«МИСиС»нинг Олмалиқдаги филиали учун бинолар ажратилди
Олмалиқда Россия «МИСиС» университети филиали очилиши ҳақида хабар берган эдик. Бу бўйича Президент қарори эълон қилинди.
Филиалга текин фойдаланиш учун Навоий давлат кончилик институтининг Тошкент вилояти, Олмалиқ шаҳри, Амир Темур кўчаси, 56-уй манзилида жойлашган биноси ҳамда 2017/2018 ўқув йили якуни бўйича фаолияти тугатилаётган Олмалиқ саноат касб-ҳунар коллежининг Тошкент вилояти, Олмалиқ шаҳри, Амир Темур кўчасида жойлашган биноси берилиши белгиланди.
2018 йил 1 сентябрга қадар муддатда Филиални танлов асосида юқори малакали профессор-ўқитувчилар таркиби билан таъминланади.
Филиалга 2018/2019 ўқув йили учун таълимнинг кундузги шакли бўйича қабул квотаси жами 150 киши, жумладан, бакалавриатнинг «Кончилик иши» таълим йўналиши бўйича 75 киши, «Металлургия» таълим йўналиши бўйича 50 киши, «Технологик жараёнлар ва ишлаб чиқаришни автоматлаштириш ва бошқариш (тармоқлар бўйича)» таълим йўналиши бўйича 25 киши этиб белгиланди.
Шунингдек, қарор билан филиал фаолиятини молиялаштириш манбалари аниқлаштирилди. Филиални ташкил қилиш, унинг моддий-техник ва ўқув базасини шакллантириш бўйича ташкилий тадбирларни, жумладан, таъмирлаш-тиклаш ишларини олиб боришни, бино ва иншоотларни зарур мебель, инвентарь, замонавий ўқув ҳамда лаборатория жиҳозлари, компьютер ва бошқа оргтехника, кутубхона фонди билан таъминлашни, шунингдек, «МИСиС» МТТУ мутахассисларини жалб қилиш билан боғлиқ хизмат сафари харажатларини, Филиал маҳаллий ўқитувчиларининг стажировкаси ва малакасини ошириш харажатларини молиялаштириш «Олмалиқ ТМК» АЖ маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши қайд этилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter