Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Ирода бўлса, йўл ҳам топилади» – ЕИ элчиси Ўзбекистон билан ҳамкорлик истиқболи ҳақида

«Ирода бўлса, йўл ҳам топилади» – ЕИ элчиси Ўзбекистон билан ҳамкорлик истиқболи ҳақида

Элчи Ш.Адриан. Фото: ЕИ делегацияси.

Европа Иттифоқи илгари Ўзбекистонни фақат қишлоқ хўжалиги йўналишидаги ислоҳотлар борасида қўллаб-қувватлаган бўлса, эндиликда ҳамкорлик уфқи анча кенгайди, дейди ЕИнинг юртимиздаги элчиси Шарлотта Адриан.

Дипломат Тошкентда Ўзбекистон Республикаси ва Европа Иттифоқи ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги ҳамда Европа куни муносабати билан ташкил қилинган анжуманда нутқ сўзлади.

«Европа Иттифоқи Ўзбекистонни мустақилликка эришганидан бери қўллаб-қувватлаб келмоқда ва бизнинг шериклигимиз кенгайиб, чуқурлашиб, умумий тамойиллар ва манфаатларга асосланган кўп қиррали ҳамкорликка айланиб бормоқда. Демократия ва қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқлари, самарали бошқарув, иқтисодий ривожланиш ва минтақавий ҳамкорлик… Биз яшил иқтисодиётга ўтиш ва рақамлаштиришнинг барча жиҳатлари бўйича ҳам ҳамкорлик қиламиз», – деди Шарлотта Адриан хоним.

Томонлар ўртасида иқтисодий алоқалар тобора мустаҳкамланмоқда. 2023 йил 22 ноябрь куни Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи Преференцияларнинг бош тизими (GSP+) бўйича бенефициар мақоми яна тўрт йилга, яъни 2027 йил 31 декабрга қадар узайтирилди.

GSP+ тизими ўзаро савдо-иқтисодий робиталарни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини урғулаган дипломат Брюссель Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзолигини дастаклашини яна бир бор таъкидлади.

Тадбирда Ўзбекистон президентининг ёрдамчиси С.Мирзиёева ва бош вазир ўринбосари Ж.Қўчқоров қатнашди. Foto: Telegram / Saida Mirziyoyeva.

«Биз Ўзбекистоннинг ЖСТга киришини қўллаб-қувватлашни давом эттирамиз. Cтандартларга мослашишдаги улкан саъй-ҳаракатларни кўрмоқдамиз. Бунинг учун вақт кераклигини биламиз, айни чоқда, «Ирода бўлса, йўл топилади» деган нақлга ишонамиз. Биз шу тарзда қўллаб-қувватлашда давом этамиз», – деди нотиқ.

Жумладан, Global Gateway мамлакатлар, бозорлар ва энг муҳими, одамлар ўртасида янада мустаҳкам ва барқарор ривожланишга сармоя киритиш учун ишга туширилди. Транскаспий транспорт коридори, шунингдек, «Digital Team Europe» ташаббуси кўпроқ минтақавий ҳамкорлик учун имкониятлар яратиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатлардир.

Жорий йил 5 апрель куни ЕИ ва Ўзбекистон ўртасида жуда ҳам муҳим бўлган хомашё (CRM) соҳасида барқарор нарх-наво занжирини ривожлантиришга қаратилган Англашув баённомаси имзоланди.

Элчига кўра, бу Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланишини қўллаб-қувватлаш, Европа хусусий сармояларини кўпайтириш, қўшимча қиймат ва иш ўринларини яратиш учун алоқаларни чуқурлаштиришга бўлган биргаликдаги интилишнинг яна бир белгисидир.

Дипломат Европа куни муносабати билан Тошкентда сўнгги бор нутқ сўзлаётганини таъкидлаб, ҳукумат, парламент, фуқаролик жамияти вакиллари ва барча ҳамкорларга самимий миннатдорлик билдирди.

«Сиз барчангиз менинг бу ерда бўлишимни шиддатли, динамик ва ниҳоятда қизиқарли қилдингиз ва мен унинг ҳар бир дақиқасидан завқ олдим. Ўзбек халқига меҳмондўстлиги, дўстона муносабати, ҳазилкашлиги ва очиқ қалби учун миннатдорлик билдирмоқчиман. Қадимги ўзбек мақолида шундай дейилган: «Кўнгли очиқнинг қўли очиқ, қўли очиқнинг йўли очиқ». Ушбу ажойиб мамлакатдалигим давомида бу ёндашув ва муносабат мени тўлақонли қамраб олди», – деди ЕИ элчиси Шарлотта Адриан миннатдорлик билан.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг