Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Туркия элчиси бирданига икки ўзбек университети фахрий унвонига сазовор бўлди

Туркия элчиси бирданига икки ўзбек университети фахрий унвонига сазовор бўлди

Ректор Шуҳрат Сирожиддинов элчи Меҳмет Сурайё Эрга фахрий профессор унвонини топширмоқда.

Туркиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Меҳмет Сурайё Эр таълим ва илм-фан ривожига қўшган салмоқли ҳиссаси учун Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг (ТошДЎТАУ) фахрий профeссори унвони билан тақдирланди. Унвон шаҳодатномаси университет ректори Шуҳрат Сирожиддинов томонидан топширилди.

«Меҳмет Сурайё Эр ўз илмий фаолияти давомида АҚШнинг қатор университетларида ўрта асрлар Усмонли турк қўлёзмаларини тадқиқ қилишда катта ютуқларга эришган. Матншунослик бўйича юқори илмий қийматга эга бўлган докторлик диссертациясини ҳимоя қилган», – дейилади университет матбуот хизмати хабарида.  

Қайд этилишича, элчининг ташаббускорлиги  натижасида ТошДЎТАУнинг Туркия олий таълим муассасалари билан алоқалари янги босқичга кўтарилди, Анқара Ҳожи Байрам Вали университети, Истанбул маданият университети, Мармара университети каби нуфузли таълим муассасалари билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Икки давлат олий таълим муассасалари ўртасида илк бор қўшма магистрлик дастури йўлга қўйилди. Бу  Ўзбекистон ва Туркия олий таълим тизимидаги ҳамкорликнинг янги саҳифаси сифатида баҳоланмоқда.

Айни кунларда Туркия элчиси яна бир эътирофга сазовор бўлди. Икки мамлакат ўртасида олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик ҳамда туркийшунослик илми равнақига қўшган ҳиссаси учун у Тошкент давлат шарқшунослик университети фахрий доктори унвонига ҳам муносиб кўрилди. Унвон гувоҳномаси элчи М.С.Эрга Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Европа бошқармаси бошлиғи иштирок этган тадбирда университет ректори Гулчеҳра Рихсиева томонидан тақдим этилди.

Меҳмет Сурайё Эр Туркия элчиси этиб тайинлаганидан сўнг ўзбек тилини қисқа муддатда мукаммал ўзлаштиргани Ўзбекистонга нисбатан юксак эҳтиром намунаси ўлароқ баҳоланган.

Аввалроқ турк дипломати Ўзбекистон халқини мустақиллик байрами билан ўзбек тилида табриклагани ҳақида хабар берган эдик.

1964 йили Измирда туғилган Меҳмет Сурайё Эр Истанбул университетининг фалсафа, Босфор университетининг сиёсий фанлар ва халқаро муносабатлар ҳамда тарих факультетларини битирган. АҚШдаги Калифорния университети Яқин Шарқ тиллари ва маданиятлари кафедрасида магистрлик ҳамда номзодлик илмий даражаларини олган. Мазкур университет қошидаги Ўрта Осиё тиллари институтининг «Юксак илмий салоҳият учун» мукофоти билан тақдирланган. 2004-2011 йилларида Мичиган университетида дарс берган. 2012-2018 йилларда Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (TİKA) вице-президенти лавозимида фаолият юритган М.С.Эр Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон маданияти, тарихини яқиндан ўрганган. 2018 йил 19 декабрда Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси вазифасига тайинланган ва 2019 йил 15 январдан ўз вазифасини бажаришга киришган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг