Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

2026/2027 ўқув йили учун олий таълимга 677 мингдан ортиқ абитуриент рўйхатдан ўтди

2026/2027 ўқув йили учун олий таълимга 677 мингдан ортиқ абитуриент рўйхатдан ўтди

2026/2027 ўқув йили учун олий ва касбий таълим муассасаларига қабул жараёни доирасида абитуриентларни онлайн рўйхатдан ўтказиш 5 июндан 25 июнга қадар давом этди. Рўйхатдан ўтиш Ягона интерактив давлат хизматлари портали ҳамда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг расмий сайти орқали амалга оширилди.

Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги маълумотига кўра, жорий йилда жами 677 907 нафар абитуриент рўйхатдан ўтган. Уларнинг 451 744 нафари (66,6 фоиз) жорий йил битирувчилари, 226 163 нафари (33,4 фоиз) эса аввалги йилларда таълим муассасаларини тамомлаган фуқаролардан иборат.

Абитуриентларнинг 365 196 нафари (53,9 фоиз) аёллар, 312 711 нафари (46,1 фоиз) эркаклар ҳисобланади. Тест синовларида эса 664 609 нафар абитуриент иштирок этади.

Шунингдек, 36,5 минг нафар абитуриент алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишларини, 10 581 нафари эса олий ҳарбий таълим муассасаларини танлаган.

Рўйхатдан ўтиш жараёнида юкланган халқаро сертификатларнинг 24 526 таси тасдиқланган. Умумтаълим фанлари бўйича 193 186 нафар, чет тиллари бўйича эса 125 354 нафар абитуриент миллий ёки халқаро сертификатга эга экани қайд этилди.

Жорий йилда барча фанлар бўйича миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлган 12 997 нафар абитуриент тест синовларидан озод қилиниб, тўғридан-тўғри танлов босқичига ўтказилди. Бу кўрсаткич ўтган йилда 678 нафарни ташкил этган эди.

Тест синовларини ўтказиш учун республика бўйлаб 64 та йирик ёпиқ бинода тайёргарлик ишлари якунланган. Уларда бир сменада 35 490 нафар, бир кунда эса 70 980 нафар абитуриент имтиҳон топширади.

Маълум қилинишича, 2026/2027 ўқув йили учун кириш тест синовлари 10 кун давомида ўтказилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг