Европа кенгаши раҳбари Ўзбекистонга ташриф буюради
Европа кенгаши раҳбари Шарль Мишель жорий йил октябрь ойи охирида Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистонга ташриф буюриб, президент Шавкат Мирзиёев билан музокара ўтказади. Бу ҳақда Европа кенгаши раҳбари Twitter тармоғидаги расмий саҳифасида маълум қилди.
«Европа Иттифоқи Марказий Осиё билан алоқаларни чуқурлаштириш ва минтақавий ҳамкорликни қўллаб-қувватлашга тайёр», – деб ёзди у.
Қайд этилишича, Шарль Мишель дастлаб, 26-27 октябрь кунлари Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг таклифига биноан Остонага ташриф буюради ва Марказий Осиё етакчилари учрашувида қатнашади.
28 октябрь куни эса Европа кенгаши раҳбари Тошкентда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан мулоқот қилади.
Аввал хабар берганимиздек, Шавкат Мирзиёев ҳамда Шарль Мишель жорий йил 4 июль куни телефон орқали сўзлашиб, Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари, шунингдек, Қорақалпоғистондаги сўнгги ҳодисаларни муҳокама қилган.
2021 йил май ойида эса Европа кенгаши раҳбари президент Ш.Мирзиёевга мактуб йўллаб, ЕИ Ўзбекистон билан яқин мулоқотни давом эттириш истагида собит эканини яна бир бор тасдиқлаган.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йил 31 май куни Европа кенгашининг аввалги раҳбари Дональд Туск мамлакатимизга амалий ташриф билан келиб, президент Шавкат Мирзиёев билан мулоқот қилган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter