Ўзбекистон ва АҚШ инвестиция платформасини йўлга қўймоқда
Вашингтон шаҳрига ташрифнинг ишбилармонлик тадбирлари давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ Экспорт-импорт банки президенти ва раиси Жон Йованович ҳамда Халқаро молиявий тараққиёт корпорацияси (DFC) бош ижрочи директори Бэн Блэкни қабул қилди.
Ўтган йили Президент Доналд Трамп билан бўлиб ўтган музокаралар АҚШ ишбилармон доиралари билан савдо-инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиришга кучли туртки бергани таъкидланди.
Ишбилармонлик кенгаши фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва устувор лойиҳаларни тизимли илгари суриш учун Инвестиция платформасини ишга туширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Эксимбанк билан ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинди. Йирик саноат ва инфратузилмавий лойиҳаларни молиялаштиришни кенгайтириш ҳамда юқори технологияли ускуналар етказиб беришни қўллаб-қувватлаш шулар жумласидан.

DFC раҳбарияти билан суҳбатда инвестициявий ҳамкорлик механизмларини мустаҳкамлаш муҳимлиги таъкидланди. Корпорациянинг йирик миллий ва минтақавий лойиҳаларда иштирок этиш, молия бозори ва энергетика тармоғини ривожлантириш бўйича режалари қўллаб-қувватланди.
Ўзбекистон Президенти АҚШ томонини Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этишга таклиф қилди.
Учрашув якунида давлатимиз раҳбари ҳузурида ташриф давомида имзоланган Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида инвестиция платформасини ташкил этиш тўғрисидаги битим алмашилди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter