Шавкат Мирзиёев Бухорога ташрифини якунлади
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Когон туманидаги чиқиндини қайта ишлаш корхонасини бориб кўрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Тўрт юздан зиёд ишчи меҳнат қилаётган корхона бугунги кунда Бухоро ва Когон шаҳарлари, Бухоро, Когон туманларидаги маиший чиқиндиларни ташиб келтирмоқда. Кейинчалик корхона фаолиятини кенгайтириб, вилоятнинг барча ҳудудларида пайдо бўладиган чиқиндиларни йиғиб келтиришни режалаштирган.
Президент кластернинг мазкур режаларини маъқуллади.
— Шу пайтгача бу масала билан ҳеч ким шуғулланмаган эди, — деди Шавкат Мирзиёев. — Чиқинди қайта ишланса, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарилади, кўплаб иш ўринлари яратилади. Энг муҳими, экологиямиз тоза бўлади, кейинчалик сув ва ҳаво орқали аҳоли саломатлигига етказилиши мумкин бўлган зарарнинг олди олинади.
Корхона атрофидан ишчилар учун уй-жой, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси, ёпиқ сузиш ҳавзаси, шифохона, спорт майдончаси, автотураргоҳ, уларнинг фарзандлари учун мактаб ҳамда мактабгача таълим муассасаси қуришни мўлжалламоқда.
Давлат раҳбари корхона ташаббускорлари ва жамоасига миннатдорлик билдирди. Чиқинди йиғиш қамрови ва қайта ишлаш қувватини янада кенгайтириш, шундай корхоналарни бошқа жойларда ҳам ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берди.
Шунинг билан Президент Шавкат Мирзиёвнинг Бухоро вилоятига ташрифи ниҳоясига етди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter