Новости в нашем Телеграм канале Подписаться ×

Пропискасизни ишга олган иш берувчи жазоланиши керак — бу муаммо ҳамон ҳал этилмаган

Пропискасизни ишга олган иш берувчи жазоланиши керак — бу муаммо ҳамон ҳал этилмаган

Фото: «Xabar.uz»

Ўзбекистонда прописка масаласи бир қадар ҳал бўлгандек, одамлар ҳам унутгандек гўё. Тўғри, ишга қабул қилишда ҳеч ким вақтинча ёки доимий прописка сўрамаяпти. Бу ҳақда 2018 йил январдаги Президент фармони асос қилиб олинган.

Сўнг бир муддат «Прописка чекловларини бекор қилиш муддати ўтиб кетганди, аммо бу масъулларнинг «эсидан чиққан» эди. Адлия вазирлиги эса «прописка ҳақидаги ҳужжатни эсдан чиқармаганини» алоҳида таъкидлаганди.

Аммо айрим жойларда иш берувчилар прописка сўраётгани ҳақида хабарлар чиқиб қолди. Нимага? Ахир Президент фармони билан бу нарса бекор қилинган-ку! Кўпчилик шундай ўйлаши табиий эди, чунки ҳамма ҳам президент фармонидан ташқари юридик кучга эга қонун ҳужжатлари борлигини ва унда прописка масаласи эски тартибда қолганини билмайди.

Президентнинг 2018 йил 22 январдаги ПФ–5308-сон фармонининг 10-банди билан вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмаган фуқароларни ишга қабул қилишга бўлган тақиқ, шунингдек, вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаб турган фуқароларни ишга қабул қилганлик учун иш берувчининг жавобгарлиги бекор қилинган. Фармон 2018 йил 23 январдан кучга кирган.

«Вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмаган фуқароларни ишга қабул қилишга бўлган тақиқ, шунингдек, вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаб турган фуқароларни ишга қабул қилганлик учун иш берувчининг жавобгарлиги бекор қилинсин», дейилади фармонда.

Бироқ Меҳнат кодексининг 80-моддасига, шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 2232-моддасига ўзгартиришлар ҳали киритилмаган. Расмий жиҳатдан тақиқ ҳам, масъулият ҳам сақланиб қоламоқда, чунки қонунлар Президент фармонларига нисбатан юқори юридик кучга эга, демоқда «Норма» нашри.

Хўш, ушбу кодексларда нима дейилган? Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 80-моддаси «Ишга қабул қилиш вақтида талаб қилинадиган ҳужжатлар» деб номланади ва унда қуйидаги сўзлар битилган:


«Ишга қабул қилиш вақтида ишга кираётган шахс қуйидаги ҳужжатларни:

— паспорт ёки унинг ўрнини босадиган бошқа ҳужжатни, ўн олти ёшгача бўлган шахслар эса — туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ва турар жойидан маълумотномани;

— меҳнат дафтарчасини, биринчи маротаба ишга кираётган шахслар бундан мустасно. Ўриндошлик асосида ишга кираётган шахслар меҳнат дафтарчаси ўрнига асосий иш жойидан олган маълумотномани;

— ҳарбий хизматга мажбурлар ёки чақирилувчилар тегишинча ҳарбий билетни ёки ҳарбий ҳисобда турганлик ҳақидаги гувоҳномани;

— қонун ҳужжатларига мувофиқ махсус маълумотга ёки махсус тайёргарликка эга шахсларгина бажариши мумкин бўлган ишларга кираётганда олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртини тамомлаганлиги тўғрисидаги дипломни ёхуд мазкур ишни бажариш ҳуқуқини берадиган гувоҳномани ёки бошқа тегишли ҳужжатни тақдим этади.

Ишга қабул қилиш вақтида ишга кираётган шахсдан қонун ҳужжатларида кўрсатилмаган ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.

Ишга кираётган шахснинг паспорти ҳақиқий бўлмаса, худди шунингдек, ишга кираётган шахс вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмаган бўлса ишга қабул қилиш рад этилиши мумкин».


Ана, ҳамма гап шу ерда. Ўзини ҳурмат қилган иш берувчи ёки кадрлар бошлиғи Меҳнат кодексидаги мазкур моддани билса, иш сўраб келган одамни, агар шу талабга жавоб бермаса, ишга олмасликка ҳақлидир. Агар ишга олса, нима бўлади? Бу бўйича Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда жазо бор:


«2232-модда. Ишга қабул қилишда паспорт тизими қоидаларини бузиш

Паспортсиз ёки ҳақиқий бўлмаган паспорт билан фуқароларни, худди шунингдек вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаб турган фуқароларни ишга қабул қилиш — мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса — мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади».


Хўш, унда нима қилиш керак? Энг аввало, ҳар иккала кодексга ўзгартириш киритиш керак. Хўш, Меҳнат кодексига охирги марта қачон ўзгартиш киритилган? 2018 йил 18 апрель куни. Унга кўра, ишга қабул қилишни рад этиш ғайриқонуний ҳисобланадиган ҳолларнинг рўйхати кенгайтирилди. Эндиликда муқаддам судланган шахсларни ишга қабул қилмаслик ёхуд шахсларни уларнинг яқин қариндошлари судланганлиги муносабати билан ишга қабул қилмасликка ҳам йўл қўйилмайди.

Мутасаддилар учун мана янги бошоғриқ! Прописка масаласи тўлиқ ҳал бўлиши учун Меҳнат кодексидаги талабни олиб ташлаш керак. Йўқса, жазога тортилади. Кейин эса Маъмурий жавобгарлик ҳақидаги кодекс ўзгартирилади. Шундагина ишга қабул қилишда прописка масаласи тўлиқ ҳал этилиши мумкин.

Комментарии 0

Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии

Вход

Заходите через социальные сети