Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Олтин қандай пайдо бўлади?

Олтин қандай пайдо бўлади?

Фото: Suradeach Saetang / Unsplash.com

Геологлар олтин Ер қобиғининг чуқур қатламларида, юқори босим ва ҳарорат остида шаклланишини аниқлашди. Тадқиқот натижалари Communications Earth & Environment журналида чоп этилди.

Тадқиқотчилар Ер қаърида олтиннинг йирик тўпламлари ҳосил бўладиган ҳудудларни белгилаб беришди. Бу жараёнлар элементларнинг кимёвий ўзгаришига сабаб бўлувчи юқори ҳарорат ва босим таъсири билан бевосита боғлиқдир.

Хусусан, Ер қобиғининг чуқур қатламларида минераллар ва флюидлар (суюқликлар) таъсирга киришадиган ўзига хос нуқталар мавжуд. Мутахассислар бундай ҳудудларни металлар эритмага ўтиб, ҳаракатланадиган ва кейинчалик тўпланадиган «ошхона»га қиёслашмоқда. Вақт ўтиши билан бу жараён руда таналарининг шаклланишига олиб келади.

Олтиннинг ажралиб чиқишига бир нечта омил таъсир кўрсатади. Улар орасида геотермал оқимлар, тектоник плиталарнинг ҳаракати ва тоғ жинсларининг таркиби алоҳида аҳамиятга эга. Ушбу омилларнинг уйғунлиги металлнинг эритмалардан ажралиб чиқиши ва қаттиқ шаклга ўтиши учун зарур шароитларни яратади.

Олтин Ер қобиғида кенг тарқалган бўлса-да, йирик конлар фақат муайян шароитлар занжири мос келгандагина вужудга келади. Бу олтин конлари сони чеклангани ва фақат айрим геологик зоналарда жойлашгани ҳақидаги саволга ойдинлик киритади.

Олинган янги маълумотлар янги олтин конларини кашф этиш ва ўзлаштиришда ёрдам бериши кутилмоқда: геология-қидирув ишларини режалаштириш енгиллашади ва қазиб олиш самарадорлиги ошади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг