Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон Россияга нота юборди

Ўзбекистон Россияга нота юборди

Ўзбекистоннинг Владивосток шаҳридаги бош консулхонаси мамлакатимиз фуқароларининг калтакланиши юзасидан Россия ваколатли идораларига нота юборди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Владивостокдаги бош консули Юсуф Қобулжонов маълум қилди.

“Ҳолат аниқланган заҳоти Ўзбекистоннинг Владивосток шаҳридаги бош консулхонаси ходимлари ташаббуси билан жабрланган фуқароларимиз билан тезкор алоқа ўрнатилиб, уларга зарур ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, фуқароларимиз томонидан Владивосток шаҳри ички ишлар бошқармасига расмий ариза топширилди ҳамда Россия ташқи ишлар вазирлигининг Владивостокдаги ваколатхонасига ва Приморск ўлкаси прокуратурасига мазкур масала юзасидан барча тегишли чораларни кўриш зарурлиги ҳақида ноталар юборилди”, – деб ёзди бош консул.

Ҳодиса Ўзбекистоннинг бош консулхонаси ва Россия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан алоҳида назоратга олингани таъкидланган.

Гап шундаки, яқинда ижтимоий тармоқларда владивостоклик маҳаллий ёшлар Ўзбекистон фуқароларини калтаклагани ва таҳқирлагани акс этган видео тарқалган эди.

“Новая газета” нашри ўзбекистонликларга ҳужум қилган ёшларни “миллатчилар” деб атаган.

Россия матбуотининг хабар қилишича, Приморье ўлкаси Тергов қўмитаси Владивостокда Ўзбекистон фуқаролари калтаклангани ва ҳақорат қилингани юзасидан жиноий иш қўзғатди.

Қайд этилишича, Хабаровск кўчасида 10 сентябрга ўтар кечаси юз берган безорилик ҳаракатларида гумон қилинаётган шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 213-моддаси (безорилик) билан иш очилган.

Тергов версиясига кўра, маст ҳолатда бўлган ўсмирлар тўхтаб турган автомобилга ҳеч қандай сабабсиз шикаст етказган, йўловчиларга ҳужум уюштирган.

Тергов идораси гумонланувчиларнинг шахси аниқланиб, улардан бири қўлга олингани, икки нафари эса қидирилаётганини маълум қилган.

Жамоат фаоли ва собиқ депутат Расул Кушербоев “Уларнинг айби – марказий осиёлик мигрантлар бўлишгани”, деб ҳисоблайди.

“Билдирилишича, мигрант сифатида Россия ички ишларига мурожаат қилиш бефойда ва қўрқинчли”, – деб ёзди Р.Кушербоев ҳолат юзасидан таассуф билдирар экан.

Таҳлилчи Муҳаммадқодир Собировнинг фикрича, Россияда борган сари ўзбекларга нафрат ошиши сабаб бу – Владимир Путин ҳукумати тарғиботи натижасидир.

“Халқни чалғитиш, барча муаммоларга айбдор қилиб кўрсатиш учун мигрантлар нишонга олинди. Украинада шарманда бўлиб, бутун дунёда яккаланган халқнинг агрессиясини чиқаришга бир эрмак керак эди. Ва бу эрмак, афсуски, марказий осиёлик мигрантлар бўляпти. Владивостокда 2010 йилда туғилган, она сути оғзидан кетмаган болаларнинг ўзбек мигрантини калтаклаши, бу Путиннинг илк зомбилари етишиб чиққанини кўрсатади... Бу арзандалар қаердан “дух” топди? Чунки улар ОМОН мигрантларни аямай урганини деярли ҳар ҳафта кўради. ТВ ва ижтимоий тармоқларда мигрантлар Россияга қанчалик зарар келтираётганини эшитади. Мигрантларни ҳақорат қилиб, калтаклаб, лекин ҳеч қандай жазо олмаган ватандошларини кўради”, – дея мулоҳазалари билан ўртоқлашган Муҳаммадқодир Собиров.

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги сентябрь ойи бошида Москва вилоятининг Химки шаҳрида ўзбекистонлик такси ҳайдовчиси ҳақорат қилингани, жумладан, “Сен русларнинг қулисан!” деб таҳқирлангани юзасидан ҳам Россия томонига нота жўнатганди.

“Ўзбекистон фуқаролари дунёнинг қайси нуқтасида бўлишидан қатъи назар, давлатимиз ҳимоясида ҳисобланади. Агар ҳуқуқ ва эркинликларингиз, қонуний манфаатларингиз ёки шаънингиз хорижда бузилса, дарҳол ўша мамлакатнинг ваколатли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига, шунингдек, Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхоналари ёки консуллик муассасаларига мурожаат қилишингизни сўраймиз”, – деган эди ТИВ матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов ўшанда.

Ҳозирча мазкур нота натижаси юзасидан маълумот берилмаган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг