Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бола билан гаплашадиган ўйинчоқ: технологиянинг кўринмас хавфлари

Бола билан гаплашадиган ўйинчоқ: технологиянинг кўринмас хавфлари

Сурат: Рори Эрлих / AP агентлиги.

Ҳали пластмасса ва синтетик бўёқлардан ясалган ўйинчоқлар, уларнинг бола саломатлигига таъсири ҳақидаги хавотирларимиз босилмай туриб, энди яна бир янги савол пайдо бўлди. Тасаввур қилинг, ўйинчоқ бола билан гаплаша бошласа-чи?

Яқин-яқингача болага ўйинчоқ танлаганда унинг нимадан ясалгани, бўёғи кўчмаслиги, майда қисмлари бор-йўқлиги, ёшига мослигига қарардик. Энди эса дўконларда бошқача маҳсулотлар ҳам пайдо бўлмоқда. Улар боланинг саволларига жавоб беради, эртак, топишмоқ айтади, суҳбатни давом эттиради. Айримлари ҳатто боланинг кайфиятини англаши, ҳиссий ривожланишига ёрдам бериши билан реклама қилинмоқда.

Ташқи кўринишидан бундай ўйинчоқлар оддий юмшоқ қуёнча, айиқча, қўғирчоқ ёки роботдан фарқ қилмаслиги мумкин. Аммо ичида микрофон, интернетга уланиш имконияти ва бола билан очиқ мулоқот қила оладиган сунъий интеллект тизими бор.

 Бугун боланинг ҳиссий дунёсига,  руҳий оламига сунъий интеллект қандай кириб келмоқда?

Ўйинчоқнинг жавоби ҳар доим ҳам болага мос эмас

Яқинда «The Guardian» нашрида эълон қилинган хабар бу масалага халқаро миқёсда жиддий эътибор қаратилаётганини кўрсатди. Олти қитъадаги 150 дан ортиқ болалар хавфсизлиги ташкилоти ва мутахассислари Amazon ҳамда eBay раҳбарларига мурожаат қилиб, сунъий интеллектли ўйинчоқлар хавфсизлиги исботланмагунча уларнинг савдосини тўхтатишни сўраган.

Мурожаатга сабаб бўлган ҳолатлардан бири, уч ёшдан бошлаб болаларга мўлжалланган деб сотилган юмшоқ қуёнча.

фото:Byline Times

У ChatGPT билан боғланган бўлиб, Британиядаги Alliance 4 Children ташкилоти синовидан ўтказилганда болаларга мос бўлмаган саволларга жавоб қайтарган. Кичик бола номидан саволлар берилганда ҳам, ўйинчоқ катта ёшли одам билан суҳбатлашаётгандек жавоб қайтарган. Яъни, у катталар ўртасида муҳокама қилинадиган уятли мавзулардаги саволларга ҳам жавоб бериши аниқланган.

Ушбу ўйинчоқ бир жойда 18 ойдан уч ёшгача бўлган болалар учун деб кўрсатилган, бошқа қисмида эса ишлаб чиқарувчи тавсия қилган ёш 16–18 ёш деб ёзилган. Ундан фойдаланишда уланган ChatGPT хизматининг ёшга оид талаблари ҳам алоҳида масала бўлиб қолган. Демак, ўйинчоқнинг ташқи ёрлиғидаги тавсия билан унинг ичида ишлаётган технологиянинг талаблари бир-бирига мос келмаслиги мумкин.

«The Guardian» хабар беришича, қуёнча аввал Amazon саҳифасидан олиб ташланган, аммо 48 соатдан кейин бошқа сотувчи номи билан яна пайдо бўлган. Кейин бу эълон ҳам ўчирилган. Бу эса интернет савдосида маҳсулотни бир марта олиб ташлаш билан муаммо ҳал бўлмаслигини кўрсатади. Бир сотувчининг саҳифаси ёпилса, ўша маҳсулот бошқа ном билан яна харидорга таклиф қилиниши мумкин.

«Byline Times» нашрининг суриштирувида ҳам шу қуёнча ҳақида батафсил маълумот берилган. Нашрга кўра, маҳсулот бир нечта бренд номи остида сотилган. Уни бошқаришда фойдаланиладиган дастурий таъминотни етказиб берувчи Tuya компанияси эса маҳсулот болаларга мўлжалланган ҳолда сотилган бўлса-да, унда болалар хавфсизлиги режими ёқилмаганини ўз талабларига зид деб баҳолаган.

Бу мисолда муаммо фақат ўйинчоқнинг нотўғри жавобида эмас. Унинг ичида қайси дастур ишлаётгани, боланинг овози ва суҳбатлари қаерга узатилаётгани, бу маълумотларни ким сақлаши ҳам аниқ бўлиши керак. Бола эса буларнинг бирортасини билмайди. У ўзича қуёнчаси билан гаплашяпман, деб ўйлайди.

Бола ўйинчоқни дўст деб билса...

Сунъий интеллектли ўйинчоқлар ҳақидаги муҳим тадқиқотлардан бири 2026 йил март ойида Кембриж университетининг PEDAL тадқиқот маркази томонидан эълон қилинди. «AI in the Early Years» деб номланган лойиҳада беш ёшгача бўлган болаларнинг генератив сунъий интеллектдан фойдаланадиган юмшоқ ўйинчоқ билан мулоқоти ўрганилган.

Бир йил давомида олиб борилган тадқиқотда Лондондаги болалар марказларида 14 нафар боланинг Gabbo номли ўйинчоқ билан ўйнаши кузатилган, шунингдек, ота-оналар ва мактабгача таълим соҳасидаги мутахассислар фикри ўрганилган. Кузатувларда болалар ўйинчоқни қучоқлагани, ўпгани, унга меҳр билдиргани, ҳатто дўстидек қабул қилгани қайд этилган.

Тадқиқот иштирокчиларидан бири бўлган уч ёшли Мя сунъий интеллект асосида ишлайдиган «Габбо» ўйинчоғи билан.

Кичик ёшдаги болалар оддий қўғирчоқ билан ҳам гаплашади, уни овқатлантиради, ухлатади, ўзича тирик қаҳрамонга айлантиради. Аммо янги ўйинчоқнинг фарқи шундаки, у боланинг гапига жавоб қайтаради. Бола унинг «жавобини» эшитади ва суҳбатни давом эттиради. Шу боис тадқиқотчилар болаларнинг бундай ўйинчоқларга муносабатини жиддий ўрганиш зарурлигини таъкидламоқда.

Кузатувда яна бир қизиқ ҳолат аниқланган. Бола ўйинчоққа хафа эканини айтганида, у «Мен бахтли роботман, кел, ўйинни давом эттирамиз», деган мазмунда жавоб қайтарган. Яъни боланинг ҳиссий ҳолатини англаш ўрнига, суҳбатни бошқа томонга бурган.

Бу ерда сунъий интеллектнинг имконияти ва чеклови ўртасидаги фарқ кўринади. У «хафаман» деган сўзни таниши, тасалли берувчи жумлани тузиши мумкин. Аммо бу унинг бола нимани ҳис қилаётганини инсон каби тушунишини англатмайди. Бола хафа бўлганида катта одам унинг овозини, юз ифодасини, вазиятни ҳисобга олади. Зарур бўлса, савол беради, бағрига босади ёки шунчаки ёнида ўтиради. Ўйинчоқ эса боланинг гапини маълумот сифатида қабул қилиб, дастур имконияти доирасида жавоб қайтаради.

Кембриж тадқиқотчилари бундай ўйинчоқлар ижтимоий ва тасаввурга асосланган ўйинларда ҳам қийналишини қайд этган. Масалан, бола биргаликда хаёлий ўйин бошламоқчи бўлса, ўйинчоқ унинг ниятини тушунмаслиги ёки суҳбатни бошқа томонга буриб юбориши мумкин. Баъзи болалар эса ўйинчоқ уларни эшитмаётгандек туюлгани учун асабийлашган.

Тадқиқот муаллифлари сунъий интеллектли ўйинчоқлар тил ва мулоқот кўникмаларини ривожлантиришда маълум имкониятларга эга бўлиши мумкинлигини инкор этмайди. Лекин уларнинг бола ривожланишига фойдаси ҳозирча етарлича исботланмаган. Тадқиқотнинг ўзи ҳам кичик миқёсда ўтказилгани сабабли, уни барча болаларга ёки барча турдаги ўйинчоқларга татбиқ этиб бўлмайди.

Суҳбат узайган сари хавфсизлик чекловлари ҳам сусайиши мумкин

2026 йил 17 ноябрь куни АҚШдаги U.S. PIRG Education Fund ташкилоти «Trouble in Toyland 2026» ҳисоботини эълон қилди. Унда еттита сунъий интеллектли ўйинчоқ синовдан ўтказилган. Текширувчилар айрим ўйинчоқлардан болаларга мос бўлмаган мавзуларда жавоблар олган, баъзилари эса уйдаги хавфли буюмларни қаердан топиш мумкинлигини айтиб берган, масалан гугурт...

Ҳисоботдаги эътиборли жиҳатлардан бири — айрим ўйинчоқларнинг хавфсизлик чекловлари суҳбат узайган сари сусайиши. Дастлаб номақбул саволни рад этган тизим кейинги мулоқотларда чегарадан чиқиб кетиши мумкин. Демак, ўйинчоқнинг хавфсизлигини бир-икки савол бериб текширишнинг ўзи етарли эмас.

«The Guardian» нашри PIRG синовларига таяниб, еттита ўйинчоқдан бири текширувчиларни  кутилмаганда суратга олганини ҳам хабар қилди. Бу эса микрофон билан бир қаторда камера ва бошқа маълумот йиғиш воситалари масаласини ҳам кун тартибига олиб чиқади. Ўйинчоқ боланинг овозини эшитадими, уни ёзиб оладими, суратга оладими, маълумотларни қаерга юборади, булар маҳсулот хавфсизлигининг муҳим қисми.

Шу ўринда савол туғилади: бола ўйинчоқ билан гаплашаётганда, унинг айтганлари қаерда сақланади? Оиласи, қўрқувлари, хафагарчиликлари ҳақидаги суҳбатлар кимнинг қўлига тушиши мумкин? Ота-она бу маълумотларни ўчира оладими? Маҳсулотни сотиб олган киши унинг махфийлик сиёсати билан танишганми?

Бола бундай саволларни бермайди. У ўйинчоқ билан гаплашади, холос. Шу сабабли унинг шахсий маълумотлари ҳимояси фақат ота-онага қолдириладиган вазифа бўлмаслиги керак. Ишлаб чиқарувчи, дастурий таъминотни етказиб берувчи ва маҳсулотни савдога чиқарган компания ҳам масъулиятни ўз зиммасига олиши зарур.

Технология ва бола хавфсизлиги

Бу хавотирлар энди фақат тадқиқотчилар ёки болалар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи ташкилотлар доирасида муҳокама қилинмаяпти. Британияда парламент аъзолари сунъий интеллектли ўйинчоқлар савдосини чеклаш масаласини кўтарди. Ҳукумат эса ўйинчоқлар хавфсизлиги қоидаларини қайта кўриб чиқиш жараёнида сунъий интеллектдан келиб чиқадиган хатарларни ҳам ўрганмоқда. Amazon ва eBay ҳам айрим маҳсулотларни текшириш ва савдодан олиб ташлаш бўйича чоралар кўраётганини билдирган.

АҚШнинг Нью-Йорк штатида эса 24 ноябрь куни сунъий интеллект чатботлари билан мулоқот қиладиган ўйинчоқларни ишлаб чиқариш, тарқатиш ва сотишга беш йиллик мораторий жорий этиш тўғрисидаги қонун имзоланди. У интернет орқали болалар билан суҳбатлаша оладиган қўғирчоқлар, юмшоқ ўйинчоқлар ва роботларни қамраб олади. Қонун имзоланган кундан 90 кун ўтгач, яъни 2027 йил 22 февралдан кучга кириши белгиланган. Бу доимий тақиқ эмас, технологиянинг хавф ва имкониятларини ўрганиш учун белгиланган беш йиллик танаффусдир.

Албатта, бу қарор сунъий интеллектли ўйинчоқларнинг барчаси зарарли эканини исботламайди. Аммо болаларга мўлжалланган маҳсулотларнинг хавфсизлиги исботланмасдан туриб, уларни бозорга чиқариш тўғрими, деган саволни ўртага қўяди.

Бу масала биз учун ҳам бегона эмас. Интернет орқали хорижий маҳсулотларни харид қилиш имконияти кенгайган шароитда болаларга мўлжалланган янги технологияларнинг хавфсизлиги ҳақида ҳам ўйлаш керак. Ўзбекистон бозорида бундай ўйинчоқлар қай даражада тарқалгани, уларнинг қайсилари болаларга мўлжаллангани, маълумотларни ҳимоя қилиш ва ёшга мослик талаблари қандай текширилаётгани ҳақида алоҳида ўрганиш зарур.

Эҳтимол, яқин йилларда бундай ўйинчоқлар янада такомиллашар, болаларга мос ва хавфсиз моделлар пайдо бўлар. Аммо бугунги тадқиқотлар бола учун қизиқарли бўлган ҳар қандай технология унинг манфаатига хизмат қилмаслигини исботлаяпти. Зеро, ўйинчоқнинг фойдалилиги бола хавфсизлигини қай даражада таъминлаши билан ҳам ўлчаниши керак.

Барно Султонова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг