Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Президентнинг мурожаатига муносабат

Президентнинг мурожаатига муносабат

Фото: Президент матбуот хизмати

Президентимизнинг уй шароитида таҳсил олаётган талаба ва ўқувчи ёшларимизга қилган мурожаати ҳаракатимиз ва мақсадимизнинг маёғи десак муболаға бўлмайди. Унда эътиборимиз қаратилиши, билиш ва амал қилишимизга асос бўлувчи йўл йўриқлар бор. Ота-оналарнинг фарзандларига, устозлар талабаларига қандай йўсинда масъулликларини Президентимизнинг яқиндаги  мурожаатномасидаги талаблар барчамизнинг илму амалимизга дахлдордир.

«Уйда вақтингизни бекор ўтказманг»

Инсон дарди вақт қадри билан белгиланиши аниқ. Чунки у ҳар дамга, ҳар қадамга масъул бўлсагина бирон сония ва дақиқани бекор ўтказмайди.

Коронавирус пандемияси биз учун қайсидир маънода вақт қадрига етиш учун ҳам синовдир. Уйда қолиш, китоб мутолааси билан машғул бўлиш, оилавий машғулотлар вақтдан оқилона фойдаланишнинг калити. Ушбу халқнинг нақли бежиз айтилмаган. Бекордан тангри безор. Уйда бекор ўтириш вақтни беҳуда сарфлаш вақт қадрига етмасликдир.

Лекин, афсуски, баъзи бировлар тожливирус офатини онқадар ҳис этаётгани йўқ. Гарчи хорижда ўлим хавфи қутқу солаётган, телевидение орқали мудҳиш хабарларнинг гувоҳи бўлаётган бўлсада, айримларнинг парвойи палак. Минг насиҳатдан кўра бир мусибат афзал бўлса ҳам кўзи очилмаяпти айримларнинг.

Бугунги кунда бутун дунё, инсоният мураккаб даврни бошидан кечираётган айни пайтда мамлакатимизда эпидемиологик вазиятни жиловлаш, аҳоли саломатлигини ҳар томонлама ҳимоя қилиш учун барча чоралар кўрилаётгани сир эмас.

Айни дамда мамлакатимизда 100 минглаб киши карантинга олинган. Шунингдек, чет элдан салкам 13 минг фуқаро олиб келиниб, улар ҳам тўла карантинга олинди. Тошкент вилоятида 10 минг кишини қабул қилишга мўлжалланган карантин зонаси барпо этилмоқда. Унинг дастлабки бир қисмига хориждан келган фуқароларимиз жойлаштирилди.

Зангиота туманида 10 минг ўринли 2 та вирусология шифохонаси қурилмоқда. Яқин кунларда ушбу шифо масканларидаги 2 мингта ўрин ишга туширилади. Ҳозирги кунгача 245 мингта тест, 700 мингга яқин ҳимоя воситалари олиб келиниб, даволаш муассасаларига етказилди. Бу иллатга чалинганларнинг айримлари шифо топиб ўз оилаларига қайтганлари ҳам рост. Буларнинг ҳаммаси ҳар қандай ҳолатда ҳам коронавирус пандемияси бизга панд бера олмаслиги, Президентимиз раҳбарлигидаги халқ ишончининг тантанаси муқаррарлигининг исботидир.

«Онлайн дарсларни қунт билан ўзлаштиринг»

Таълимга эътибор бир сония бўлса-да, сусаймаслигини инобатга олган Президент бу борада ҳам якдиллик ва ҳамжиҳатликни маънавий қурол деб билди. Саккиз миллион уч юз минг талаба ёшларни уйларига кузатиш, уларни таълимдан четлатиш эмас, балки илм-фанга икки-уч баробар эътиборларини кучайтириш ва уларнинг саломатлигини ўйлаш талабидандир. Онлайн тарзидаги видеодарс, теледарслар орқали таълим ҳам ана шу ният ва ҳаракатнинг амалдаги ифодасидир.

Талабаларга навбатдан ташқари таътил берилганлиги муносабати билан уларнинг билим олишлари учун масофавий таълим дастури жорий этилганидан хабардорсиз.

Турли фанлардан видеодарслар, ўқув адабиётлари, ўқув-услубий мажмуалар, мустақил таълим топшириқлари, мавзулар бўйича тақдимотлар, видеолавҳалар, масалалар тўплами, тест ва назорат саволлари каби вазифа ва топшириқлар малакали профессор-ўқитувчилари томонидан жойлаштириб борилаётганини, улардан талаба ёшлар қай даражада фойдаланаётганининг назорати масаласи ота-оналарга ҳам устозларга ҳам баб-баравар тааллуқлидир. Профессор-ўқитувчилар талабалар билан турли масофавий кўринишларда, жумладан, телеграмм каналлари ва бошқа тизимлар орқали мулоқотга киришиб, тегишли мавзулар бўйича талабаларга on-line тарзда маслаҳатлар бериб бормоқдалар. Талабаларга телеграмм каналига кириш ва ундаги манбалардан фойдаланиш тўғрисида видео йўриқнома орқали тегишли кўрсатмалар берилиши ҳам мақсадга мувофиқ бўлаяпти.

Шунингдек, барча фанлардан тестлар базаси шакллантирилгани ва телеграмм канали орқали мунтазам равишда талабаларга етказиб борилаётгани аҳамиятлидир.

Энди мақсад – Президентимиз томонидан қўйилган талаб: фанларни чуқур ўзлаштириш, қунт билан ўрганишдир. Талаба-ёшлар фурсатни бой бермасдан, ўз устида ишлаши, устозлар томонидан жойлаштирилган ўқув-режа дастурларини  тўла эгаллашлари шарт. Ана шундагина улар замонавий ахборот-компьютер технологияларининг, илм-фаннинг, рақамли иқтисодиёт тизимининг моҳиятини англаб етган бўлади.

«Китоб ўқинг, билимингизни оширинг»

Тафаккур хазинаси, билим булоғи бўлган китобсеварликка, китобхонлик маданиятига эътиборнинг кучайтирилиши борасида Президентимизнинг бир неча фармон ва қарорлар қабул қилганларидан воқифмиз.

Китоб ўқимаган одамнинг ҳам, миллатнинг ҳам келажаги йўқлиги ҳақидаги давлат раҳбарининг ўгитлари доимо ёдда туриши зарур. Чунки, инсон нимага эришмоқчи бўлса, китобдан олинган билим, эгалланган илм, ўзлаштирилган малака, ҳосил қилинган кўникма орқали эришиши айни ҳақиқат.

Карантин тугагунга қадар бўлган муддатни талаба ёшларимиз, ҳатто педагогларимиз ҳам маънавият озиғи бўлган китоб мутолаасига шўнғиши, турли йўсиндаги бадиий, илмий, тарихий мавзудаги асарларни ўқиш учун яратилган шароит сифатида тушунишлари мақсадга мувофиқ.

Ўқишдан мақсад уқиш, мутолаадан мақсад мушоҳада. Мушоҳадасиз мутолаа, ташхиссиз муолажага ўхшайди. Шунинг учун ҳам вақт, билим, китоб қадрига етган инсон қандай шароитда бўлмасин, илм олишга талпинади, изланади, имкон топади.

«Бадантарбия ва жисмоний машқларни бир кун ҳам қолдирманг»

Президентимиз халққа мурожаатномасида ўзи томонидан илгари сурилган бешта ташаббуснинг кучига ишора қилганини сезиш ҳам қийин эмас. Ақлан, руҳан ва жисмонан соғлом авлодгина  юрт келажагига таянч бўла олади. Шундай экан, жисмонан соғломлик мезони бадан тарбия қилиш билан. Уни бир кун ҳам қолдирмаслик заруриятини эътироф этган Президент кўчада эмас, балки уйда ҳам машқ қилиш орқали бунга эришиш мумкинлигини уқтираётгани рост.

Бизга маёқ, қалбимизга чироқ

Президентимизнинг «Ишонтириб айтаманки, коронавирус тарқаб кетмаслиги учун давлат барча чораларни кўради. Аммо шу синовли дамларда ҳар бир ўзбекистонлик, ҳар бир идора, жамоатчилик вакиллари бир мушт бўлиб ҳаракат қилишимиз керак. Касалликни маҳалламизга, уйимизга, оиламизга олиб кирмаслик учун энг аввало ўзимиз масъулмиз», деган мулоҳазалари бизга маёқ, қалбимизга чироқ бўлиши шарт.

Юқори гигиенага асосланган кундалик турмуш тарзимиз, миллий урф-одатларимиз бу касалликни енгишга имкон яратади. Қолаверса диагностика, даволаш, карантин ишларини Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари ҳамда илғор хорижий тажрибаларга таяниб амалга оширилаётгани ҳам муҳим. Жанубий Кореядан малакали шифокорлар келиб, беморларни даволашда қатнашаётгани, бир гуруҳ хитойлик мутахассисларнинг ҳам етиб келиши, шифокорларимиз хорижий ҳамкасблари билан мунтазам видеомулоқотда бўлиб, кундалик тажриба алмашаётгани имкониятларимиз чексизлигини билдиради.

Амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирларимиз, албатта, ўз натижасини бераётганини эътироф этиш ўринлидир. Касалликка чалинганларнинг аксарияти тўлиқ соғайиб, реабилитацияга ўтказилгани бунга мисолдир.

Коронавирус бир бало – бўлмаймиз унга мубтало! Бу институтимиз талабаларининг шиорига айланган десак, муболаға эмас. Уларнинг аксарияти мунтазам равишда интернет тармоқлари, телеграм каналлари орқали биз билан алоқада. Бунинг исботини улар томонидан бизга юборилган видеолавҳалар орқали ҳам англаб олиш қийин эмас.

Раҳимбой Жуманиёзов,
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти
матбуот хизмати раҳбари, доцент

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг