак, бажараётган ишимиз бизга ҳузур бағишлайди.

Қайси ишларни ўз-ўзидан бажараман?

Бир муддат барча ўрганган нарсаларингизни унутинг. Жамият йиллар давомида уқтириб келган ғояларни ҳам ёддан чиқаринг. Бошқалар сиздан нимани кутаётганига эътибор берманг. Ич-ичингиздан назар ташлаб ўзингизга савол беринг: Қандай нарсалар мен учун табиий туюлади? Қачон ўзимни чинакам яшаётгандек ҳис қиламан, қачон ўз табиатимга мос иш қилаёгандек сезаман? Ўзингизга баҳо берманг, бошқаларга ялтоқланманг ҳам, иккиланиш ҳам, ўз-ўзини танқид қилиш ҳам бўлмасин. Фақат қизиқиш ва роҳатланиш ортидан юриб кўринг. Агар ўзингизни эркин ва шу жойга тегишли деб ҳис қилсангиз, демак тўғри йўлдасиз.

                                         Жеймс Клирнинг «Атом одатлар» китобидан

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг