Президент талабига кўра туман ҳокими кенг жамоатчиликка мурожаат билан чиқди

Президент Шавкат Мирзиёев вилоят ва туман ҳокимларидан 2020 йилда амалга оширилган ишлар якуни ва 2021 йилда режалаштирилган ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга бағишланган мурожаатномани кенг оммага тақдим этишни талаб қилган эди. Бугун Самарқанд тумани ҳокими Носир Мавлонов Халқ депутатлари кенгашида чиқиш қилди.
Самарқанд тумани географик жойлашуви жиҳатидан ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасида яхшигина шароитга эга. Яқинда аҳолиси 1 миллионга етиши кутилаётган шаҳар ёнида жойлашган туман экспорт учун ҳам қулай. Аммо пандемия туфайли бир қатор ишлар тўхтаб қолган эди.
Тумандаги 565 та саноат корхоналарининг 76 таси фаолиятини вақтинча тўхтатишга мажбур бўлди. Шунингдек 31 таси 25% ва 8 таси 50% қувватда ишлай бошлади. Натижада саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми жорий йил 6 ой якунида 28 фоизга камайди.
Олиб борилган чора-тадбирлар натижасида 1 декабр ҳолатига кўра 4957 та тадбиркорлик субъектлари фаолият кўрсатишига эришилди. Жумладан, 689 та янги юридик корхоналар (шундан,
306тамасълуяти чекланган жамият, 16 та хусусий корхона, 338 та оилавий корхона, 14 та ф/х) ташкил этилиб, йил якунигача яна 15 та янги корхоналар ташкил этиш режалаштирилди.
Аммо шу билан бирга туманда муаммолар ҳам етарли. Мурожаатдан сўнг бир қатор масалалар юзасидан депутатлар ва журналистлар туман ҳокими Носир Мавлоновга саволлар билан мурожаат этилди.
— Қишнинг совуқ кунларида тумандаги айрим ҳудудларда суюлтирилган газ ва электр энергияси таъминотида узилишлар юзага келди. Ушбу муаммони ҳал этиш учун қандай режалар бор?
— Ноябр ойида қўққисдан совуқ тушгач, дарҳақиқат электр энергияси таъминоти бўйича муаммолар кўриниб қолди. Шу кеча-кундузда ҳам турли маҳаллаларда узилишлар учраб турибди ва бунга бир қатор сабаблар бор. Биринчидан, аҳоли зич жойлашган ва уйларни иситиш учун электрдан бетартиб фойдаланиш ҳолати бўлаётгани учун трансформаторларга тушган юклама кўпайиб кетмоқда. Натижада авариялар юзага келмоқда. Аммо бу ҳолатларни тезда бартараф этишга ҳаракат қиляпмиз. Бир нарсани тушунишингизни истаймиз, ҳеч ким атайлаб электрни ўчирмаяпти, балки авария ҳолатлари юзага келгани учун таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Бу муаммони ҳал қилиш учун нималар қилмоқдамиз? Аввало аҳоли билан мулоқот давомида электр истеъмоли масаласида тушунтириш ишлари олиб бориляпти. Қолаверса, бугун туман электр таъминоти бошқармасига янги раҳбар тайинланди. Албатта ўзимизда ҳам айб бор. Гарчи куз-қиш мавсумига тайёрланишга ҳаракат қилган бўлсак ҳам, баъзи масалаларда тўлиқ тайёр эмаслигимиз кўриниб қолди.
Суюлтирилган газга келсак, туман аҳолисини тўлиқ таъминлаш учун 29 мингта газ балонга эҳтиёжимиз бор. Бироқ бизга ҳозирда 3 мингга яқин газ балон етишмаяпти. Бу масала йўл харитасига киритилган. Яна бир масала — туманнинг эҳтиёжи учун 250 тонна суюлтирилган газ керак. Совуқ ўта кучайган вақтда бизга 190 тонна ажратилди. Шу сабабли таъминотда узилишлар юзага келди. Бу массалани ҳал қилиш учун ишлаяпмиз. Яқин кунларда қўшимча 1000 та газ баллон оламиз ва таъминот 60 кунга тушди.
Ҳозирда мутахассислар билан бирга ишлаяпмиз. Туман электр таъминоти, газ бошқармаси ва ҳокимликда штаб ташкил этилган. Муаммоларни босқичма-босқич ечиб бориш режалаштирилган. Электр ва газ масаласи 2021 йилнинг биринчи ярмига мўлжалланган дастурга киритилган. Захира маблағимиз ва бюджетдан орттирилган пул ҳисобига яроқсиз ҳолатга келиб қолган симёғочлар алмаштирилади.
—Туманда тадбиркорликка бўлган қизиқиш юқори. Шу сабабли банкларга имтиёзли кредит бўйича кўп мурожаат тушади. Аммо бу мурожаатлар ҳар доим ҳам вақтида қаноатлантирилмайди. Балки туманда хусусий банклар филиалини кўпайтириш керакдир? Бизда бир маълумот бор — Жаҳон банки рейтингига кўра Ўзбекистоннинг энг яхши банки сифатида хусусий банк тан олинган. Ўша хусусий банкларни туманга жалб этиш керак эмасми?
— Ҳақиқатан ҳам шундай муаммо бор. Туман тадбиркорлари ҳеч қандай янгиликка бепарво эмас. Замонавий инновацион хизмат кўрсатадиган хусусий тижорат банклари кўпайгани яхши, албатта. Биз Марказий банк раҳбарияти ва соҳага масъул бўлганлар билан мулоқот ўтказамиз ва ушбу таклифни уларга етказамиз. Самарқанд тумани тадбиркорлари ишлаб чиқараётган маҳсулот ва кўрсатаётган хизматга нафақат вилоят, балки бутун республикадан талаб мавжуд. Биз шу билан бирга экспортни ҳам инобатга оламиз. Вилоятда 9-10 та янги банклар пайдо бўлган. Агар улар туманга киришни истаса, биз фақат қўллаб-қувватлаймиз.
— Туман тиббиёт бирлашмаси ёнида норасмий бозор фаолияти давом этяпти. Ҳатто тез тиббий ёрдам бўлими эшигининг ёнигача сотувчилар жойлашиб олган. Нима учун янги қурилган бозор бўш турибди?
— Эски бозор дарҳақиқат жуда бетартиб. Аслида у бозор ҳам эмас. Бир ҳафтада бир марта — жума куни фаолият юритадиган бозор. Афсуски аҳоли ўша жойга ўрганган. Биз имкон қадар ҳаракат қиляпмиз, туманимизда транспорт йўналиши мавжуд. Шаҳар билан боғлайдиган йўл ёқасида жойлашганмиз. Биз одамларни янги бозорга ўргатиш учун автобусларнинг тўхташ жойини ўша атрофга жойлаштиришни кўзлаган эдик. Пандемия туфайли ташаббус бироз тўхтаб қолди. Бу тадбирга йўналишда фаолият юритадиган корхона вакилларини ҳам жалб қиламиз ва деҳқон бозорига боришга қулай қилиб йўналиш белгилаймиз. Эски бозорга СЭОМ, ИИВ ва бошқа ташкилот ходимлари билан бирга бориб, тарғибот ўтказмоқдамиз. Одамларимиз бетартиб бозорга боришга ўрганиб қолган. Биз фақат янги бозордаги шароитни яхшилаш орқали одамларни у ерга ўргата оламиз.
— Хорижда ишлашдан воз кечиб, туманда қолиб, меҳнат қилишга қарор қилган ёшларга қандай шароит яратгансиз?
— Охирги бир йилнинг ўзида 1200 дан ортиқ мигрантларимиз туманга қайтиб келди. Бизда қишлоқ хўжалиги яхши ривожланган. Туман аҳолисининг фақат 7 фоизи шаҳарда яшайди, қолгани қишлоқларда. Шу сабабли ғалладан бўшаган 400 гектардан ортиқ ер такрорий экин учун 1300 фуқарога бўлиб берилди.
Миронкўл, Чордара ва Конигил ҳудудларида 22 гектар ерда кам таъминланган оила вакиллари учун қишлоқ хўжалиги кооперациялари ташкил этиб бердик. Улар етиштирган маҳсулотни сотиб олиб, қайта ишлайдиган тадбиркор ҳам тайёр. Биз фуқароларни ўзимизда ишли қилиш бўйича яна чора-тадбирлар олиб борамиз.
Маълумот учун: Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илк маротаба ҳокимлар кенг жамоатчиликка 2020 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва 2021 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишларига бағишланган мурожаатнома билан чиқиш қилишда давом этади. Xabar.uz ахборот таҳлилий портали тадбирларни кузатиб, ёритиб боришни режалаштирган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter