Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Хатони тузатиш хатодан қимматга тушмаслиги кeрак» — тилшунос

«Хатони тузатиш хатодан қимматга тушмаслиги кeрак» — тилшунос

Филология фанлари доктори, профессор Бахтиёр Менглиев лотин алифбосидаги ислоҳотларга қарши чиқди.

«Алифбо масаласи, қўйиб берсанг, ҳар доим ҳам мунозарали мавзу. Бирорта тилнинг алифбоси мукаммал эмас, боз устига, ривожланган халқларнинг алифбоси янада ғариб. Айниқса, бизнинг ўзбек тилимиз каби мураккаб таркибли (камдан-кам учрайдиган кўп лаҳжалилик) тилларнинг алифбосини такомиллаштиришга уриниш самара бермайди. Чунки барча лаҳжаларнинг фонетик хусусиятини график ифодалаш мумкин эмас.

Дунё тиллари сунъий интеллект тилига айланиб кетаётган бир замонда бизнинг ҳануз алифбо муаммосига ўралашиб ётишимиз эса янада ачинарли ҳолат.

Амалдаги алифбога халқимиз, нима бўлганда ҳам, кўникди (аслида лотин ҳарф шаклларидан кирилл ҳарф шакллари мукаммалроқ). Энди ҳамма кўниккан бир пайтда яна миллат тинчини бузишнинг нима кераги бор! Шунингдек, ўзгартиришнинг мусбат ва манфий томонларини ҳисоб-китоб қилмасдан ола-тасир иш кўриш тўғри эмас.

Мен алифбони ислоҳ қилиш масаласида қуйидагиларни алоҳида таъкидлашни истар эдим:

1) олдимизда шунча катта муаммолар турганда ФОЙДАСИДАН ЗАРАРИ КЎП бу ислоҳ мутлақо ортиқча;

2) «янгиланган» алифбони қандай жорий қиламиз? Бирдан қилиб бўлмаслиги аниқ, чунки бунга қанча кўп маблағ кетишини тасаввур ҳам қилиб бўлмайди; ёки бу ҳам ўн йиллар мобайнида «босқичма-босқич» амалга ошириладими?

3) ислоҳ муаммосини кўтариб чиқаётганларнинг ўзлари лотин имлосида ёлчитиб ёзаётганмикан (қанча ислоҳ қилинмасин, уларнинг ўзлари, барибир, кирилда ёзишади, бу —аниқ);

4) ислоҳ сабабли алифбода ҳозиргидан кўпроқ янги муаммолар пайдо бўлмаслигига ташаббускорлар кафолат беришадими?

5) масала кун тартибига қўйилган заҳоти муваффақиятсиз якун топиши кўриниб турибди;

6) тилшунослик масаласини ижтимоий муаммога айлантирмайлик, аксинча, ижтимоий муаммолар ечимига тилшунослик билан кўмаклашайлик.

Мен тилшунос сифатида алифбони ислоҳ қилишга қаршиман», деб ёзади Бахтиёр Менглиев.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги Қонунга ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги Қонун лойиҳаси эълон қилинганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг