Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Россиядан гиёҳвандлик моддасини қабул қилиб олган 17 ёшли бола ушланди

Россиядан гиёҳвандлик моддасини қабул қилиб олган 17 ёшли бола ушланди

Фото: Божхона қўмитаси

Божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш бошқармаси Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги тезкор тузилмалари билан ҳамкорликда гиёҳвандлик воситалари контрабандасини аниқлаш бўйича тезкор-қидирув тадбири ўтказган.

«Халқаро назорат остида етказиб бериш» тадбири Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида ўтказилган. Унда Россиядан юборилган жўнатмани қабул қилиб олган 2009 йилда туғилган, вояга етмаган шахс ушланган.

Жўнатма холислар иштирокида очиб кўрилганда, унинг ичидаги 4 та консерва қутисига 852,2 грамм «гашиш» яширилгани аниқланган.

Тезкор тадбир давомида ўсмирнинг яшаш хонадони кўздан кечирилган. У ердан электрон тарозилар, гиёҳвандлик моддаларини тарқатишга мўлжалланган «зип» пакетчалар ва изоленталар аниқланган.

Мазкур буюмлар ашёвий далил сифатида олинган. Қўмитанинг маълум қилишича, топилмалар жўнатмада аниқланган гиёҳвандлик воситаси билан боғлиқ ҳолат доирасида ўрганилмоқда.

852,2 грамм «гашиш» ўрта ҳисобда 60 минг дозадан ортиқни ташкил этиши айтилган. Ушбу миқдордаги наркотикнинг қора бозордаги қиймати қарийб 600 минг АҚШ долларига баҳоланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Божхона қўмитаси томонидан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда ҳолат бўйича тегишли тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг