Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Президент «Обод қишлоқ» дастури тўғрисида фармонни имзолади

Президент «Обод қишлоқ» дастури тўғрисида фармонни имзолади

Фото: «Nuz.uz»

Президент Шавкат Мирзиёев «Обод қишлоқ» дастури тўғрисида фармонни имзолади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Ҳужжатда айтилишича, мамлакатнинг бой ва қадимий тарихидан маълумки, аждодларимиз томонидан маҳаллаларни ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишларини амалга ошириш энг бебаҳо қадрият ва анъаналардан ҳисобланади. Мазкур қадриятларни изчил давом эттирган ҳолда кенг кўламли бунёдкорлик ишларини барча ҳудудларда амалга ошириш орқали қишлоқ аҳолиси учун муносиб шароитлар яратиш ва уларнинг турмуш маданиятини янада юксалтириш, энг асосийси, ёшларни хайрли ишларга даъват этиш алоҳида аҳамият касб этади.

Шу билан биргаликда, аҳолининг 49 фоизи яшайдиган қишлоқ жойларда салмоқли демографик, меҳнат ва иқтисодий салоҳият жамланишига қарамасдан, улар учун зарурий шароитлар яратиб берилмаган, турмуш даражаси ва сифатини оширишга етарлича эътибор қаратилмаган. Жумладан, сўнгги йилларда пахта, ғалла ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда ҳиссаси юқори бўлган деҳқон-фермерларнинг ва бошқа тоифадаги аҳолининг ҳаётий-маиший эхтиёжлари тўлиқ таъминланмаган.

Бундай ҳолат қишлоқ аҳоли пунктларини тубдан қайта янгиламасдан ва уни ижтимоий-иқтисодий ривожлантирмасдан, мамлакатни замонавий ривожланган давлатга айлантиришга тўсиқ бўлмоқда. Хусусан, ҳудудларга ташрифлар жараёнида жойлардаги ҳақиқий аҳвол билан танишиш, бевосита маҳалла ва хонадонларга кириб бориш ҳамда аҳоли билан мулоқот натижалари қуйидаги тизимли муаммолар мавжудлигини кўрсатмоқда.

Шулардан келиб чиққан ҳолда:

  • 1 апрелдан бошлаб республиканинг ҳар бир тумани ва шаҳарида, авваламбор, олис ва табиий иқлим шароити оғир ҳудудларда 2018 йилда 2 тадан ва келгуси йилларда 3 тадан қишлоқ (маҳалла)да аҳолининг яшаш шароитларини тубдан яхшилаш, турмуш тарзи ва даражасида сезиларли ижобий ўзгаришларни таъминлашга, мазкур қишлоқ (маҳалла)ларнинг қиёфасини замонавийлаштиришга ва унда истиқомат қилувчилар учун иш ўринларини яратишга қаратилган «Обод қишлоқ» дастури (кейинги ўринларда дастур деб аталади) амалга оширилади.

Дастурнинг устувор мақсадлари ва харажатларнинг асосий манбалари:

  • республика бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларидан ажратиладиган маблағлар ҳисобига аҳолини ишончли тарзда ичимлик суви билан таъминлаш, сизот сувлар сатҳини пасайтириш, қишлоқларни туман маркази билан боғлайдиган йўлларни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш, шунингдек, лизинг асосида қишлоқ ва туман маркази орасида автобус қатновини йўлга қўйиш;
  • маҳаллий бюджетлар маблағлари ҳисобидан қишлоқ ички йўллари ва пиёдалар йўлакларини барпо этиш ва таъмирлаш, йўл бўйларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, санитария иншоотлари ва ирригация тизимларини барпо этиш, транспорт тўхташ бекатларини қуриш;
  • халқаро молия институтларининг кредитлари ҳамда корхоналарнинг ўз маблағлари ҳисобига электр таъминотини яхшилаш, алоқа тизимини модернизация қилиш, аҳолига суюлтирилган газ ва кўмир ёқилғисини узлуксиз етказиб бериш;
  • ижтимоий аҳамиятга эга бўлган хизматларни тубдан яхшилашга эътибор қаратиш, бунда боғча, мактаб ва оилавий поликлиникаларни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш ҳамда тегишли харажатларнинг ярмини республика бюджети ва мақсадли жамғармалар ҳамда қолган қисмини маҳаллий бюджет ва маҳаллий ҳомийлар ҳисобидан молиялаштириш;
  • бозор инфратузилмаси объектларини ва сервис шохобчаларини, жумладан, ҳаммом ва кичик бозор шохобчаларини тадбиркорларнинг ўз маблағлари, тижорат банкларининг кредитлари ва халқаро молия институтларининг кредитлари ҳисобидан барпо этиш;
  • уй-жойларни таъмирлашда хонадон эгаларига амалий ёрдам кўрсатиш, авваламбор, қурилиш материаллари билан марказлашган ҳолда таъминлаш, бу жараёнда кенг миқёсда ҳашар усулларини қўллаш ҳисобига ҳовли ва атроф ҳудудларни ободонлаштириш, ариқларни тозалаш, оқова сув хандакларини барпо этиш ҳамда муҳтож оилалар учун ҳомийлар ва иш берувчи корхоналар маблағлари ҳисобидан уй қуриб бериш (таъмирлаш) ва бошқалар.

Қуйидагилар «Обод қишлоқ» дастурида белгиланган тадбирларни молиялаштириш манбалари ҳисобланади:

  • республика бюджети ва мақсадли жамғармалар маблағлари;
  • маҳаллий бюджет ва унинг қўшимча маблағлари;
  • тармоқ корхоналарининг маблағлари;
  • халқаро молия институтлари ва хорижий давлатларнинг грант маблағлари;
  • «Маҳалла» жамғармасининг ва бошқа ташкилотларнинг ҳомийлик хайриялари;
  • ташаббускор тадбиркорлар маблағлари;
  • ҳашарлар ва хайрия тадбирларини ўтказиш ҳисобидан тушадиган маблағлар;
  • Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари;
  • қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.

«Обод қишлоқ» дастурига киритилган объектларни сифатли ва арзон қурилиш материаллари билан таъминлаш мақсадида металл прокати, цемент, норуда материаллари, ғишт, темир-бетон маҳсулотлари, эшик, дераза ромлари, лок-бўёқ, шифер ва шу каби бошқа асосий турдаги маҳаллий қурилиш материалларини ишлаб чиқариш учун корхоналарга газ ва электр энергияси 2018 йил 1 майдан бошлаб «Ўзтрансгаз» АЖ ва «Ўзбекэнерго» АЖ томонидан аҳоли учун белгиланган нархларда етказиб берилади.

Фармоннинг ижросини назорат қилиш бош вазир А.Н.Арипов ва Президентнинг давлат маслаҳатчиси Т.А.Худайбергенов зиммасига юкланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг