Мана сизга қурбонлик, хоҳлаганча ғажинг ёхуд калит тирқишидан мўралаётганлар....
Воеризм (voyeurisme) ташхиси қўйилган одамга ҳаммом, ётоқхонадаги кимнидир кийимсиз ҳолатини яширин кузатишлари учун калит тирқиши ёки девордаги дарз етарли. Бугунги кунда эса бу касаллик “маданиятлашди”, энди бировнинг кийимсизлигини кўриш учун ҳаммом атрофида изғиш шарт эмас, қўлдаги смартфон ва интернет кифоя. Биз “маънавий воеризм” асрида яшаяпмиз....
Сиз калит тирқишини қидириб туринг-чи...
Охирги кунларда юз берган “Тафтиш.уз” жамоси билан боғлиқ воқеалар фонида бошқа фидойи журналистларга нисбатан “фирибгар” деган нотўғри тамға босилаётганининг гувоҳи бўляпмиз. Тартиббузарлик ва давлат идораларига ҳурматсизликни, ҳеч бир жиноятни, айниқса, одамларнинг ишончига кириб қилинадиган фирибгарликни оқлаб бўлмайди. Ҳар қандай фирибгар қонун олдида албатта жавоб бериши шарт...
Бу воқеа фонида айримлар фирибгарларни “ишлаган одам хато қилади-да” ёки “ҳозирги замонда манфаатсиз ким ишлайди?” қабилида оқлашга уринмоқда. Келинг, нарсаларни ўз номи билан атайлик: фирибгарлик, шантаж ёки товламачилик журналистнинг ишидаги “хато” эмас! Бу онгли равишда содир этилган жиноят. Хато бу мақоладаги имловий хато ёки фактни нотўғри текшириш бўлиши мумкин, лекин одамларни алдаб пул ишлаш бу касбий фаолиятда “адашганлик” эмас.
Яъни “ҳамма манфаат учун ишлайди” деган қараш ўз касбига садоқатли, ҳалол журналистларга нисбатан адолатсизлик ва ҳақоратдир. Бир фирибгарнинг қилмиши сабабли бутун бошли соҳа вакилларини “манфаатпараст” деб тамғалашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Афсуски, бугунги “оммавий линч” ва нотўғри талқинлар натижасида жамиятда ҳалол журналистларга нисбатан ҳам шубҳа ва нафрат шаклланмоқда. Бундай қарашларнинг шаклланишига эса давлатнинг бош қонунлари қўпол равишда четлаб ўтилаётгани сабаб бўлмоқда, ҳали суд жараёнлари якунланмасдан хабарлар тарқатилиши, маълумотлар сизиб чиқарилиши шу жумладан...
Масалан, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 26-моддасида “Жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди”, деб белгилаб қўйилган. Жиноят-процессуал кодексининг 23-моддасида “Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи унинг жиноят содир этишда айбдорлиги қонунда назарда тутилган тартибда исботлангунга ва қонуний кучга кирган суд ҳукми билан аниқлангунга қадар айбсиз ҳисобланади”.
Нима учун бу моддалар муҳим?
Агар мана шу моддаларни менсимасак, жамиятда “судсиз ҳукм” чиқариш анъанага айланади. Бу эса ҳар қандай кимгадир ёқмай қолган бошқа бир инсонни, ҳатто у мутлақо айбсиз бўлса ҳам, ижтимоий жиҳатдан йўқ қилиш мумкин деганидир. Нафрат занжири шундай уланадики, бугун айбдорга нисбатан қўлланган бу “виртуал сазойи қуроли” эртага мутлақо айбсиз, яна бир шахсга нисбатан ҳам қўлланилиши мумкин.
Адолат бу фақат айбдорни қамаш эмас, балки ўша айбдорнинг ҳам қонуний ҳуқуқларини ҳурмат қилишдир.
Хўш, ижтимоий тармоқлардаги “айбдор, қамаш керак, баттар бўлсин”, деган изоҳлар ва оммавий нафрат муҳити суд ишига психологик босим ўтказмайди деб ким айта олади?
Агар шахс фирибгарликда айбланаётган бўлса, тергов ва суд фақат ўша иқтисодий жиноятга (далиллар, пул ўтказмалари, гувоҳлар) баҳо бериши керак. Унинг 14 ёшида уйдан чиқиб кетгани ёки шахсий ҳаётидаги бошқа тафсилотлар жиноят таркибини ўзгартирмайди, яъни жиноятига жиноят қўшмайди. Бизни ташвишга солаётган жиҳат мана шу маълумотларни тарқатишдан мақсад нима, қизни жамият назарида “ёмон аёл” ёки “тарбиясиз” қилиб кўрсатиш орқали унга нисбатан нафрат уйғотишми?
Сир эмас, охирги вақтларда аёл киши гумонланувчи ёки жабрланувчи бўлса, унинг хатти-ҳаракатидан кўра кўпроқ “ахлоқи” муҳокама қилина бошлайди. Бу омманинг диққатини асосий муаммодан чалғитишнинг энг осон йўли эмасми? “У фирибгарлик қилган бўлиши мумкинми”, деган савол қолиб, “у 14 ёшида нима қилган эди?” деган қизиқиш биринчи ўринга чиқади. Бу эса терговнинг холислигига таъсир қилади.
Суратлари катта-катта қилиб тарқатилаётган, фирибгарликда гумонланаётган “Тафтиш.уз” жамоаси аъзоларининг қилмишлари қонун олдида жавобгарликка сабаб бўлиши шарт. Лекин уларнинг шахсий ҳаётидаги эски хотираларни кавлаб чиқиш бу адолат ўрнатиш эмас, балки оммавий томоша кўрсатишдир.
Афсуски, ижтимоий тармоқларда, айниқса, ўзбек сегментида шахсий ҳаётни ковлаш энг катта қуролга айланди. Нега одамларнинг эътибори қизнинг ўтмишига қаратилмоқда, чунки бу қизни жисмонан эмас, айнан ижтимоий шахс сифатида “ўлдириш” истагидир. Ёш қизнинг эшикларни тепиб кириши ва ўзини баланд тутиши умуман на этикага, на ҳақ-ҳуқуқ талаб қилишга киради, балки бундай ҳаракат тизим ходимлари учун ҳақоратдек туюлган бўлиши мумкин. Хўш, қарши реакция қандай бўлди: “Сен бизни менсимадингми, мана энди биз сени бутун халққа кимлигингни кўрсатиб, шарманда қиламиз” деган ҳужумни кўриш мумкин. Лекин масаланинг иккинчи, жуда хавотирли томони бор. Биз ҳуқуқий давлатда яшаяпмизми ёки ўрта асрларнинг “сазойи қилиш” майдонидами? Илгари одамлар майдонда тўпланиб кимнидир тошбўрон қилган бўлса, ҳозир бу ижтимоий тармоқларга кўчди. Инсон айби исботланмасдан туриб, бутун жамият томонидан лаънатланмоқда. Кейинчалик интернетдаги “тамға” бутун умр унинг оиласи, фарзандлари ҳеч қандай айби бўлмаса-да, маънавий тазйиқ остида қолиши ҳеч кимни ташвишлантираётгани йўқ.
Нафрат тили
Журналистикада нафрат тили (hate speech) деган атама бор. Бу нафақат маънавий тубанлик, балки жамиятни ичидан емирувчи ва ҳуқуқий тизимни фалаж қилувчи хавфли қуролдир. Яъни бизни кўпроқ хавотирга солиши керак бўлган яна бир ҳолат бу жамиятимизда гуриллаб ёнаётган нафрат тилидир. Бизни жиноятчи билан бирга уни “ёмонотлиқ” қилиш учун ишлаб чиқилаётган шундай усуллар кўпроқ қўрқитиши керак. Чунки фикри тез ўзгарадиган ва нафрат билан бошқариладиган оломон бор жойда адолат қарор топмайди!
Ижтимоий тармоқларни кузата туриб журналистлар уюшмасига нисбатан ҳам иддаолар янграётганини кўриш мумкин. Тўғри, “Тафтиш уз” каби нашрларда профессионал журналистлар ишламасдир, улар уюшма аъзоси бўлмаслиги мумкин. Шу сабабли уюшма бу шахслар учун баёнот беришга мажбур эмас. Аммо гап бошқа нарсада: журналистлар уюшмаси ижтимоий тармоқларда авж олаётган, инсон қадр-қимматини топтаётган нафрат тилига нисбатан ўз муносабатини билдиришга ҳақли ва мажбур эди. Чунки нафрат тили тарқалаётган жойда сўз эркинлиги эмас, балки ахлоқсизлик бошланади.
Нафрат тили объективликни ўлдиради. Одамлар нафратга берилганда, ҳатто энг оддий далилни ҳам кўрмай қоладилар. Айби ҳали судда аниқланмаган гумонланувчиларга қарши бутун бошли “нафрат машинаси”нинг ишга туширилиши нотўғри йўл. Одамлар ижтимоий тармоқларда бир-бирининг гўштини ейишга тайёр туришибди. Энди ҳеч кимга жиноятнинг тафсилотлари қизиқ эмас, ҳаммага шармандалик томошаси керак. Энди ҳеч ким қонун моддасини ўқимайди, балки ҳамма энг оғир ҳақоратни ёзишда мусобақалашади. Бундай муҳитда эса холислик ва ҳақиқат орқа фонга ўтади.
Шахснинг айбини исботлаш ўрнига, унинг шахсий ҳаётини омма муҳокамасига ташлаш бу оломонга “Мана, сизга қурбонлик, хоҳлаганча ғажинг!” дейиш билан баробар.
Биз нафрат тили билан жиноятчиликни тугата оламизми, йўқ! Аксинча, биз шунчаки нафратга тўла, шафқатсиз ва қонун ишламайдиган жамиятни барпо этамиз. Бугунги “қурбон” ким бўлишидан қатъи назар, унинг шахсиятига отиладиган ҳар бир тош аслида бизнинг ҳуқуқий маданиятимизга отилган тош эмасми? Яъни, бундай суяк ташлашлар орқали одамларнинг онги заҳарланмоқда – ҳамма ўзича судя, ҳамма ўзича жазоловчи.
Нафратдан жирканчликкача бир қадам
“Энг даҳшати – ижтимоий тармоқлардаги муҳокамаларнинг даражаси. Шу пайтгача гумонланувчи, жабрланувчи аёллар мисолида биз жамиятнинг нақадар чуқурликка чўкаётганини кўрдик.
Инсоннинг шахсий ҳаётини ковлаш, аёл кишининг номусини энг паст сўзлар ва ахлоқсиз сарказм билан топташ бу маънавий воеризм, яъни бировнинг шахсий ҳаётини кузатишдан лаззатланишдир. Тасаввур қилинг, шахс тергов остида, қўлида кишан, юзида қўрқув ва чорасизлик турганида унинг шахсий ҳаётига оид “ахлоқсиз” маълумотларни ковлаш омма учун бир турдаги “маънавий озуқа”га айланмоқда. Одамлар жиноятни эмас, балки “у ким билан бўлган экан?”, “14 ёшида нима қилган экан?” каби саволларга жавоб излашмоқда. Бу худди бировнинг ички кийимини ҳамманинг олдида ёйишдек гап.
Маънавий воеризм хасталигига чалинганлар ўзларининг бу қизиқишларини “адолат излаш” ёки “ахлоқсизликни жазолаш” ниқоби остида яширишади. Гўёки, улар жамиятни тозаламоқчидек, лекин аслида улар шунчаки бировнинг шахсий ҳаётига тааллуқли “жирканч” тафсилотларни эшитиш ва муҳокама қилиш иштиёқида бўладилар. Бундай инсонлар ўзларининг шахсий ҳаётидаги бўшлиқни бошқаларнинг шармандалигини кузатиш орқали тўлдиришади. “Мен ундан яхшироқман” деган сохта туйғуни ҳис қилиш учун кимнидир лойга ботиришдан лаззатланишади.
Нега буни “жирканч” дедик?
Чунки бу жараёнда инсоннинг қадр-қиммати йўқолади. Жиноятчи жинояти учун жазоланиши керак, лекин унинг шахсиятини оммавий равишда “кузатиш” ва “муҳокама қилиш” – бу жамиятнинг ҳам маънавий жиҳатдан хасталанганидан далолат беради. Қанийди билганингизда эди: “Сиз адолат истаётганингиз йўқ, сиз шунчаки бировнинг фожиаси, шахсий ҳаётидан веоризм ташхиси қўйилганлардек ва улардек яширинча тирқишдан мўралаб лаззатлангандек лаззат олаяпсиз.
Афсуски, бировнинг хатоси ёки шахсий суратлари тарқалганда, жамиятнинг катта қисмида ўша машҳур “тирқишдан мўралаш” инстинкти уйғонаяпти. Фақат улар девор ортида эмас, монитор қаршисида ўтириб, бегонанинг ҳаётини муҳокама қилиш орқали руҳий лаззатга эришмоқдалар.
Бу жараён шунчаки қизиқувчанлик эмас, балки руҳий компенсациядир. Бошқанинг “кир ҳаёт”ини ковлаш орқали инсон онг остида ўзини пок ва мукаммал ҳис қила бошлайди: “Мен ундай эмасман”, дея ўз нафсини қондириб лаззатланади, ўзидан фахрланади, “у ўзи яхши одам бўлмаган экан”, дея ўз ички комплексларини бошқанинг таназзули ҳисобига даволайди, гўёки ҳамма ҳакам. Биз бировнинг ҳаётини калит тирқишидан кузатишни “қизиқиш” ёки ахлоқан тартибга чақириш деб атаймиз, аслида эса бу ўз маънавиятимиздаги бўшлиқни бошқаларнинг кўргилиги билан тўлдиришга бўлган патологик эҳтиёждир. Бугунги кунда энг катта “калит тирқиши” бу бизнинг лентамиздаги янгиликлар ва бировнинг шаънини муҳокама қилувчи гуруҳлардир.
Маънавий воеризмнинг хавфли жиҳати шундаки, унда шахсий макон жисмонан бузилмайди, лекин руҳан таҳқирланади. Ижтимоий тармоқлардаги ҳар бир “сенсацион” хабар – бу жамият учун очиб қўйилган янги бир калит тирқишидир. Одамлар у ерга навбат билан мўралайдилар, лаззатланадилар ва сўнгра “ахлоқ” ҳақида маъруза ўқиб, уй-уйларига “тарқаладилар”.
Инсон қандай жиноят қилган бўлмасин, у ҳали ҳам инсон. Унинг айбини суд белгилайди, лекин кимдир унинг тўшагини, шахсий ҳаётини муҳокама қилишга ва уни ҳақоратлашга ҳуқуқ берилгани йўқ. Бундай нафратли ва жирканч изоҳларни ёзаётганлар аслида ўша жиноятчидан ҳам кўра хавфлироқ ахлоқий жиноят содир этмоқдалар. Биз жиноятчиликка қарши курашамиз деб, ўзимизнинг инсонийлигимизни ва маданиятимизни йўқотиб қўймаяпмизми?
Жиноятни қораланг, адолат қарор топиб, қилмишларига яраша жазо олишларини сўранг, лекин мўралаб лаззатланиш учун калит тирқиши ёки девор ёриғини қидиришни бас қилинг...
Барно Султонова


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter