Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Men G‘olib Run» ватанпарварлик югуриш мусобақаси бўлиб ўтди

«Men G‘olib Run» ватанпарварлик югуриш мусобақаси бўлиб ўтди

Бугун мамлакат бўйлаб «Men G‘olib Run» ватанпарварлик югуриш мусобақасининг босқичлари бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Республикасининг 14 та шаҳрида ўтказилиб, унда қарийб 40 минг нафар иштирокчи қатнашди.

Оммавий стартларда ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва куч тузилмалари ходимлари, вазирлик ва идоралар ҳузуридаги ихтисослаштирилган таълим муассасалари курсантлари, вилоятлар, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ходимлари, профессионал спортчилар, югуриш ихлосмандлари ҳамда мамлакатнинг турли ҳудудларидан келган аҳоли вакиллари иштирок этди. Югуриш мусобақалари қаҳрамонлар хотирасини эъзозлаш ва соғлом турмуш тарзини оммалаштиришга бағишланди.

Тадбирда Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати, Божхона қўмитаси жамоалари, шунингдек, Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси вакиллари иштирок этди.

Мусобақа якунларига кўра, 10 километр масофада жамоавий биринчиликда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги жамоаси 32:52 ўртача натижа билан ғолиб бўлди. 10 километр масофада шахсий ҳисобда эса Ички ишлар вазирлиги вакили Андрей Петров 29:15 натижа билан ғалаба қозонди.

«Men G‘olib Run» Ўзбекистондаги энг йирик оммавий спорт-ватанпарварлик лойиҳаларидан бирига айланиб, минглаб инсонларни хотира, куч, бирдамлик ва Ватан ҳимоячилари жасоратига ҳурмат ғояси атрофида бирлаштирди.

Тадбирлар Спорт вазирлигининг умумий мувофиқлаштируви ҳамда Ўзбекистон Республикаси Енгил атлетика федерациясининг фаол кўмаги билан ташкил этилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг