Бир асар таҳлили ёхуд «Султонлар суҳбати»
И.Гаспринский ўз ғояларини нафақат мақолаларида, балки бадиий асарларида, уларнинг қаҳрамонлари орқали ёйишга ҳам ҳаракат қилади. Давр шундай эдики, жадидчилик кайфияти ва ғояларини таълим, матбуот, театр, бадиий адабиёт ва бошқа воситалар ёрдамида халққа етказиш энг муҳим вазифага айланганди. Гаспринский ҳам ана шу воситалардан унумли фойдаланди. Унинг «Муколамаи салотин» номли мўъжаз бир асари бор. Бу асар эссе жанрига яқин усулда битилган. Боз устига, унда реаллик билан хаёлот қўшилиб, ўқувчини адибнинг муродига яқинлаштиради. Унинг муроди эса нима учун туркий халқлар бундай ночор, бундай ҳақир ҳолга тушиб қолгани сабабларини қидириш, топиш ва ўқувчига «мана – улар!» дея кўрсатишдир. Хуллас, «Муколамаи салотин» (Султонлар суҳбати) асари қаҳрамони Самарқандга келади. «Эски шаҳарларнинг эскиси, энг гўзал шаҳарларнинг гўзали, машҳур шаҳарларнинг машҳури, илм ўчоғи... жаҳонгирнинг буюк пойтахти, улуғ шаҳарларнинг улуғи, Самарқанд, салом!».
Қаҳрамон учун Самарқанд энг қадим ва энг машҳур, энг гўзал шаҳардир. Шунингдек, жаҳонгир Амир Темур «энг буюк турк давлати вужудга келтирган» ҳукмдордир. У «Садди Чиндан Ўрта Ер денгизига қадар ҳудудда истиқомат этгувчи турк давлатини ўз дасти жаҳонгиронасига олган»дир. Асар қаҳрамони Самарқандга келиб, Темур сағанасига тушади. Уни зиёрат қиларкан, Темур ва замонаси билан боғлиқ воқеаларни бир-бир эслайди. Шу ергача асар реалистик руҳда бўлса, бундан кейинги воқелар хаёлий, ҳатто фантастик йўналиш касб этади. Бироқ бу усул асарнинг қимматини асло туширмайди. Зеро, жадид адабиёти шундай адабиётки, у санъатни восита қилиб, халққа айтилиши керак бўлган фикрни айтади. Яъни қандай айтишни эмас, балки нимани айтишни муҳим санайди. Улар учун адабиёт (ҳар қандай санъат тури) мақсад эмас, балки воситадир.
Шундай қилиб, қабр тоши сандиғи кўтарилиб, ичидан Темурнинг устози Саййид Барака чиқади. Сўнг у (Саид Барака) шогирди Темур қабр тоши олдига келади. Темур ҳам қабрдан туради. Саид Барака: «Ўғлим, яна замон келди», дея Темурга хитоб қилади. Бу жуда муҳим хитоб. Хўш, қандай замоннинг вақти келди? Туркий халқларнинг қаддини тиклаб, ўзлигини қайта топишу илғор халқлар орасида муносиб ўринга эга бўлиш билан боғлиқ замоннинг вақти келганди.
Кейин Усмонли давлати ҳукмдори султон Абдулазизхон, ортидан Эрон шоҳи Насриддиншоҳ, ортидан Бухоро амири Насруллохон, Миср волийси Исмоил пошо, Қошғардаги туркий давлат бошлиғи Ёқуббек, Қўқон хони Худоёрхон, Доғистон озодлик кураши раҳбари шайх Шомил кириб келишиб, кутилган мажлис бошланади. Мажлисни Амир Темур бошқаради. Демак, мажлисга турли даврларда исломий туркий давлатларни бошқарган шоҳлар, амирлар, йўлбошчилар жам бўлган. Уларнинг энг машҳури, энг кўп муваффақиятга эришгани, сира енгилмагани, кимсан, Македонский ва Чингизхон билан ёнма-ён тура оладигани, яъни Амир Темур бош бўлади. Хўш, улар жам бўлиб нимани муҳокама қилишади? Нима учун дунё ўзгардию, Оврупа халқлари улардан баҳра олгани ҳолда, мусулмон халқлари баҳрасиз қолгани муҳокама қилинади: «...бу инқилоб, бу янгиланиш биргина оврупалик қавмларга хос бўлиб қолди. Шарқия ва исломия мамлакатлари эски ҳолда қолавердилар». Темур барча йиғилганлардан муаммонинг олдини олиш учун қандай тадбирлар олганини сўраб суриштиради. Улар ўзларича жавоб беришади. Баъзан эса асл сабабни яширишади ёки хаспўшлашади. Шунда мажлисда қатнашаётган шайх Жамолиддин қўлидаги қоғоздан улар йўл қўйган камчиликларни бир-бир ўқиб беради.
«Шоҳ Темур... Абдулазизхонга қайрилиб: Салоти Рум бу ҳолларга қарши қандай тадорикларда бўлди? – деди.
Сукут.
Оврупаликларни илм, мол-мулк ва сиёсий жиҳатдан кучли ва иқтидорли қилган нарсаларга сиз ҳам мурожаат этдингизми?
Сукут...»
Шундай кейин Усмонли давлати ҳукмдори султон Абдулазизхон Темурнинг айрим саволларига жавоб беради. Уни қилдим, буни бажардим, дейди. Аммо Темур асл ҳолни билиш учун хатибга қарайди. Хатиб ўқийди: «Асрнинг салотини инқилоб замонига қарши жузъий бир ҳаракатлар қилган бўлса-да, ишларнинг юздан бири ҳам амалга ошмади. Масалан, Эрон шоҳи Насриддин... Тамом қирқ сана камоли роҳат ила салтанат сурди. Усмонли каби роҳатсизликлар кўрмади. Лекин қирқ санада на айтарли аскар, на тараққиётга хизмат қиладиган низом етиштирди. Явми вафотинда (вафот кунида) Эрон инглиз ва рус исканжасида ғоят ожиз, аҳолиси эса нодон ва саргардон эди».
Демак, Исмоилбек асарида Шарқия ва ислом мамлакатларининг қолоқлиги, биринчи галда, у ердаги шоҳларнинг, раҳбарларнинг уқувсизлиги, тадбирсизлиги билан боғлиқ, дейилмоқда.
Энди Туркистон билан боғлиқ танқидга келамиз.
«Шоҳ Темур Насриддиншоҳга қаради. Бир сўз демади. Яна Хатибга кўз ташлади. Хатиб давом этди».
Демак, Хатибнинг қўлида барча ишлар – давлатни, халқни сақлаб қолиш учун қилинган ва қилинмаган барча яхши-ёмон амаллар битилган. Хатиб ўқийди:
«Бу асрда рус ҳукмдори бир тарафдан Истанбулга кўз олайтирган бўлсалар, иккинчи тарафдан Туркистон ва Мовароуннаҳр томон жиддий ҳаракат бошладилар. Туркистон хонлари ва умароси шу даражада ғофил ва бехабар эдиларки, рус тўплари бошлари устида портлагандан сўнггина «Бу нима?» дедилар».
Ана, Туркистондаги ҳақиқий аҳвол, савия, тараққиёт даражаси! Ташқаридан ёв бостириб келяпти, лекин туркистонликларнинг бирон туки «қилт» эмайди. Боши узра тўп портлаганда эса ҳайрон бўлиб, «бу нима экан?», дейди. Гаспринский буларни ёзаётганда аламдан куйиб кетган бўлса, ажаб эмас. У давом этади: «Лекин ғишт қолипдан кўчган эди. Рус қўшини босқичма-босқич саҳроларни босиб ўтиб, қалъаларни қўлга кирита бошлаган пайтда хонлари бир-бирлари билан жанжаллашиб ётар, дарё-дарё мусулмон қони оқаётган эди. Қора қушлар келиб Тошканд, Самарқанд минораларига қўнганида, уларни учириб юбормоққа ярайдиган на бирор тўп, на бирор милтиқ топилмади. Ҳозирда бир начальник тўра кичкина бир чимчилоғи билан бутун Туркистонни урчиқдек айнлантира олади. Русларнинг мухосими бўлган инглизлар хонларга ёрдам ва қурол ва муаллими аскарий бермак истадилар, қабул этадиган бир киши топилмади. Ҳатто Насруллохон Бухорий икки инглиз элчисини қатл этиб, замонанинг энг кучли, энг бой давлатининг ҳафсаласини пир қилди...».
Мана, Туркистон нима учун енгилган эди.
Бир томондан шоҳлар, амиру хонлар аскарни кучайтирмади, мамлакатни ислоҳ қилмади, замон билан ҳамнафас юрмади, бошқа ёқдан эса дипломатик жиҳатдан кўр ва соқов бўлиб иш юритди. Чунончи, Бухоро амири Насруллохон ёрдам бериш мақсадида келган Англия элчиларини қатл эттирди. Боз устига, у бироз аввал Қўқон хонлигига қарши уруш қилди. Шу каби мудҳиш жиноятлар, хатолару нуқсонлар натижасида Туркистон босиб олинди, бу ҳам етмагандек, парчаланди – Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Тожикистон каби кичик давлатларга бўлиб ташланди ва шу ҳолида қарийб 130 йиллик асолатда тутиб келинди, дунёнинг илғор тараққиёт йўлидан узилди.
Хўш, бу кўргиликларда фақат шоҳлару амирлар айбдормиди? Умараю уламо-чи? Ҳарбий кучлар раҳбарлари-чи? Улар сувдан чиққандек тоза ва оппоқми? Гаспринский масаланинг бу жиҳатини ҳам эътибордан қочирмайди. Асарда Амир Темур Насруллохонни тергаб саволлар берганда, хон шундай жавоб айтади: «Тақсир... Кўп хатолиғлар қилганим маълум бўлди. Аммо вафотимдан сўнгра маълум бўлди... Умародан, сипоҳидан ва уламодан кўзимни очган бўлмади».
Албатта, бу ердаги мулоқот тўқима бўлиб, муаллиф, яъни Исмоилбек тафаккурининг маҳсули ҳисобланади. Бироқ бу маҳсул ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолгани йўқ, у «нима учун бундай қолга тушиб қолдик?», деган заҳарли саволнинг аламли жавобларидан бири сифатида туғилган. Унга кўра, фақат хон эмас, балки унинг ёнида турган амалдорлар, олиму уламолар, ҳарбийлар ҳам ҳам сабабчидир. Бироқ яна бир савол туғиладики, ҳақиқат айтилган тақдирда хон уларга қулоқ солармиди? Ахир, шаҳрисабзлик шоир Ҳозиқ ҳақиқатни айтгани учун 1842 йилда Насруллохон одамлари тарафидан ўлдирилмадими?..
«Муколамаи салотин» шундай асарки, унда бугуннинг ҳам муаммолари «манаман» деб савлат тўкиб турибди. Зеро, улуғ сиймоларнинг энг сара асарлари ўз даври учун ҳам, келажак замонлар учун ҳам хизмат қилаверади. Айниқса, замонлар ўтса-да, вазият ўзгармаса, муаммолар муаммолигича тураверса. Шу маънода, Гаспринский қоралаган ўша маддоҳлар, жоҳиллару калтабинлар бугун йўқми?..
Муаллиф маддоҳликни маҳв этувчи мараз деб билади. Насруллохон ўзини оқлай бошлаганда, Амир Темур Шайх Жамолиддинга қарайди. Шайх Насруллохон яширмоқчи бўлган ҳақиқатларни очиб ташлайди: «Ўн учинчи аср ҳижрийнинг салотини ҳузуротинда умумий бир мараз бор эди. Жумласи аҳволи дунёдан бехабар ўлароқ хабар ва маълумотни биргина мадоҳин ва мадҳиячилардан олурлар эдилар. Улар эса ўз фойдаларини кўзлаб, «Сенинг каби подшоҳ йўқ!», «Сенинг каби шавкатли йўқ!», «Сендан кучли ҳукмдор йўқ!», «Бутун дунё барбод, фақат сенинг ўлканг дилшод!» каби мадҳиялар ила ҳукмдорларнинг орқасини қашлайлар эдилар».
Мана, мамлакатни нима таназзулга олиб борган. Атроф тўла маддоҳ, ҳукмдор улар томонидан мадҳ этилиб, ақлу фаросати «ухлатилган», сўнг юртни талаш учун ҳаракатлар бошланган. Мабодо, кимда ким ҳақиқатни айтиб қолгудек бўлса, Ҳозиқ каби ўлдиртирилган. Ҳозиқлар фақат Бухоро амирлигида бўлмаган, улар Қўқонда ҳам, Хивада ҳам бўлган. Бироқ ҳаммасининг тақдири деярли Ҳозиқни каби якун топган ёки топади. Ҳатто оддий тўғри гапни, бор ҳақиқитни қайд этиш ҳам баъзан ўлим билан ниҳоя топганлиги тўғрисида яна асардан ўқиймиз: «Хўқанд бойлариндан бирининг Мақарияи Мўсқивани (Москвани – У.Ҳ.) кўриб, русларнинг усули аскариясини ва интизомини сўзлагани учун боши кесилгани маълумдир».
Худди шундай, Москва князи И.Грозный татар хонларини уриштириб қўйиб, сўнг уларга битта-битта ҳужум қилиб енганини айтади. Чунки улар ўзаро араз ҳолида бўлгани учун бир-бирига ёрдам бермайди, дейди Гаспринский. Бу ҳол чор Россияси бостириб келганида, икки ўзбек хонлиги ва бир амрлиги бирлашиб, ташқи ёвга қарши урушиш ўрнига бир-бири билан ёвлашгани, алалоқибат эса, енгилганига чунон ўхшайди. Шунингдек, Грозный энди-энди кучайиб келаётганда Истанбулнинг унинг қаршисига чиқмаганини ҳам муаллиф танқид остига олиб ёзади: «Иван Ғрўзний Қозон хонлигини босиб топтаётганида Истанбулда шу қадар буюк қудрат ва сиёсий нуфуз бор эдики, оддий бармоғининг бир ишораси билан Ғрўзнийнинг танобини тортиб қўя олар эди».
Ушбулар имкони бўла туриб бир-бирига ёрдам қўлини чўзмаган туркийларнинг қора ўтмиши тўғрисидаги рост иқрорлардир. Бундай иқрорлар ўзбек ёзувчиси А. Қодирийнинг «Ўткан кунлар» ибтидосида ёзган иқрорларини ёдга солади. Адиб «Тарихимизнинг энг кир, қора кунлари»дан ҳикоя қилишидан сўз очади. Шу нарса асар учун бир ниқоб бўлиб, Қодирий романда тасвирланган ўтмишни «энг кир», деб атаганининг сабаби собиқ шўро даврида ўзини ва асарни ҳимоя қилиш йўли деб қаралган. Нуктадон олим профессор У.Норматов эса бунга бошқа жиҳатдан ҳам қараш мумкинлигини айтади: «Адиб «Ўткан кунлар» орқали «тарихимизнинг энг кирлик, қора кунлари», яъни юртни мустамлака балосига гирифтор этган «хон замонлари» ҳақида сўз очиб, тарихнинг бу аччиқ ҳақиқатидан сабоқ бермоқчи бўлади». Дарҳақиқат, ўша тарих парчасининг «энг кир, қора» деб аталишига сабаб, озод мамлакатни босқинчилар томонидан босиб олинишига йўл қўйганида ҳам экан. Хонлик замонининг кир ва қоралиги ўз мустақил салтанатини ҳимоя қилолмагани билан ҳам белгиланар экан .
Кўриниб турибдики, деярли бир даврда яшаган икки улуғ туркий сиймо (Гаспирали ва Қодирий)нинг фикрлари бир жойдан чиқмоқда. Улар қолдирган битикларни бир-бир ўқир экансиз, туркийлар ҳозирги аянчли аҳволига бирданига ва ўз-ўзидан тушиб қолмагани, бунинг учун жуда кўп ва мудҳиш хатоларга йўл қўйгани, ҳозирги ҳоли ўша хатоларнинг қонуний натижаси эканлиги англашилади.
Гаспирали асарни ғоят таъсирли якунлайди. Ҳамма шоҳлар Амир Темурга бир-бир ҳисоб беради. Ахийри, унинг ўзи ҳам ҳисоб бериб айтадики, менинг ҳам шубҳасиз хатоларим кўп бўлди. Айримлар мени золим, Эронни, Русияни, Туркияни, Ҳиндни босди, одамларни ўлдирди, дейишади. Менинг мақсадим шунчаки босиб, йўқ қилиш бўлмаган. Мен «ноаҳил идора»га барҳам бериб, туркий элни бирлаштирмоқчи эдим. Бунга Ҳақ гувоҳ, деган мазмунда сўзлаб дейди: «Садди Чиндан Мармара денгизи, музли Дашти Қипчоқдан иссиқ Ҳинд денгизина қадар қўлима кирмиш. Туркистон пек (ғоят) буюк эди. Бир четиндан бир чети юз кунлик йўл эди... Осийларга жазо берганим зулм эмас эди, макон ва замон иқтизойи тадобирлар эди. Аммо на фойдага...».
Шундан кейин устози Саййид Барака келиб Темурга «Етар, ўғлум» дейди. «Шоҳ Темур оёға қалқуб, бир «Воҳ!» чекди. Бутун мажлус довдираб оёқланди...».
Демак, Темур туркий эллар орасидаги низою нифоққа барҳам бериш учун қилич кўтариб жанглар қилган, натижада тарқоқ туркий элларни бирлаштирган. Бироқ ниҳоясида «бунинг нима фойдаси бўлди?», дея оҳ чекиб қолмоқда. Чиндан ҳам шундай бўлмадими, Амир Темурдан сўнг ким туркий халқларни унинг даражасида бир байроқ остида тўплай олди? Ҳеч ким. Уринишлар бўлди, албатта. Бироқ муродга етилмади. Бас, шундай экан, айтиш жоизки, Темур чеккан «оҳ» бугун ҳам туркий халқлар бўғзини тарк этган эмас.
Ёзувчи Улуғбек Ҳамдамнинг facebook саҳифасидан олинди
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter