Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида ўқиш муддати ва қабул квоталари камайтирилади
Бугун, 5 апрель куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тизимини тубдан такомиллаштириш ҳамда ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятнинг устувор йўналишларини амалга оширишда унинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади. Ҳужжат матни ЎзАда эълон қилинди.
Фармонда қайд этилишича, бир ой муддатда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети (ЖИДУ) фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳаси ишлаб чиқилади. Қарорда қуйидагилар назарда тутилмоқда:
— илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда таълим сифатини ошириш, шунингдек, мамлакатнинг замонавий ташқи иқтисодий ва ташқи сиёсий устувор йўналишларидан келиб чиққан ҳолда ЖИДУ фаолиятининг долзарб вазифалари ва йўналишларини қайта кўриб чиқиш;
— манфаатдор идораларнинг эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда амалиётда талаб қилинадиган мутахассисларнининг аниқ мақсадни кўзлаб тайёрланишини таъминлаш, шунингдек улар орасидан дипломатик кадрларнинг истиқболли захирасини шакллантириш мақсадида бакалавриатда ўқиш муддатини ва бакалавриатга қабул қилиш квоталарини камайтириш;
— «Халқаро иқтисодиёт ва менежмент» ҳамда «Халқаро журналистика» мутахассисликлари бўйича бакалаврлар тайёрлашнинг янги йўналишларини жорий қилиш;
— Университетда хорижий мамлакатлар делегацияларига хизмат кўрсатиш ва расмий тадбирлар ўтказишни юқори ташкилий даражада таъминлайдиган профессионал таржимон ва гидларни тайёрлаш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш;
— хорижий шериклар билан ҳамкорлик қилиш ва халқаро муносабатларни ривожлантириш истиқболларини прогноз баҳолаш асосида фундаментал илмий-амалий тадқиқотлар ўтказиш орқали Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятини тизимли таҳлил қилишда ЖИДУнинг ролини кучайтириш.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter