Жавоҳирни Шавкат Мирзиёев табриклади ва унга уч хонали уй берилди
Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида бўлиб ўтган «First Saturday GM» халқаро турнирида иқтидорли шахматчимиз Жавоҳир Синдаров учинчи гроссмейстерлик талабини бажаргани ва 12 ёшида жаҳоннинг энг ёш халқаро гроссмейстерига айлангани ҳақида хабар бергандик.
Жавоҳир Синдаров юртимизда муносиб кутиб олинди. Президент Шавкат Мирзиёев жаҳоннинг энг ёш халқаро гроссмейстери Жавоҳир Синдаровга табрик йўллади.
Табрикномада шундай сўзлар бор:
«Бундай улкан эътироф юртимиз ёшларининг барча соҳаларда, жумладан, ақл-заковат мусобақаси бўлган шахмат бўйича ҳам катта марраларни забт этишга қодир эканини яна бир бор яққол намоён этмоқда.
Айни вақтда бу тарихий воқеа ўзининг буюк илмий кашфиётлари, маънавий-интеллектуал салоҳияти ва тафаккури билан дунёни ҳайратга солган улуғ алломаларимизнинг муносиб вакиллари юртимиздан етишиб чиқаётганини кўрсатади.
Ишончим комил, сен эришган бу юксак натижа минг-минглаб ўғил-қизларимизни маррани доимо баланд олиб, ўз кучи, билими ва истеъдодига ишониб, турли соҳаларда катта ғалабаларни қўлга киритишга интилиб яшашга руҳлантиради».
Шундан сўнг, Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Жаҳонгир Ортиқхўжаев Жавоҳирга Сергели тумани, Чорбоғ маҳалласидаги 102-уйнинг 3 хонали хонадони калитини тантанали равишда топширди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter