Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев шахматчиларни табриклади

Шавкат Мирзиёев шахматчиларни табриклади

Фото: Президент матбуот хизмати.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўзбек шахматчиларини Бутунжаҳон шахмат олимпиадасидаги муваффақият билан табриклади. 

«Ғоят кескин ва муросасиз мусобақаларда сизлар юксак ақл-заковат, мустаҳкам ирода ва матонат фазилатларини намоён этиб, Хитой, Сербия, Арманистон, Германия, Озарбайжон, Словения, Испания каби манаман деган давлатларнинг жамоаларини ортда қолдирганингиз улкан таҳсин ва тасанноларга сазовордир.

Сизларнинг тимсолингизда Янги Ўзбекистон ёшлари мана шундай ақл ва тафаккур беллашувларида қандай баланд марраларни эгаллашга қодир эканини кўриб, қалбларимиз фахр-ифтихор туйғуларига тўлмоқда.

Ушбу мусобақада юксак интеллектуал салоҳиятини намойиш этган Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Шамсиддин Воҳидов, Нодирбек Ёқуббоев, Жаҳонгир Воҳидов каби ўғлонларимиз эришган натижалар биз учун жуда қадрлидир.

Айниқса, тахталар кесимида Шамсиддин Воҳидов олтин медални, Нодирбек Абдусатторов кумуш медални қўлга киритиб, нақадар катта маҳорат эгаси эканларини яна бир бор исботлаганларини алоҳида таъкидлаш лозим.

Мард ва жасур ўғлонларимиз қаторида Афрўза Ҳамдамова, Нилуфар Ёқуббоева, Умида Омонова, Маржона Маликова, Нодира Нодиржонова сингари азму шижоатли шахматчи қизларимиз ҳам мусобақаларда муносиб иштирок этиб, бор куч-ғайрати ва маҳорати билан Ватанимиз шарафини ҳимоя қилдилар.

Улар ўтган олимпиадада кўрсатган натижаларини яхшилаб, 170 мамлакат ўртасида 12-ўринни эгаллаганлари албатта эътиборга моликдир. Матонатли қизимиз Нодира Нодиржонова тахталар кесимида фахрли 2-ўринни эгаллаб, кумуш медаль билан тақдирлангани айниқса қувончлидир. Уларнинг барчасини самимий қутлаб, келгуси мусобақаларда совринли ўринларни забт этишларини тилайман», дейилади табрикда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон эркаклар жамоаси олимпиадада бронза медални қўлга киритди. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг