Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистонлик иқтидорли талабалар ЕИ таълим стипендияларини қўлга киритди

Ўзбекистонлик иқтидорли талабалар ЕИ таълим стипендияларини қўлга киритди

Фото: www.consilium.europa.eu

Жорий йилда 14 нафар ўзбекистонлик иқтидорли талаба Erasmus Mundus қўшма магистрлик дастури (EMJMD) доирасида Европанинг нуфузли университетларида таҳсил олиш учун грантларни қўлга киритди. Бу ҳақда Ўзбекистондаги «Erasmus+» офиси маълум қилди.  

Бу йилги танловда мамлакатимиз ёшлари орасида математика, халқаро ҳуқуқ, кимё, тиббиёт, сиёсат, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш каби таълим йўналишларига қизиқиш катта бўлди.

Ўзбекистонлик стипендиатлар  (5 аёл ва 9 эркак) Европа Иттифоқининг Эстония, Италия, Бельгия, Буюк Британия, Испания, Германия, Португалия, Чехия каби давлатларидаги энг яхши университетларда таълим олади. Таҳсил жараёни жорий йил август-сентябрь ойларида бошланиши режалаштирилган.

«Erasmus+» – иқтидор эгаларининг таълим, касбий ва шахсий ривожланишини қўллаб-қувватлашга қаратилган ЕИ дастуридир. Қўшма магистрлик таҳсили доирасида ўқув дастури, саёҳат харажатлари, суғурта, визани қўллаб-қувватлаш, ойлик стипендия ва бошқаларни ўз ичига олган грант тақдим этилади. Европа университетлари консорциуми томонидан ишлаб чиқилган ноёб магистрлик курслари доирасида талабалар билим олибгина қолмай, мезбон давлатлар билан танишиб, янги маданиятларни ҳам кашф этадилар.

Расмий Брюссель таълим дастури учун ажратилган маблағни кўпайтириб бормоқда. 2014-2020 йилларда «Erasmus+» дастури бюджети 14,7 миллиард еврони ташкил этган бўлса, 2021-2027 йилларда ушбу мақсадда 26,2 миллиард евро сарфланиши кўзда тутилган. 2021-2027 йилларга мўлжалланган дастурда ижтимоий жалб қилинганлик, яшил ва рақамли жамият, ёшларнинг демократик ҳаётдаги иштирокини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилда Ўзбекистондан 16 нафар иқтидорли талаба «Erasmus Mundus» стипендияси ғолиби бўлган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг