Новости в нашем Телеграм канале Подписаться ×

Миллатни саводсизлантириш фитнаси

Миллатни саводсизлантириш фитнаси

Ўзбекистонда сўнгги бир асрда неча марта алифбо алмашганини биласизми? Аввало қисқача тарихга назар ташлаймиз, кейин асосий мавзуга қайтамиз.

Охирги бир аср ичида Ўзбекистонда 3 марта алифбо алмашиб улгурган. Биринчи ҳаракат ўтган асрнинг 1929 йилида бошланган. Ўшанда ўзбек жамияти араб ёзувидан лотин ёзувига ўтган эди (суратга қаранг).

Фото: Википедия

Лекин бу ёзув узоқ турмаган ва 5 йилдан кейин кичик ўзгариш киритилган. Лотин ёзувининг биринчи ҳаётига шу тариқа 1940 йилда хотима ясалган ва шу йилдан то мустақил Ўзбекистон даврига қадар кирилл ёзуви амалда бўлган (суратларга қаранг).

Фото: Википедия
Фото: Википедия

Мустақил Ўзбекистонда яна лотин ёзувига қайтиш ишлари бошланган. Лекин қарийб 30 йилдан бери на тўлиқ лотинга ўтилди, на тўлиқ кирилга. Оқибатда бири иккинчисини рад этаётган икки хил авлод пайдо бўляпти.

Фото: Википедия
Фото: Википедия

Чор Россияси босқини пайтида Фарғона генерал губернатори Михаил Скобелевнинг шундай гапи бор эди: «Миллатни йўқ қилиш учун уни қириш шарт эмас, унинг маданияти, санъати, тилини йўқ қилсанг бас, тез орада ўзи адойи тамом бўлади...».

Ўзбек тили ва ўзбек ёзувини йўқ қилиш фитнаси қарийб бир аср олдин бошланган дейиш мумкин. Фақат орада (1940-1991 йилларда) собиқ иттифоқ кирилл алифбоси орқали ўзбекларни анча саводли миллатга айлантираётган эди. Аммо 90-йиллардан кейин бир-бирини инкор этувчи 2-3 хил авлод пайдо бўлиб улгурди: кирилда ўқиган, кирилл-лотинни баравар ўқиган ва лотинда ўқиган авлодлар...

Энг даҳшатлиси, алифбо масаласида ҳамон бир тўхтамга келингани йўқ, бирор қатъий қарор йўқ, қоида йўқ. Ҳамма ўз билганича ишлатиб юрибди. Тил департаменти бирор ишни қойиллатиб қўйгани йўқ, шунинг учундир балки айни пайтда раҳбарсиз қолди. Бу мавзу жуда узоқ муҳокама қилинди, алифбо алмашса, катта пул сарфланишигача ҳисоблаб чиқилди.

Аслида 2021 йил августдан тўлиқ лотин алифбосига ўтишимиз керак эди, аммо бу яна амалга ошмади. Чунки айрим шахслар ёзувни ўзгартиришни истаб қолди: sh, ch ҳарф бирикмаларини туркчадек битта ҳарфга айлантириш таклиф қилинди. Ҳозир шу масала устида бош қотириляпти.

Яна кимдир нг, х ва ҳ ҳарфларини ҳам ихчамлаштиришни илгари сурди. Бу ҳозирча қуруқ муҳобаса холос, лекин шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди. Чунки фитна назарияси яхши ишлаб турибди. Ҳамма лотиндаги ўзгаришлар билан овора бўлиб турган бир пайтда эса Дин ишлари бўйича қўмита масъули Аброр Мухтор Али дабдурустдан кирилл ёзувига қайтиш ҳақида бонг уриб чиқди.

Энди келажакда нима бўлишини тасаввур қилиб кўринг: бояги 3 хил авлод бир ёзувни ўзлари учун аниқлаб олишларига камида 10-15 йил кетади. СССР қарийб 50 йил давомида кирилл ёзувига асосланган ўзбек тили орқали миллатни саводли қилиб берганди. Яъни қайси ёзувга ўтишдан қатъи назар, бу ишни тезроқ ва қатъийроқ амалга ошириш керак. Лекин афсуски, энди кеч қолдик. Бу 3 хил авлод ўзаро келишиб олиши учун яна камида шунча вақт кетади.

Агар ўзбек тили ва алифбосининг келажагини ўйлайдиган амалдор бўлса ва улар ҳақиқатанам тил ривожини, обрўсини ўйласа, яқин 10-15 йил ичида вазиятни ижобий томонга ўзгартириш имкони бор. Фақат бунинг учун ҳақиқий маърифатпарвар зиёли қатлам вакилларидан комиссия тузилиб, тил ва ёзув қоидалари бўйича яхлит қонуниятлар ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши керак.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари яна норози бўлиши мумкин, аммо уларнинг иши шу, норозилик билдириб ўтириш, чунки кўпчилиги троллардир. Бизга тил ва ёзув қоидаларини яхлитлайдиган ҳақиқий олимлар керак, улар бор, фақат имкон берайлик. Агар ростданам келажагимиз бизни ўйлантирса, қайғуга солса, албатта.

Комментарии 1

Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии

Вход

Заходите через социальные сети