Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Туркий давлатлар етакчилари Туркистоннинг тарихий марказида бўлди

Туркий давлатлар етакчилари Туркистоннинг тарихий марказида бўлди

Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммити доирасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар делегациялари раҳбарлари билан биргаликда Туркистон шаҳрининг тарихий-маданий марказига ташриф буюрди.

Олий мартабали меҳмонлар Марказий Осиёдаги ислом меъморчилигининг энг йирик ёдгорликларидан бири саналган Хожа Аҳмад Яссавий мақбарасини зиёрат қилди.

Маълум қилинишича, XIV аср охирида Амир Темур фармойиши билан барпо этилган ушбу мақбара бугун ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Мажмуа 1389–1391 йилларда қурила бошланган бўлиб, уни барпо этишда Мовароуннаҳр усталари ва бошқа ҳудудлардан келган меъморлар иштирок этган.

Ташриф давомида давлат раҳбарлари буюк сўфий шоир ва мутафаккир Хожа Аҳмад Яссавий хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

Шунингдек, делегациялар раҳбарлари «Ҳазрат Султон» музей-қўриқхонасининг ташрифлар маркази билан ҳам танишди. Марказда Туркистоннинг бой тарихий-маданий меросини намойиш этиш учун замонавий шароитлар яратилган.

Экспозициядан XIV–XV асрларга оид ноёб тарихий ёдгорликлар, ўрта асрлар меъморий безаклари, кулолчилик намуналари, Хожа Аҳмад Яссавий мақбарасининг асл эшиги, Амир Темур ҳадя қилган бронза шамдонлар ва бошқа қимматли экспонатлар ўрин олган.

Тадбир давомида бундай тарихий ёдгорликлар ва маданий лойиҳалар қардош халқлар ўртасидаги умумий тарихий хотира, маънавий мерос ва муштарак қадриятларни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг