Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Қорабоғда икки фронтда жанг қилишимизга тўғри келди...» — Озарбайжонлик депутат «Xabar.uz»га интервью берди

«Қорабоғда икки фронтда жанг қилишимизга тўғри келди...» — Озарбайжонлик депутат «Xabar.uz»га интервью берди

Қорабоғдаги ғалаба муносабати билан 2020 йил 10 декабрь куни пойтахт Бокуда ҳарбий парад ўтказилган.

Фото: “Trend.az”

Бундан бир йил аввал замонавий Озарбайжон тарихида муҳим ҳодиса рўй берди. Мамлакат армияси Қорабоғда 2020 йил 27 сентябрдан 9 ноябрга қадар Арманистон Қуролли кучларига қарши кечган жангларда қарийб 30 йил ишғол остида бўлган ҳудудларини қайтариб олди. 2020 йилнинг 10 ноябрида Озарбайжон, Арманистон ҳамда Россия ўртасида уч томонлама битим имзоланди. 44 кунлик уруш якунида Қорабоғдаги 5 та шаҳар, 4 та посёлка ҳамда 286 та қишлоқ яна Озарбайжон тасарруфига ўтди. Шу тариқа мамлакат ҳудудий яхлитлиги тикланди.

Озарбайжон етакчиси Илҳом Алиевнинг фармони билан Қорабоғнинг бош кенти Шуша шаҳри озод қилинган 8 ноябрь Зафар куни ўлароқ белгиланди. Мазкур сана арафасида Озарбайжон Миллий Мажлиси депутати, сиёсий фанлар доктори, профессор Ҳикмат Бобоўғли Мамедов билан Қорабоғ уруши якунлари хусусида суҳбатлашдик.

Ҳикмат Бобоўғли Озарбайжон парламенти Мудофаа, хавфсизлик ва коррупцияга қарши кураш қўмитаси раисининг ўринбосари ҳисобланади.

– Ҳурматли Ҳикмат муаллим, яқинлашиб келаётган Зафар куни билан қутлаймиз. Қорабоғ нафақат Озарбойжон, балки барча туркий миллатлар қалбидаги қора доғ бўлиб келган эди. Хайриятки, ҳасратли кунлар ортда қолди, қора доғлар ювилди. Қорабоғдаги ғалаба Озарбайжон халқи ва шахсан сиз учун қанчалик қадрли?

–  Сўз аввалида тарихий ғалаба хусусидаги фикр-мулоҳазаларимни қардош ўзбек халқига етказиш имконини бергани учун «Xabar.uz» таҳририятига миннатдорлик билдираман. Қорабоғ – Озарбайжон халқининг азалий ва қадимий заминидир. Бу замин улуғ даҳоларни тарбиялаган. Шарқда илк опера муаллифи саналган Узайр Ҳожибейли,  оташнафас хонанда Булбул, буюк шоирларимиз Хуршидбону Нотавон, Қосимбей Зокир ва яна бошқа юзлаб қалам аҳли Қорабоғда таваллуд топган. Энг асосийси Қорабоғ бу ватандир. Ватаннинг ҳар бир қарич тупроғи эса саждагоҳ каби муқаддас саналади. Бинобарин, бу тупроқларнинг ишғол остида бўлгани биз учун буюк фожиа, умуммиллий дард ва қайғу эди. Аллоҳга шукрки, қаҳрамон Озарбойжон қўшини музаффар Олий бош қўмондон раҳбарлигида азалий тупроқларимизни озод қилди ва миллий дардимизни миллий шодлик ва ғурурга айлантирди. 27 йил давомида оккупантлар ҳукми остида бўлган ерларнинг озод этилиши – нодир ҳодисадир.

Шахсан мен учун ҳам Қорабоғ миллий ғурур ва шаън масаласи эди. Инсоннинг энг ҳассос ва кучли икки туйғуси бор. Уларнинг бири миллий, иккинчиси эса диний туйғудир. Мазкур туйғуларнинг таҳқирланиши инсоннинг қалбига ханжар каби ботади. Биз ҳам қарийб 30 йил ана шундай изтироблар ичида яшадик. Энди эса «арман фашизми»  деб аталган ҳодисадан устун келиб ғалаба эришдик.  Дунёда бундан ортиқ сурур бормикан?!

Мавзудан андак четга чиқиб бўлса-да, бир тарихий маълумотни ёдга олмоқчиман. Баракотли Қорабоғ тупроқлари буюк ҳукмдоримиз Амир Темурнинг эътиборидан ҳам четда қолмаган. Саркарда Онадўли юриши пайти Қорабоғ адирларида қишлаган. Амир Темурнинг иттифоқчиси ва дўсти Ширшоншоҳ I Иброҳим эса қўшин таъминотига кўмак берган. Тошкентдан Хўжанд сари юрилганда, йўлда Қорабоғ номли туман ва қасабага дуч келасиз. Бу ҳам тасодиф эмас, албатта.

– Бугун сайёрамиз киприкдаги ёшдек қалқиб турибди. Табиийки, бир минтақада рўй берган жангу жадал бошқа ҳудудларда ҳам таъсир этмай қолмайди. Қорабоғдаги ғалаба Кавказ минтақаси ва бутун дунёда қандай геосиёсий ўзгаришларга олиб келди?

– Қорабоғ зафари Жанубий Кавказда сўнгги юз йил давомида шаклланган кучлар мувозанатини ўзгартириб, янги геостратегик реалликни юзага келтирди. Юз йил давомида Кавказдан иҳоталанган Туркия яна минтақага дохил этилди. Шу тариқа минтақа энтостратегиясида адолат ва мувозанат ўрнатилди. Сўнгги ҳодисалар бутун туркий дунё учун янги истиқбол дарвозаларини очди.

Энди-энди илдиз отаётган глобал муносабатлар замирида янги дунё тартиботи шаклланмоқда. Бу кўп қутбли хусусиятга эга тартиботдир. Ўз даврида дунё сиёсатида ҳукмфармо бўлган империалистлар Усмонли давлатининг қулаши билан жаҳон сиёсатида турк факторига ўрин қолмади деб ҳисоблаган эди. Қорабоғ ғалабасидан кейин дунё аҳли жаҳон сиёсатидан турк омилини илдизи билан юлиб ташлаш мумкин эмаслигини англаб етди. Зотан, туркий халқлар Ўрта Осиёдан Олд Осиёга қадар ёйилган улкан минтақаларнинг чинакам соҳибларидир. Уларнинг хоҳиш-иродасини инобатга олмасдан дунё тартиб-тутумларини белгилаб бўлмайди.

Боз устига, Қорабоғнинг озод этилиши Хитойдан то Италияга қадар етиб борган Буюк Ипак йўлининг ўрта бўғини қайта тикланишига дебоча  бўлди. Бу эса жаҳон иқтисодиётидаги муҳим ҳодисалар сирасига киради. Ҳозирда глобал тижорий муносабатларида Хитой – Европа робитаси ҳал қилувчи ўрин тутади. Бу икки минтақани боғловчи транспорт йўли Зангезур коридори орқали ўтади. Йўл қурилиши, иқтисодиётнинг ўсиши эса ҳамиша тинчлик ва фаровонликка хизмат қилган.

– Қорабоғдаги шаҳар-қишлоқлар инфраструктураси оккупация даврида ачинарли аҳволга келиб қолган эди. Бу масала БМТ минбарида ҳам янграган. Вайрон бўлган мактаб-боғча, тарихий-маданий обидаларни тиклаш, инфраструктурани яхшилаш учун, сизнингча, қанча муддат ва маблағ керак бўлади?

– Дарҳақиқат, Озарбайжон халқи асрлар давомида бунёд этган миллий ва диний обидалар жоҳиллар томонидан ёввойиларча бузиб ташланган, уйларимиз, ерларимиз кунфаякун қилинган. Айни пайтда озод этилган ерларимизда тезкор суръатда янги инфраструктура ва коммуникация тизимлари барпо этилмоқда. Айтиш мумкин, энергетика тизимини янгилаш жараёни якунланди. Бир йил ичида 500 км дан зиёд йўл барпо қилинди, халқаро аэропорт қуриб фойдаланишга топширилди. Ҳозирга қадар жами 11 мингдан зиёд кичик ва катта объектлар бунёд этилди. Ҳайдар Алиев фонди томонидан эса масжид ҳамда диний обидалар қайта тикланмоқда.

Президент Илҳом Алиев озод этилган ҳудудда давлат байроғига ҳурмат бажо келтирмоқда. Фото: Озарбайжон давлат ахборот агентлиги

Дастлабки даврда Қорабоғдаги тиклаш ишлари учун 50 миллиард манат маблағ зарур бўлади. Тиклаш жараёнининг биринчи босқичи музаффар Олий бош қўмондонимиз, миллий етакчимиз Илҳом Алиев бошчилигида беш йил муддатда якунланиши режалаштирилган. Шу аснода бошпанасидан мажбуран кўчирилган аҳоли ҳам ўз уйига қайтарилади.

– «Уруш бошланганда энг аввал ҳақиқат қурбон бўлади» , деган гап бор. Бугун муҳораба майдонидан кўра ахборот майдонларида кураш кескинроқ, шиддатлироқ кечаётганини кузатиш мумкин. Қорабоғ уруши даврида дунёнинг йирик давлатлари ва етакчи оммавий ахборот воситаларининг Озарбойжонга нисбатан тутган позициясини қандай баҳолайсиз?

– Қорабоғ муҳорабаси давомида бизни параллел равишда ахборот урушига ҳам тортишди. Жаҳон ахборий маконида етакчи ўрин тутган халқаро ОАВнинг катта қисми расман уруш иштирокчисига айланди. Не тонгки, улар бизнинг, яъни халқаро ҳуқуқ, ҳақиқат, адолат тарафида эмас, балки оккупантлар томонида туришди. Сирасини айтганда, сиёсатда бўлгани каби ахборот соҳасида ҳам иккиёқлама стандарт бўй кўрсатди. Шу тариқа Озарбайжон президенти Илҳом Алиев камида икки фронтда – реал уруш майдони ва ОАВ орқали олиб борилган ахборий уруш маконида жанг қилишига тўғри келди. Twitter, Facebook каби ижтимоий тармоқлар ҳам очиқдан-очиқ рақиб ёнини олиб, Озарбайжон президентининг ёрдамчиси ҳамда ташқи ишлар вазиримизнинг саҳифаларини блоклаб қўйди. Яъни ғалабага машаққату заҳмат ва мислсиз қаҳрамонлик эвазига эришилди. Турли жабҳаларда кечган беаёв урушда ғалабани насиб этган Аллоҳ шукрлар айтамиз!

«Қорабоғ ғалабаси туркий дунё учун янги истиқбол дарвозаларини очди» . Фото: «Mod.gov.az»

– Умид қиламизки, қардош миллатнинг яна қўлига қурол олишига ҳожат бўлмайди. Эндиликда Арманистон билан тинчлик битими имзолаш ва делимитация жараёнига киришиш лозим. Суҳбатимиз якунида бу борадаги дипломатик уринишлар хусусида ҳам тўхталиб ўтсангиз. 

– Жанглар якунланганидан бир йил ўтди. Ўтган бир йил ичидаги асосий вазифамиз ғалабамизни бутун дунё тан олишига эришмоқ бўлди. Янги воқеликнинг дунё ва минтақа ўлкалар томонидан эътироф этилиши зафаримизни янада мустаҳкамлади. Тазйиқ-босимлар, провокацияларга дуч келганимиз ҳам рост. Аммо президент Илҳом Алиевнинг темир мушти, жасорат ва қатъияти билан сиёсий-дипломатик ихтилофларда ҳам ғолиб чиқдик. Эндиликда кун тартибидаги асосий масала – Арманистон билан сарҳадлар делимитацияси ва демаркацияси жараёнини бошлаш, икки томонлама ҳудудий яхлитлик тамойиллари тан олинишига эришишдан иборатдир. Эртами-кечми, бу, албатта, амалга ошади. Чунки рақиб томоннинг ортиқ ўйин қилиш имкони йўқ. Бу борада аниқ муддат айтиш мушкул. Негаки, қарши томон ўз нуқтаи назарини тез-тез ўзгартиради, аниқ қарорлардан қочади. Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам энди ортга йўл қолмади. Яқин келажакда бу борада аниқ натижалар бўлишига ишончим комил.

Собир Салим суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг