Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Миллий хавфсизлик хизматининг янги раиси Ихтиёр Абдуллаев нимага қодир?

Миллий хавфсизлик хизматининг янги раиси Ихтиёр Абдуллаев нимага қодир?

Ихтиёр Абдуллаев — Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати раиси.

Фото: «Uznews.uz»

Жорий йилнинг 31 январида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг янги раиси этиб тайинланган Ихтиёр Абдуллаев аслида ким? У Ўзбекистонда сўнгги 20 йил давомида энг қудратли муассасага айланган «давлат ичидаги давлатни» ислоҳ қилишга қодирми?

У бир ой давомида тизимни 30 фоиз қисқартиришга, боши ва оёғини йўқотган асов «гипертузилма»нинг тизгинини маҳкам тортишга ҳамда ваколат ва вазифалари кўламидан чиқиб кетмаслигини таъминлашга уринмоқда.

Ихтиёр Абдуллаевни юқори доираларда «реформатор» дейишади.

2007 — 2009-йилларда Ўзбекистон Президентининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича давлат маслаҳатчиси лавозимида ишлаганида ҳам ушбу оғриқли соҳани ислоҳ қилишга жиддий уриниб кўрган, бироқ Ислом Каримовнинг қатъий қўллаб-қувватлашига кўзи етмагач, Қодиров — Иноятов тандемининг кучли босими остида бошлаган ишларини ортга ташлаган эди.

У 2009 йилдан 2015 йилгача Ўзбекистон Президентининг ташкилий ва кадрлар масалалари бўйича давлат маслаҳатчиси сифатида фаолият юритган кезларида ҳам Президент девони ичида қатор таркибий ўзгаришларни амалга оширган, аммо бу ҳам «тепадан қуйига» кўринишини ҳосил қилмаган эди. Ихтиёр Абдуллаев бу лавозимда туриб, Президентининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича давлат маслаҳатчиси вазифасини ҳам амалда ўзи бажариб келганини айтишади.


Мавзуга доир:

Миллий хавфсизлик хизматининг янги раиси Ихтиёр Абдуллаев ҳақида нималарни биламиз?


Ихтиёр Абдуллаев «ватан учун ёниб ишлайдиган, ортида ҳеч бир казо-казо турмайдиган, оддий меҳнаткаш йигитлар»ни яхши-яхши лавозимларга ўтказишга ҳаракат қилди. У девонда ўз хизматига олган ёшларни, айрим давлат маслаҳатчиларига ўхшаб гул умрини чиритиб, узоқ йиллар кабинетида ушлаб ўтирмас, бир-икки йил «сиёсат қозони»да тоблаб-пишириб, вазир, вазир ўринбосари, бош бошқарма бошлиғи, вилоятлардаги бошқармаларга раҳбар, туманларга ҳоким ва бошқа амалларга тинимсиз учирма қилди.

Бироқ ўша пайтдаги собиқ бош прокурор Рашиджон Қодиров ва ҳозир ўзи раҳбарлик қилиб турган идоранинг (ҳозир ишдан ҳайдалган ёки қамалган) айрим валломатлари унинг бундай «эркин ҳаракати»ни нақ ўзбилармоннинг шаккоклигига йўйди ва зимдан тиш қайради. Яхши ниятлар билан «ўстирилган» кўп фидойи кадрларнинг «белини синдиришди».

У ҳокимиятдаги жуда кўп ходимларнинг истагини ифода этган ва уларни ҳимоя қилишга қаратилган, ўша вақтдаги бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан илгари сурилган «Давлат хизматчилари тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг қабул қилинишига ҳам астойдил интилган эди, бироқ «молиялаштириш манбаларининг йўқлиги» важидан бу ҳужжат тортмаларда сарғайиб қолиб кетди.

52 ёшли генерал шунчаки ҳуқуқшунос ёки оператив ходим эмас, аслида у сиёсий ўзгаришларга яхши мослаша оладиган ва бошқарув стратегиясини атрофлича идрок этадиган сиёсатчи ҳамдир. У шунингдек, асли фарғоналик бўлса-да, кўплаб раҳбарларда учрайдиган «маҳаллийчилик касаллиги»га қарши ички маънавий иммунитетга эга элитанинг кам сонли вакилларидан саналади.

У Президентнинг шахсан ташаббуси ва қўллаб-қувватлаши билан икки йил ичида чириб бўлган прокуратура тизимини муваффақиятли «тозалай олди» ва қаддини бир поғона кўтариб берди. Истиқболда уни бошқа лавозимлар кутаётган бўлиши ҳам мумкин.

Ҳозир МХХнинг президент ва халқ истаган қиёфасини яратиш, манфаатлари чегарасини аниқ-равшан белгилаб бериш, уни оптималлаштириш, ватан учун ёниб яшайдиган ҳалол кадрлар билан тўлдириш каби ўта мураккаб вазифаларни бажариш талаб қилинмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев кучишлатар органларнинг кадрлар тизимини ислоҳ қилар экан, муайян гуруҳларнинг эмас, балки Ўзбекистон халқининг манфаатларини энг устун қадрият деб ҳисобламоқда. Иккинчидан, бошқарув ишларига қайсидир идоранинг тор манфаатларига хизмат қиладиган «мафкуравий ёндашуви»ни мутлақо аралаштирмаган ҳолда муваффақиятли иқтисодий ислоҳотларни ўтказиш ниятида.

Саид Ибрагимов

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг