Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Хотиржамлик излаган аëл... (видео)

Ҳаёт бир текис эмаслигини айтмасам ҳам ўзингиз яхши биласиз, бошқаларни билмадимку, аммо бизнинг қаҳрамонимиз кунлардан бир куни доимий равишдаги ўзи билан ўзи курашишдан чарчаб, нимадир қилмаса бўлмаслигини англаб етди.

Мана шу туйғулар арғимчоғида у ёқдан бу ёққа учмасдан бир меъёрни, сакинатни қандай ушлаш мумкинлиги билан қизиқди. Бунинг имкони бормикан, ўзи? Кўпчилик буни ибодат билан ушлаш мукинлигини айтар эди. Лекин ҳикоямиз қаҳрамони бу сўзлардан қониқмади. Изланишда давом этди. У бир неча йиллардан бери ибодат билан шуғулланиб, намозини канда қилмайдиган 70 ёшни қаршилаган онахоннинг олдига борди ва сўради:

— Атрофдагилар сизни ибодат қилишингизни ва Аллоҳдан қўрқишингизни айтишди. Мен бўлсам, бомдод намозининг биринчи ракатидан чалғишни бошлайман. Хаёлимни бир жойда сақлай олмайман. Намозда ҳушуъни ҳис қилмайман.

— Болам, — аёл бир атрофга қаради, бир аёлга, — ёшинг нечада?

— 30 дан ошди, она.

— Бандаларидан уялиб, Худодан қўрқиб яшаш керак. Мен энди нариги дунёимни ўйлаб ҳам ибодат қиламан, — аёл шундай деяётган маҳал унинг қизи қўнғироқ қилиб қолди.

— Онажон, ассалому алайкум.

— Ваалайкум ассалом, болам.

— Она, ҳозир чет элга боришга чипта олмоқчимиз. Сиз борсангиз мен ҳам борардим. Сизни ташлаб кетгим йўқ.

— Мен сенга минг маротаба айтдим, болам, ўзинг кетавер, мен бормайман, — ташқи кўринишидан 70 ёшга борганга ўхшамайдиган аёл гўшакни қўйдида аёлга юзланди:

— Болалар шунақа экан, кичиклари ухлашга, катталари эса яшашга бермайди.

Аёл эса сакинатни излашда давом этиб, онахонга савол беришдан тўхтамади:

— Нима учун фарзандларингиз билан кетгингиз келмайди? Маззаку...

— Вой, болам, чет элда ўлиб қолсам нима қиламан?

Шу сўзлар аёлнинг устидан муздек сув қуйиб юборгандек бўлди. Ибодатдаги ва доимий равишда Аллоҳга мурожаат қиладиган аёл наҳот Худога таваккал қила олмаса? Аллоҳга таваккалсиз сакинатга эришса бўлармикан? Аёл мана шу ўйлар билан онахоннинг қолган сўзларини эшита олмади, ҳам. У нафақат сакинатни, балки қалбида Ҳақни ҳам излаётганини шу онларда англаб етди. Чунки сиз Аллоҳга таваккал қила олсангиз, ичингизни «ит тирнамайди». Ақл ҳам, руҳият ҳам тинчланади.

Шу дамларда у йўлида давом этиб, айнан илмда бу ҳақида нималар дейилгани билан ҳам қизиқди. Ҳозирда Европа ва Америкада «mindfullness» (тўғридан-тўғри таржима қиладиган бўлсак «ҳушёрлик» деган маънони англатади, аммо биз буни «англанганлик» деймиз) атамаси машҳур бўлди. Бу ҳозир ва шу ерда яшашни англатади. Демак, ҳар бир қилаётган ишингизда ҳозирни ҳис қилишингиз, ўтмишда ҳам, келажакда ҳам бўлмаслигингиз натижасида англанган ҳаётингизда ҳотиржам яшашга ёрдам беради.

Бизнинг қаҳрамонимиз эса шуни синаб кўриш учун Марк Уильямс ва Денни Пенменнинг «Англанганлик» (Осознанность) деб номланган китобини сотиб олди. Унда айнан депрессия ва стрессдан қутулиш мумкинлиги ҳақида ёзилганди. Аёл ундаги битта эмас, нақда 2 та машқни амалга ошириб кўрди. Бу бир дақиқалик нафас олиш машқи билан шоколод терапияси. Бир дақиқалик нафас олиш машқида бутун диққат эътибор нафасда бўлиши кераклиги айтилганди. Аёлнинг эса мана шу бир дақиқада хаёли 41 минг марта бошқа ёққа қараб кетаверди.

Китобда аслида шундай бўлиши лозимлиги, машқни амалга ошираётган инсон чалғиб кетгани учун ўзини айбламаслиги кераклиги ёзилганди. Аммо аёлнинг ақли бунга қониқмади. Ақлнинг таржимаси бор. У – АҚЛ – Абадий Қолувчи Лайн... Буни у Мухтасар Назарова исмли психолог аёлдан эшитганди. Шайтон – ақлнинг ичига яширингандир. У доимо бизни чалғитиб, исбот талаб қилаверади. Биз эса ақл билан курашиб, уни енга олмаймиз, уни кўндиришимиз керак бўлади. Бир дақиқалик диққатни ушлаб қолиш машқига эса аёлнинг ақли кўнмади. У ҳотиржамликка бошқа нарса излаш лозимлиги ҳақида ўйлаб, изланишда давом этди.

Эрталаб бамдод пайтида чалғимасдан, ҳар бир сурани ўқишга қарор қилди, аммо биринчи ракатнинг ўзидаёқ чалғиб қолиб, зам сурани айтган ёки айтмаганини эсидан чиқариб қўйди. Шоколод терапиясига келадиган бўлсак, бир бўлак шоколодни олиб, унга синчиклаб тикилиб, рангини, ҳидини билиб, тегиниб, кейингина уни секингина оғизга солиш керак эди.  Ундаги ҳар бир моддани ҳис қилиб, ейишингиз орқали ҳозир ва шу ерни ҳис этишингиз мумкинлиги китобда ёзилганди. Аёл бу машғулот билан шуғулланар экан, доим еб юрадиган ширинлигининг мазаси бошқача эканини ҳис қилди. Демак, у аввалари ҳар қандай нарсани автомат равишда еб кетаверган. Хотиржамлаша олмаган. Аммо у бу билан тўхтаб қолишни истамади. Чунки излаётгани бундан кучлироқ ҳиссиётлар эди.

Излаб – излаб, коуч тренер Ицхак Пинтосевичнинг муваффақиятга эришиш ҳақидаги «Ҳаракатда бўл» деб номланган китоби қўлига тушиб қолди. Унда стресс пайтида қўлланиладиган машқлар бор эди. Улардан биттасини бизнинг қаҳрамонимиз амалга ошириб кўрмоқчи бўлди. Жахлингиз чиқиб турган пайтда диққатингизни зудлик билан бошқа жойга қаратишингиз керак. Атрофга қаранг, нечта ранг кўряпсиз? Уларнинг камида 3 тасини сананг, уйда бўлсангиз, уйдаги буюмлар, кўчада бўлсангиз, табиатдаги ранглар, ундан кейин эса атрофга синчиклаб тикилинг. Ҳаво қанақа? Булутми? Қандай товушларни эшитяпсиз? Қанақа ҳид келяпти? Ундан сўнг эса хаёлингиздаги фикрлар оқимига баҳо бермасдан ҳуддики улар ёнингиздан сув каби оқиб ўтаётгандек тасаввур қилинг.

Бизнинг 5 та сезги аъзоларимиз бор бўлиб: ҳид билиш, таъм билиш, кўриш, эшитиш ва тегиниб кўриш. Агар мана шу 5 тасини ишга солиб тасаввурингизни ишга солсангиз, миянгиз сизни тасаввур қилган жойингизда, деб ўйлайди. Аслида миянгизга сизнинг қаерда эканингизни аҳамияти йўқдир. Аёл шуларни ҳам қилиб кўрди, аммо барибир ўзи қидирган сакинатни тополмаётганди. Ақли қачон кўнаркин? Нима қилса экан? Шунда унинг ҳаёлига Жулия Робертс ўйнаган «Ешь Молись Люби» деб номланган фильм ёдига тушиб, ушбу фильм асосида суратга олинган китобни онлайн эшитишга қарор қилди.

Турмуш ўртоғи билан ажрашган Лиз ҳаётнинг лаззатини ҳис қилиш учун биринчи Италияга боради ва у ерда дўстлар орттириб, 10 килограммдан ошиқ семириб, мазза қилиб таомлардан лаззатланади ва сўнгра қалбида Аллоҳни қидириб, Ҳиндистонга йўл олади. Аёл ушбу китобни аудио вариантини мазза қилиб эшита бошлади. У диққатни бир ерга жамлашни ўрганиб, намозида хушъуни ҳис этиб ўқишни ўрганмоқчи ва сакинатга эришмоқчи бўлаётганди. Китобни эшитаркан, асар қаҳрамонининг медитация қилиш чоғида танасида бўлаётган ноқулайликларга эътибор қаратмасликни ўрганиб, икки соат тинч ҳолатга тура олганига қизиқиб қолди ва буни ўзида синаб кўрмоқчи бўлди. Метрода кета туриб, кўзини олди жуда ҳам қичишиб кетди ва аёл бунга эътибор бермасдан бир ерда қотиб тураверди. Бир оздан сўнг қичишиш ҳисси ўтиб кетди. Шу фурсатда аёлнинг қалби хурсанд бўлиб кетди.

Ҳаёт ўзи шунақа, доимий равишдаги ҳис туйғулар арғимчоғидан иборат. Агар тинч турган ҳолда «қичишиш»га эътибор бермасликни ўргансангиз, атрофингизда содир бўлаётган ҳодисалар ҳам сизни жуда ҳам чуқур яралай олмайди. Энди аёл бу сокинликни намоз ўқиётганда синашни бошлади. Аммо у изланишдан тўхташни хаёлининг бир чеккасига ҳам келтиргани йўқ. У инсонлар билан ҳам мулоқот қилиб уларнинг ҳолати билан ҳам қизиқиб, бирор нима ўрганишга ҳаракат қилаётганди. Шунда у бир тадбиркор аёл билан танишиб қолди. Уни ўрганиб чиқди. Пули кўп бўлса ҳам алоҳида дизайерга учраб кийинмас экан, демак, қайсар ва ўзиники бўлмагунча қўймайди. Ҳаттоки нотўғри бўлса ҳам. Ҳар куни пиёда юради ва бир маҳалгина соғлом овқатланади. Музокараларда эса  эркакларга қараганда ўзини анча сокин тутиб, масаланинг ечимини топмасдан ишини якунламайди.

Хотиржамликни излаётган бизнинг қаҳрамонимиз ҳали бу даражадаги хотиржамлик ва совуққонликни кўрмаганди. Хуллас, ҳаёт бир маротабамас, бир неча маротаба синаб, йиқитиб ташлаган, аммо ўзида куч топишга ҳам кўмак берган аёлга бизнинг қаҳрамонимиз савол бериб, ҳаяжонга берилмасдан, тинч турган ҳолда ҳаётий масалаларни ҳал қилишни қандай ўрганиш мумкинлиги ҳақида  сўради:

Сиздан ҳамма юз ўгириши керак ва сиз Аллоҳ билан ёлғиз қолишингиз лозим.

Ана ўшанда сиз ёки Худога таваккал қилиб, туйғуларни ўчириб, ақл билан яшашни ўрганишни бошлайсиз ёки ўзингизни ўзингиз ўлдирасиз, - аёл шу гапларни айтаётиб, кулиб юборди. Аслида бу кулгили гап эмасди, бу аччиқ кулги аралаш йиғи чақирувчи сўзлар эди.

Аёл саволига жавоб олди...

Азиз ўқувчим, бу оддий ҳаётий ҳикоя эмас. Бу – содда ва тушунарли тилда ёзилган психологик қўлланмадир. Уни қайта ўқингда, қайси машқларни қилиб кўрганингиз ва қайси бирлари қандай ёрдам бергани ҳақида ёзинг.

Феруза Умрзоқова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг