Миландаги «Сан Сиро» стадионида Олимпиада-2026 очилиш маросими бўлиб ўтди (фото)
Миландаги «Сан Сиро» стадионида 2026 йилги қишки Олимпия ўйинлари тантанали равишда очилди.
Қишки олимпиаданинг бош мавзуси — «Армони» (италянчадан таржимаси — «Уйғунлик»). Саҳналаштирилган томошаларда италян ва Олимпиада анъаналари ва тарихи акс эттирилди. Италия ўз тарихида тўртинчи Олимпиадага мезбонлик қилмоқда. Охирги марта Италиянинг Турин шаҳри 2006 йилда Қишки ўйинларни ўтказган.
Кечага таклиф этилган бош юлдуз америкалик қўшиқчи Мэррайя Кэрри бўлди. У италян тилида Volare ҳамда ўзининг Nothing Is Impossible қўшиқларини ижро этди.
Олимпия ўйинларида спортчилар илк маротаба бир вақтнинг ўзида тўртта жойда саф тортиб ўтишди — турнир географияси туфайли ҳамма атлетлар Миланда иштирок эта олмади. Эслатиб ўтамиз, Олимпиада Италия шимолидаги олтита шаҳарда бўлиб ўтади.
Италиядаги 2026 йилги Олимпия ва Паралимпия ўйинларининг тимсоли — Тина ва Мило лақабли оқсувсарлар. Уларнинг номлари Кортина-д’Ампеццо ва Милан шаҳарларига ишорадир.
Томошабинлар Италия мусиқаси классиклари — Россини, Пуччини ва Верди билан таништирилди.
Моделер Жоржио Армани хотирасига бағишланган модалар намойиши бўлиб ўтди (У 2025 йил сентябрида вафот этган). Яшил, оқ ва қизил ранглардаги моделларнинг учта гуруҳи Италия байроғини ифодаловчи ҳаракатланувчи композицияда саф тортди.
Қишки ўйинлар ташкилий қўмитаси президенти Жавани Маладо ўз нутқида дунёни тинчликка чорлади: «Жаҳоннинг катта қисми низолар билан бўлинган бир пайтда, сизнинг иштирокингизнинг ўзи бошқа дунё мумкинлигини кўрсатади. Ва бу бирдамлик, ҳурмат ва ҳамжиҳатлик дунёсидир». У сўзини «Ҳеч қачон италиялик эканлигимдан бугунгидек фахрланмаганман», дея якунлади.
Халқаро олимпия қўмитаси президенти Кирсти Ковентри ўзи учун илк Олимпиадани очиб берди: «Мен туғилган Африкада «Убунту» деган сўз бор. У «Мен борман, чунки биз бормиз» деган маънони англатади. Бир-биримизга ёрдамлашиб кўтариляпмиз. Бизнинг кучимиз бир-биримизга ғамхўрлик қилишдан келиб чиқади».
Ковентрининг чиқишидан сўнг Италия президенти Сержо Маттарелла ўйинларга расмий старт берди. У минбарларда ўтирган кам сонли биринчи шахслардан бири бўлди. Хусусан, АҚШ терма жамоасини Доналд Трамп эмас, вице-президент Жей Ди Вэнс олқишлади. Кейинги қишки Олимпиада мезбони — Франция президенти Эммануэл Макрон ҳам маросимга келмади (хабарларга кўра, айнан Жей Ди Вэнс билан учрашмаслик учун шундай қилган — таҳр.).
Расмийлардан сўнг Италия ва жаҳон операси юлдузи Андреа Бочеллининг композицияси остида Олимпия машъаласи эстафетаси якунланди: Италия футболи афсоналари Франко Бареззи ва Жузеппе Бергоми машъалани Италия терма жамоаси волейболчи қизларига, улар эса терма жамоа волейболчи йигитларига топширдилар.
Маросим якунида Голливуд актрисаси Шарлиз Терон саҳнага кўтарилди. У Жанубий Африка Республикаси фуқароси сифатида Нелсон Манделанинг нутқини ўқиб берди ва яна бир бор дунёда тинчлик масаласини тилга олди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter