Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

ЕОИИда меҳнат бозори – солиштирма таҳлил

ЕОИИда меҳнат бозори – солиштирма таҳлил

Жорий йилнинг 11 декабрь куни бўлиб ўтган Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг йиғилишида ЕОИИга аъзо мамлакатлар етакчилари Ўзбекистон Республикасига ташкилот ҳузуридаги кузатувчи давлат мақомини бериш тўғрисида бир овоздан қарор қабул қилдилар.

Кузатувчилик мақоми Ўзбекистонга жараёнларни фаол кузатиш, мавжуд имкониятларни кенг баҳолаш ва батафсил таҳлилларни амалга ошириш учун қулай шароит яратади. Амалга оширилиши лозим бўлган ана шундай таҳлиллардан бири бу – ЕОИИдаги меҳнат бозорининг таҳлили ҳисобланади.

Авваламбор, ЕОИИнинг иқтисодий потенциали ҳақида...

Мазкур иқтисодий иттифоқ 183 миллион нафар аҳолидан иборат ягона бозор ҳисобланади. ЕОИИ ҳудудида қазиб олинаётган нефть дунё «қора олтин»ининг 14,2 фоизини ёки йилига 634,2 млн. тоннасини, табиий газ эса 20,2 фоизини ёки 744,7 млрд.куб.м.ини ташкил этади. Шунингдек, ЕОИИда 1255,0 млрд. Квт. миқдордаги электр энергияси ишлаб чиқарилади, бу жаҳон миқёсидаги улушнинг қарийб 5 фоизига тўғри келади.

Меҳнат бозори

Ўз навбатида, ЕОИИда умумий ишлаб чиқариш ўсиб бораётгани боис, мазкур иттифоқ ҳудудида меҳнат ресурсларига, хусусан меҳнат мигрантларига бўлган талаб ҳам тобора кучайиб бормоқда. Жумладан, Евроосиё иқтисодий комиссиясининг маълумотларига кўра, ЕОИИга аъзо давлатлар иқтисодиётига ўртача бир йилда жалб этилаётган меҳнат мигрантларининг сони 1,8 млн. кишини (шундан 97,6 фоизи Россияга тўғри келади) ташкил этади.  

Бизга аёнки, ЕОИИ ҳудудида (асосан Россияда) ишлаётган меҳнат мигрантларининг салмоқли қисми Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан иборат. Бошқача айтганда, ЕОИИдаги меҳнат ресурсларига бўлган талабнинг маълум қисмини Ўзбекистон таъминламоқда. Мазкур вазият Ўзбекистон ҳукумати олдига қатор вазифаларни қўймоқда, хусусан, ушбу давлатларга иш излаб кетаётган меҳнат мигрантлари учун қулайликлар ва етарли шароитлар яратиб бериш, катта маош тўланадиган иш ўринларига жойлашишлари учун уларни мутахассислик бўйича тайёрлаш, ижтимоий шароитларини яхшилаш ва ҳоказолар.

ЕОИИ давлатларида айни вақтда 2,3 млн. нафардан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари меҳнат қилмоқда. Хусусан, бу кўрсаткич Россияда 2 миллионга яқин, Қозоғистонда — 300 минг, Қирғизистонда — 25 минг нафар ўзбекистонликларни ташкил этади.

Ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари дуч келаётган муаммо ва тўсиқлар

Биринчи муаммо – бу патент олиш харажатларининг юқорилиги ва тартиб-тамойилларнинг мураккаблиги. Россияда меҳнат қилаётган фуқароларимизнинг 30 фоизидан ортиғи ишлаш ва яшаш учун расмий рухсатнома (патент) олмаган ҳолда ишламоқда. Бунинг асосий сабабларидан бири бу патент олиш харажатларининг юқорилиги ва тартиб-тамойилларнинг мураккаблиги ҳисобланади.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистон фуқаролари Россияда ишлаш ҳуқуқини қўлга киритиш мақсадида рухсатнома олиш учун мурожаат қиладиган бўлсалар, уларга фақат 1 йил муддатга патент берилади, холос. Бунинг учун эса, тахминан 500 АҚШ доллари миқдоридаги тўғридан-тўғри ва билвосита сарфланадиган маблағ керак бўлади.

Бундан ташқари, ҳар ойда тахминан 50–125 АҚШ доллари миқдоридаги мажбурий тўловлар тўланиши ва бошқа сарф-харажатлар эътиборга олинса, ҳар йили бир киши 1700 АҚШ долларининг баҳридан ўтиши керак.

Қозоғистонда эса, рухсатнома олиш билан боғлиқ харажатлар йилига 200-1000 долларни ташкил этиб, уни даставвал иш берувчи тўлаб беради, кейинчалик ишчи-мигрантнинг ойлиги ҳисобидан қоплаб олинади.

Иккинчиси,  касб-ҳунарга оид тақиқларнинг мавжудлиги. Ўзбекистонлик мигрантларга дорихоналар, чакана турғун бўлмаган чакана савдо шаҳобчалари ва бозорларда ишлаш тақиқланади.

Ўзбекистонлик мигрантлар ихтисослашган дўконларда алкогол ва тамаки сотиш каби соҳаларда ишлаши мумкин, аммо улар ташкилот ходимлари умумий сонининг 15 фоизидан кўп бўлмаслиги керак. Спорт соҳасида мигрантлар кўпи билан 25 фоиз, қуруқликдаги йўловчи ва юк ташиш транспортида эса - корхона ходимлари сонининг энг кўпи билан 26 фоизи бўлиши керак.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида мазкур чегара 50 фоизни, қурилиш соҳасида эса 80 фоизни ташкил қилади.

Учинчиси эса, Ўзбекистонлик мигрантлар ЕОИИ давлатларидан бирига келганларидан сўнг олти ой ўтгач, солиқ тўловчилар тоифасига ўтказиладилар, яъни масалан Россияда улар жисмоний шахслар даромадидан олинадиган солиқ ставкасини 13 фоиз ўрнига 30 фоиз миқдоридаги солиқни тўлайдилар.

Шу ва бошқа масалалар ўзбекистонлик мигрантларнинг эркин меҳнат фаолиятини олиб боришлари учун етарли шароит яратиш бўйича мавжуд имкониятларни батафсил ўрганиб чиқиш ва кенг таҳлил қилиш зарурлигини келтириб чиқармоқда.

ЕОИИга аъзолик Ўзбекистон меҳнат мигрантларига қандай қулайликлар яратиши мумкин?

ЕОИИга аъзо давлатлар меҳнат мигрантларининг имкониятлари аъзо бўлмаган давлатлар, жумладан бошқа МДҲ давлатларига нисбатан кўпроқ қулайликлар яратилган.

Биринчидан, ЕОИИга аъзо давлатлар фуқаролари ишлаш учун рухсатнома олишлари шарт эмас, фуқаролик шартномаси асосида меҳнат фаолиятини амалга оширишлари мумкин.

Иккинчидан, аъзо давлатлар фуқаролари, яъни мигрантлар ва уларнинг оила аъзолари 30 кунгача рўйхатдан ўтмасдан аъзо мамлакатлар ҳудудида бўлишлари мумкин. Мигрант ва унинг оила аъзосининг аъзо мамлакатлар ҳудудида вақтинча бўлиб туриш муддати меҳнат шартномаси ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартномада кўрсатилган ҳолда белгиланади.

Учинчидан, ижтимоий таъминот (ижтимоий суғурта) соҳасида ва даромад солиғи ставкаси белгиланишида ҳам ўша давлат фуқаролари билан тенг равишда қаралади.

Тўртинчидан, дипломлар ва малака сертификатлари тўғридан-тўғри тан олинади.

Бешинчидан, пенсия таъминоти учун ишланган иш стажи ҳисобга олинади.

Олтинчидан, шошилинч тиббий ёрдам мигрантларга ҳамда уларнинг оила аъзоларига, мазкур давлат фуқаролари каби бир хил ва шартларда бепул тақдим этилади.

Бироқ, шунга қарамай, ЕОИИниинг «Умумий меҳнат бозори»да айрим муаммоли масалалар ҳам мавжуд.

Ўз ўрнида айтиш лозимки, ЕОИИга аъзо давлатларда «Умумий меҳнат бозори», яъни меҳнат мигрантларининг эркин ҳаракати таъминланганлиги ва қатор қулайликлар яратилгани билан бир қаторда айрим камчилик ва муаммолар ҳам йўқ эмас.

Мазкур муаммоли масалалар нафақат мигрантларни жўнатувчи давлатлар (Арманистон, Қирғизистон), балки қабул қилувчи давлатлар (Россия)нинг  етакчи экспертлари, ҳуқуқшунослари томонидан ҳам охирги вақтларда кўп бора таъкидланмоқда.  Жумладан:

Биринчиси, ЕОИИнинг аъзо давлатлари ҳисобланган Арманистон ва Қирғизистон меҳнат мигрантларининг катта қисми яратилган имкониятларга қарамасдан, барибир иш берувчи билан меҳнат шартномасини тузмаётганлиги кузатилмоқда.

Бунга сабаб, биринчидан, мигрантларнинг амалдаги қонун меъёрлари тўғрисида хабардор эмаслиги, иккинчидан, иш берувчилар томонидан мигрантларни меҳнат шартномасиз ишлашга мажбурлаши, учинчидан эса Россия ва Қозоғистонда ўз ватандошларининг ноқонуний ишлашини фойдали бизнесга айлантирган хуфёна воситачиларнинг фаолияти натижаси ҳисобланади.

Иккинчиси, ЕОИИда мигрантларни қабул қилувчи асосий давлатларда (Россия, Қозоғистонда) фуқаролар ва мигрантларнинг меҳнат ва ижтимоий ҳуқуқларининг тенглиги принципи тўлиқ амалга оширилмаётганлиги кузатилмоқда.

Бунинг асосий сабаби эса мазкур давлатларнинг миллий қонунчилиги ҳужжатлари Евросиё иқтисодий иттифоқи тўғрисидаги Шартнома қоидаларига мувофиқ ҳолда тўлиқ ишлаб чиқилмаганлигидир.

Учинчиси, меҳнат мигрантларига катта талаб бўлаётган давлатлар, яъни мигрантларни қабул қилувчи давлатларда меҳнат миграциясини қўллаб қувватловчи инфраструктура, яъни мигрантлар ва иш берувчилар учун махсус ихтисослаштирилган ахборот, маслаҳат ва таълим хизматлари етарли даражада ривожлантирилмаган.

Ваҳоланки, ЕОИИдаги «Умумий меҳнат бозори» мигрант жўнатувчи давлатлар ҳукуматлари томонидан ишлаш учун кетаётган фуқароларига қулайлик ва етарли шароитлар яратиб бериш ва мигрантларни касбий ва тил тайёргарлиги бўйича мослаштирув ишларини олиб бориши каби вазифаларни амалга ошириши лозим бўлаётгани каби мигрантларга катта талаб бўлаётган, яъни қабул қилувчи давлатларда ҳам худди шундай вазифаларни амалга оширилиши лозим бўлиши керак эди.

Хулоса...

Юқоридаги келтирилган мулоҳаза ва шарҳлар фақат мазкур иқтисодий иттифоқда ташкил этилган «Умумий меҳнат бозори» ҳолатини таҳлил қилиш нуқтаи назаридан эди, холос.

Зеро, Ўзбекистоннинг кузатувчи мақоми «Евросиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи давлат мақоми тўғрисида»ги низомга мувофиқ, иттифоқ доирасида қабул қилинаётган ҳужжатларни амалда татбиқ этилишини янада чуқурроқ ўрганиш, аъзо давлатларнинг ўзаро ҳамкорлик механизмлари, қарор қабул қилиш жараёни, мавжуд меъёрий-ҳуқуқий база ва уни қўллаш амалиёти каби муҳим жараёнлар билан танишиш имкониятини яратади.

Элдор Туляков,
«Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг