Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

БМТ махсус маърузачиси Ўзбекистонга «тафтиш»га келмоқда

БМТ махсус маърузачиси Ўзбекистонга «тафтиш»га келмоқда

БМТнинг уй-жой ҳуқуқи бўйича махсус маърузачиси Балакришнан Ражагопал жорий йил 19-30 август кунлари Ўзбекистонда бўлади. Бу ҳақда халқаро ташкилотнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси хабар берди. 

Балакришнан Ражагопал ташриф давомида Ўзбекистон миллий қонунчилиги ва амалиётда уй-жой ҳуқуқи қай даражада ҳимоялангани, тураржой нархи, яшашга яроқлилиги, коммунал хизматлардан фойдаланиш имконияти ва уй-жойдан мажбурий тартибда чиқариб юбориш масалаларини ўрганади.

Махсус маърузачи, шунингдек, Ўзбекистон томонидан уй-жой ҳуқуқидан барча аҳоли гуруҳлари фойдаланиши учун кўрилаётган чора-тадбирлар, иқлим инқирозининг уй-жой ҳуқуқига бўлган таъсири, аҳолининг уй-жой масалалари ва шаҳарсозлик бўйича қарорлар қабул қилинишида иштирокини тадқиқ этади.

БМТ вакили ташриф давомида Тошкент, Жиззах, Самарқанд ва Бухоро каби шаҳарларга ва улар яқинидаги туманларга, жумладан, талабалар тураргоҳи, оиладаги зўравонликдан қочган ёки бошпанасиз қолган шахслар учун мўлжалланган шелтерларга бориши кутилмоқда. У миллий ва маҳаллий даражадаги амалдорлар, судьялар, фуқаролик жамияти ва бизнес доиралар вакиллари билан учрашади.

Махсус маърузачи Ўзбекистонга ташрифи юзасидан келгуси  йил март ойида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига ҳисобот тақдим этади.

Маълумот ўрнида, БМТ махсус маърузачилари Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг Махсус процедуралар деб номланувчи механизмининг бир қисми саналади. Махсус процедуралар экспертлари ихтиёрий асосда ишлайди, улар ҳар қандай ҳукумат ёки ташкилотдан мустақил бўлиб, ўз шахсий мақомида хизмат қилади.

АҚШдаги нуфузли Массачусетс технология институти профессори Балакришнан Ражагопал 2020 йил 1 майдан буён уй-жой ҳуқуқи бўйича махсус маърузачи вазифасини бажариб келмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг