Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Жамила Шермуҳаммедова: «Фақат тепадан келадиган кўрсатмани ижро қилишга одатланганмиз»

Жамила Шермуҳаммедова: «Фақат тепадан келадиган кўрсатмани ижро қилишга одатланганмиз»

Фото: «kultura.uz»

Таниқли олима, фалсафа фанлари доктори, халқаро тоифадаги спикер Жамила Шермуҳаммедова «Xabar.uz» сайтида чоп этилган мақолага ўз муносабатини билдирди.

«Xabar.uz» сайтини мунтазам кузатиб бораман. Ундаги тезкорлик менга маъқул келади. Шунингдек, яқинда «Таҳлил» рукни остида таълимнинг сифати ва самараси нимага боғлиқлиги ҳақида берилган долзарб мақола эътиборимни тортди. Халқаро тренинглар бўйича мутахассис сифатида шуни айтишим мумкинки, мақолада иқтидорли олим, жонкуяр педагог Раҳимбой Жуманиёзов бугунги куннинг муҳим муаммосини кўтариб чиққан.

Мақолани диққат билан ва мароқ билан ўқиб чиқдим, унда бугунги куннинг асоси ва рационал мағзи ҳисобланган таълимнинг таъсирчанлик талаби, кучи, сифати ва самараси билан боғлиқ муаммога ўртага ташланган. Таълимга оид бу таклифлар ва фикрларига тўлиқ қўшиламан. Мен ҳам педагогман, мактабдан тортиб олий ўқув юртлари таълим муассасаларигача бўлган аудиторияларда дарс бериб келаман.  Шунинг учун ҳам бир-икки оғиз фикрларни муносабат йўсинида билдириб ўтишни лозим топдим.

Айнан педагогнинг янги замонавий билимларни эгаллаши, компьютер технологияларини, бир неча тилларни ўзлаштириши бир томон бўлса, уни ўқувчи онгига сингдириш механизми алоҳида ўрин тутади. Бу махсус меҳнат ва малакани талаб этади.

Бугунги кун ўқувчисига пассив метод билан эмас, балки интерфаол методлар билан, қизиқарли ва кенгқамровли билим бермас экансиз, у сизга эргашмайди, дарсингизга қизиқмайди ҳам. Қизиқишни уйғотиш — қизиқтира олиш қобилиятини тақозо этади. Мақолада худди шу фикрга урғу қилингани ҳам бежиз эмас.

Чунки 21 асрнинг ўқувчи ва талабаси, 20 аср ёшларидан тубдан фарқ қилади. Ана шу жараёнда, ораторлик қобилияти, ташқи ва ички дунёси маънавий бой бўлмаса, ўз предметини аниқ ва равон етказа олмаса, яна эски тоз, эски ҳаммомдек бўлиб, биз тараққиётнинг илдизига болта уриб қолаверган бўламиз. Ҳолбуки, айнан воизлик маҳоратига эга бўлган, нотиқлик санъатидан хабардор ўқитувчигина, бугунги ўқувчи, талабага, умуман тингловчининг руҳиятига таъсир қила олади. Демак, ўқитувчи психолингвистиканинг мезонларини чуқур эгаллагандагина таълимнинг сифати ва самараси таъминланиши мумкин.

Энг муҳими, бу нозик, аммо энг асосий муаммоларидан бўлиб, Ватанимиз равнақига мукаммал таъсир қиладиган масала-таълим тизимини ўзгартириш, замонавийлаштиришга ҳиссамизни қўшишдан иборатдир.

Р. Жуманиёзов бутун олий таълим муссасаларининг ректорларини ушбу хайрли ва маърифий масалада ҳамкорликка чорлаган. Худди шу борада нечтаси рўйхушлик бериши ҳақида аниқ жавоб айтолмайман. Биз фақат тепадан келадиган кўрсатмани ижро қилишга одатланганмиз. Ташаббускорлик ва ташкилотчилик билан қизиқавермаймиз, ёхуд журъат қилолмаймиз. Оч қорним тинч қулоғим қабилида иш тутамиз. Вақтни йўқотамиз.

Таълимнинг таъсирчанлигини қандай усулда амалга ошириш зарурлиги ҳақида бош қотирадиган ректорлар бармоқ билан санарлик десам хато бўлмаса керак, деб ўйлагандим. Мақола муаллифидан сўрасам, худди айтганимдек бўлибди. Фақат биттагина раҳбар, аниқроғи, Тошкент Молия институтининг ректори ўқув дастури ва механизми билан қизиқиб ўз таълим муассасасидаги профессор ўқитувчиларни риторик маҳорат бўйича, коммуникатив компетенциясини ошириш бўйича мурожаат қилганини эътироф этди.

Ректорлар коллегиясидаги муҳокама ва мулоқотнинг том маъноси ҳам, аслида, таълим тизимини жонлантириш, бошқача айтганда, тирилтириш эмасмиди?

Янги велосипед ихтиро қилишга вақт сарфламасдан, қўл қовуштириб ўтирмасдан, бир ёқадан бош чиқариб, таълим тизимида педагогнинг коммуникатив компетенциясини, нутқий маҳоратини ошириш устида изланиш мақсадга мувофиқ. Ҳаттоки, мактабгача таълим муассасалари тарбиячиларининг ҳам мулоқот маданияти ва нотиқлик санъати бўйича малакасини, касбий маҳоратини ошириш вақти аллақачон етиб келди деб ўйлайман.

Ўйлаймизки, олий таълим муассасалари ректорлари таълимнинг сифати ва самараси, натижадорлиги ҳақида жиддий ўйлаб, тез орада амалий ишларга ўтишади. Чунки, давр шуни тақозо этмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг