Ўзбекистонда «шахмат мафияси» қандай яратилди?
Ўзбекистон жаҳон шахматидаги бундай устунликка қандай қилиб эришди? Шахматга ихтисослашган «e2e4» канали ушбу саволга жавоб излаб кўрди.
Ўттиз саккиз миллион аҳолига эга мамлакат 2022 йилдан бери гигантлар уддалай олмаган ишни қилмоқда. Улар шунчаки олимпиадани ютибгина қолмай, конвейер каби вундеркиндларни етиштирадиган тизимни яратдилар. Бугун биз бу тизимни ипидан игнасигача кўриб чиқамиз. Уч қаҳрамон, уч тақдир, бир мақсад – шахмат тожи!
Агар Ўзбекистоннинг бугунги олтин авлодини тасодиф деб ўйласангиз, қаттиқ адашасиз. Буни тушуниш учун ўтмишни билиш керак. Ўзбекистонда 2004 йили ақлбовар қилмас воқеа юз берди. Тошкентлик Рустам Қосимжонов исмли ёш йигитга ҳеч ким жиддий қарамаган эди, аммо у Триполидаги жаҳон чемпионатига бориб, ғолиб бўлди. Бу Ғарб учун шок ҳолат эди. Ўшанда бу бошқа ҳеч қачон такрорланмайдиган бир марталик чақнаш, ягона ҳолатдек туюлганди. Аммо ўша пайтда Ўзбекистон ҳукумати ҳақиқий шахмат салтанатини қуришга қатъий қарор қилди.
Тошкентда давлат раҳбари ташаббуси билан республика ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар шахмат мактаби очилади. Бу оддий тўгарак эмас, электрон доскалар, компютерлар ва дунёнинг исталган рақиби билан онлайн ўйинлар ўйнаш имкониятига эга бўлган юзлаб ўринли сарой эди.
2017 йили ФИДЕ бу мактабни минтақадаги энг яхшиси деб тан олади. «Бу спорт эмас, давлат сиёсати», — дея таърифлаган эди Россия шахмат федерацияси президенти Андрей Филатов мактабга ташрифидан сўнг. Европада шахмат бой ота-оналарнинг фарзандлари учун шунчаки хоббига айланиб бораётган бир пайтда, Ўзбекистонда исталган маҳалладан чиққан болакайни бу интеллект масканига етаклаб келишади. У ерда овқатлантиришади, машқ қилдиришади ва бунинг ҳаммаси бепул. Мана, пойдевор. Энди эса бу пойдевор қандай натижаларга асос бўлганини кўринг.
Нодирбек Абдусатторов. У энг каттаси ва ҳозирги кунда энг совриндори. 8 ёшида мактаб ўқувчилари ўртасида жаҳон чемпиони. 17 ёшида эса ҳақиқий тарих яратади: рапид бўйича Жаҳон чемпионатида ғолиб чиқади. Ярим финалда у бир неча йилдан сўнг шахмат тожи учун курашадиган Ян Непомняшийни мағлуб этади. Энг муҳими, гуруҳда у Магнус Карлсенни ҳам доғда қолдиради. Ўшанда шахмат олами ҳайратда қолганди. Ким бу ўзбек йигити?!
Жавоҳир Синдаров. Даъвогарлар турнирида барча номдор рақибларини кўрдим демасдан, жаҳон чемпионлиги сари шаҳдам қадам ташлаётган йигит.
Нодирбек Ёқуббоев. Уни кўпинча учликдаги ортиқча шахматчи деб аташади, аммо бу нотўғри, чунки айнан Ёқуббоев бу жамоадаги фаворитларнинг бош кушандаси. Босиқ, совуққон, ҳиссиётларга берилмайди. Рейтингда у, тўғри, бироз пастроқда, лекин бу унинг кучсиз эканини англатмайди.
Айнан шу учлик 2022 йили имконсиз туюлган ишни амалга оширган жамоанинг асосий ўзагига айланишганди.
2022 йил август. Ҳиндистон, Ченнай, 44-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси. 188 жамоа, жаҳон даражасидаги юлдузлар. Ўзбекистон – турнирдаги энг ёш терма жамоа. Ўртача ёш – 19. Уларнинг жуда бўлса ўнликдан жой эгаллашини башорат қилишади, ундан ортиғини эмас. Лекин улар нима қилишади? Бутун турнир давомида бирорта ҳам ўйинда ютқазишмайди! Саккизта ғалаба, учта дуранг ва ҳақли чемпионлик!
Президент Шавкат Мирзиёев уларга шахсан қўнғироқ қилиб, шундай дейди: «Сизлар – бизнинг энг катта бойлигимиз, халқимизнинг олтин фондисиз».
Келинг, бир нарсани қайд этиб қўяйлик: ҳеч ким жиддий қабул қилмаган жамоа барча фаворитларни мағлуб этди. Аммо рақиблар учун энг даҳшатлиси ҳали олдинда, чунки бу тасодиф эмас, бу фақат бошланиши эди.
2025 йил. Жаҳон кубоги. Сайёрамизнинг 206 нафар энг кучли шахматчиси жамланган. Биз қандай манзарага гувоҳ бўляпмиз? Ярим финалда Ўзбекистоннинг икки вакили: Жавоҳир Синдаров ва Нодирбек Ёқуббоев даъвогарлар турнирига улардан қайси бири боришини ҳал қилишяпти!
«Бу ақлбовар қилмас ҳолат. Бир мамлакатдан, бир шаҳардан чиққан икки йигит бутун жаҳон элитасини турнирдан чиқариб юборди», – дея изоҳ беришганди экспертлар жонли эфирда. Ярим финалда Синдаров кучлироқ чиқди. Финалда уни хитойлик тажрибали Вей И кутиб турарди, бироқ у ҳам Синдаровни тўхтата олмайди.
Жавоҳир Синдаров шахмат тарихидаги Жаҳон кубогининг энг ёш ғолиби. Ўша пайтда у бор-йўғи 19 ёшда эди ва у 2026 йилги даъвогарлар турнирига йўлланмани қўлга киритади. Айни дамда у ушбу турнирда муддатидан олдин ғалаба қозониб, Гукеш билан жанг қилишга тайёрланаяпти. Қолганлар-чи? Нодирбек Ёқуббоев элитада. Абдусатторов-чи? Ҳа, у Жаҳон кубогидан эрта чиқиб кетди, аммо дарҳол London Chess Classic супертурнирида 7 имкониятдан 6,5 очко тўплаб, ғолиб бўлди. Бу тенденцияни ҳис қиляпсизми?
Кимдир битта турнирда ютиб, сояга чекинаётган бир пайтда, ўзбеклар шунчаки ўрин алмашишмоқда. Бугун Синдаров қирол, эртага Абдусатторов, индинга Ёқуббоев. Бу жамоа эмас, бу ҳақиқий «шахмат мафияси». Албатта, бу яхши маънода. Мамлакат ичидаги рақобат шу қадар кучлики, уларнинг бўшашишга ҳақлари йўқ.
Хўш, нега Ўзбекистон мактаби энг яхшиси? Чунки давлат ҳар бир бола учун очиқ бўлган жаҳон даражасидаги инфратузилмани яратиб қўйган. Шунингдек, ўзбекистонликлар ғалабаларга жуда ташна. Улар жуда узоқ вақт сояда бўлишди ва ҳозир бу йигитлар бутун дунёга исботлашни хоҳлашади: биз руслардан ёмон эмасмиз, биз ҳиндлардан ёмон эмасмиз, биз ҳаммадан яхшироқмиз. Албатта, юқорида номи тилга олинган учликнинг муваффақиятлари бутун мамлакат даражасини кўтармоқда. Шахматга янги болалар кириб келмоқда. Қанча кўп бола ўйнаса, шунча кўп кучли шахматчилар етишиб чиқади.
Шунингдек, бу борада характер ҳам муҳим рол ўйнайди. Ўзбекистонликлар юлдуз шахматчилардан қўрқишмайди. Карлсен, Фирузжа, Фаби – булар улар учун шунчаки номлар. Доскада барча доналар бир терилади ва барчанинг имконияти тенг. Ўзбек шахматчилари буни яхши тушунишади. Даъвогарлар турнири Синдаров ҳозирда яққол фаворитлардан бири эканини исботлади. Аммо, мен эса сизга бундан ҳам кўпроғини айта оламан: катта эҳтимол билан, келажакдаги жаҳон чемпиони айнан у бўлади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter