Инсон ҳаётининг «энг ҳорғин даври» қачонлиги айтилди
Инсон ҳаётининг энг ҳорғин йиллари 40 ва 50 ёш оралиғидаги даврдир, чунки ушбу ўн йилликда юқори касбий ва оилавий юкламалар ҳамда организмдаги ёшга доир ўзгаришлар бир вақтга тўғри келади. Буюк Британиянинг Бристол университети ўтказган тадқиқот ҳақида The Daily Mail нашри ёзмоқда.
Тадқиқотчиларнинг тушунтиришича, 20 ёшда организм кам ухлаш ва жисмоний юкламаларни енгилроқ ўтказади. Мушаклар тезроқ тикланади, яллиғланиш жараёнлари тезроқ ўтади, ҳужайралар эса энергияни самаралироқ ишлаб чиқаради. Бу режим бузилган тақдирда ҳам иш қобилиятини узоқроқ сақлаш имконини беради.
30 ёшдан кейин, агар инсон танасини жисмоний машқлар билан кучайтирмаса, мушак вазни камайишни бошлайди. Организм кундалик ҳаракатлар учун кўпроқ ресурс сарфлайди, тикланиш эса кўпроқ вақт талаб этади. Уйқусиз тунлар ва стресс саломатликка кучлироқ таъсир қила бошлайди.
40 ёшдан сўнг, уйқу вақти етарлича бўлган тақдирда ҳам, унинг сифати ёмонлашади. Инсон ўзини дам олгандек ҳис қилиши кам кузатилади. Шу даврнинг ўзида ақлий юклама ҳам ортади: кўпчилик раҳбарлик лавозимларини эгаллайди, ишга ва оилага эътибор, ота-онага ғамхўрлик кўпроқ вақт талаб этади.
Когнитив кўп вазифалилик худди жисмоний фаоллик каби кўп энергия талаб қилади. Натижада, ҳатто оғир жисмоний меҳнатсиз ҳам чарчоқ юзага келади.
Тадқиқотчилар бундай ҳолатнинг сабабини биологик имкониятлар ва мажбуриятлар ҳажми ўртасидаги номутаносиблик билан боғлашади. Шу билан бирга, улар мунтазам уйқу, жисмоний фаоллик, оқсилнинг етарли миқдорда истеъмол қилиниши ва стрессни бошқариш организмга тушадиган юкламани камайтиришга ёрдам беришини таъкидлашади.
Олимларнинг таъкидлашича, 60 ёшдан кейин кўпчиликда энергия даражаси барқарорлашади. Бу босимининг камайиши ва стресс даражасининг пасайиши билан боғлиқ.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter