Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Германия канцлерини Ўзбекистонга қандай шамоллар учирди?

Германия канцлерини Ўзбекистонга қандай шамоллар учирди?

“С5+1” форматидаги илк саммит бир йил аввал Берлинда ташкил этилганди.

Фото: picture alliance

Германия канцлери Олаф Шольц 15-17 сентябрь кунлари Марказий Осиёнинг икки йирик давлати – Ўзбекистон ва Қозоғистонда меҳмон бўлади.

Аввал хабар берганимиздек, олмон етакчиси Самарқанд шаҳрида олий даражада музокаралар ўтказади.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарига кўра, Шавкат Мирзиёев ва Олаф Шольц учрашувида савдо-иқтисодий, технологик ва инвестициявий-молиявий шерикликни кенгайтириш, Германиянинг етакчи компания ва банклари билан ҳамкорликни чуқурлаштириш, меҳнат миграцияси, экология, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, туризм каби йўналишларда фаол алоқаларни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Таъкидлаш жоизки, бу Олаф Шольцнинг, умуман, Германия канцлерларининг Ўзбекистонга илк ташрифидир. Ҳозирга қадар мамлакатимизга ташриф буюрган энг юқори мартабали олмон расмийси президент Франк-Вальтер Штайнмайер саналади.

Хўш, О.Шольцни Марказий Осиёга, хусусан, ўзбек заминига қандай шамоллар учирди?

Бундан роппа-роса бир йил аввал Берлин шаҳрида “С5+1” форматида “Марказий Осиё – Германия” биринчи саммити ташкил этилган эди.  

Германия етакчиси ташриф давомида мазкур форматдаги иккинчи саммитда қатнашади. Ташқи сиёсат бўйича олмон жамияти эксперти Штефан Майстернинг фикрича, музокараларда бизнес ва ишбилармонлик масаласи марказий ўрин тутади. Буни канцлерга каттагина иқтисодий делегация ҳамроҳлик қилаётгани ҳам тасдиқлайди.

Жорий йил июнь ойида Германия ҳукумати Ўзбекистон билан мамлакатдан мажбуран чиқариб юбориладиган афғонлар масаласида музокара олиб бораётгани хабар қилинган эди.

Маълум бўлишича, Германия ички ишлар вазирлиги делегацияси Тошкентга музокара учун келган. Расмий Берлин депортация қилиниши лозим бўлган афғонларни аввал Тошкентга юбориб, сўнгра хусусий авиаширкат учоқларида Кобулга жўнатиш ниятини билдирган.

Расмий Тошкент Берлин ташаббусини қўллаб-қувватлаган. Бунинг эвазига Германиядан Ўзбекистон фуқаролари учун меҳнат муҳожирлигини қулайлаштирувчи битим тузиш талаб қилинган.

DW нашрига кўра, Шольцнинг ташрифи доирасида Германия ва Ўзбекистон ўртасида миграция бўйича битим имзоланиши мумкин.

Германия Европа Иттифоқи аъзоси сифатида Марказий Осиё билан ҳамкорликни янада кучайтиришни таклиф этиб келади. Айниқса, Россиянинг Украинага тажовузи ортидан минтақанинг дунё геосиёсатидаги роли янада кучайди. 

Германия учун энергетика йўналиши муҳим аҳамият касб этади. Reuters агентлиги чоп этган таҳлилий мақолада қайд этилишича, Шольцнинг Марказий Осиёга сафаридан кўзланган мақсадлардан бири янги бозорлар ва қўшимча энергия, углеводород манбаларини топишдан иборатдир. Украина босқинидан кейин Россия билан олди-сотдига чеклов жорий этган  Германия айни пайтда Қозоғистондан нефть харид қилмоқда. Берлин Остонанинг газ захираларига ҳам бефарқ эмас.

Олмон давлати Ўзбекистон билан ҳам энергетика ва савдо-инвестиция соҳаларида ҳамкорликни кучайтирмоқчи. 

TRT’га кўра, Германия сўнгги йилларда ўз ташқи сиёсатини кўп қутбли дунё тамойилига асосан қайта кўриб чиқмоқда. Бу борада эса Марказий Осиё ҳам алоҳида ўрин тутади. 

Германия Европа ва Марказий Осиёни боғловчи Транскаспий халқаро транспорт йўналишига қизиқиш билдирмоқда. Ушбу лойиҳа учун Берлин 10 миллиард евро кредит ваъда қилган.

Ўзбекистонга эса 9 миллиард евро сармоя киритилиши кўзда тутилган. 

TRT Германия канцлерининг ташрифи минтақада Россия ва Хитойнинг таъсирини камайтиришга ҳам қаратилганини урғулайди.

О.Шольц Марказий Осиё етакчилари билан учрашувда Россиянинг Украинага қарши уруши ва унинг оқибатларини ҳам муҳокама қилиши кутилмоқда.

2023 йили Германиянинг Қозоғистон билан савдо айланмаси 8,7 миллиард еврони, Ўзбекистон билан эса 1,2 миллиард еврони ташкил этди.

Эксперт Якопо Мария Пепе DW’га берган интервьюсида Марказий Осиё ва Германия муносабатларида ҳали ишга солинмаган имкониятлар кўплиги, Берлин саммитида белгиланган мақсадларни амалга ошириш сустроқ кечаётганини айтади. Бунга эса ҳуқуқий  мавҳумлик, бозор ислоҳотларининг жадал эмаслиги ва Германия томонининг Марказий Осиёнинг ўзига хослигини тўлақонли билмаслиги сабаб бўлмоқда.  Қолаверса, сиёсий беқарорлик, Россияга қарши жорий этилган санкцияларга тушиб қолиш хавотири ҳам олмон сармоядорларини минтақага инвестиция киритишда тараддудга туширмоқда.

Таҳлилчи Штефан Майстернинг фикрича, Германия канцлерининг минтақага сафар қилишининг ўзи катта рамзий маъно касб этади. Юзма-юз мулоқотлар эса очиқ қолаётган саволларга жавоб топиш, ҳамкорлик даражасини оширишга хизмат қилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг