Юриспруденцияга қабулда IQ тест топшириш тартиби тасдиқланди
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 30 июндаги 350-сон қарори билан Ҳукуматнинг 2025 йил 13 сентябрдаги 578-сон қарори билан тасдиқланган Олий таълим ташкилотларининг бакалавриатига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Унга кўра, IQ тест юриспруденция таълим йўналиши бўйича Тошкент давлат юридик университетининг «Халқаро ҳуқуқ ва қиёсий ҳуқуқшунослик» ҳамда «Рақамли ҳуқуқ» таълим йўналишларига қабул жараёнида ўтказилади.
Рўйхатдан ўтиш жараёнида ҳуқуқ соҳасидаги тест фанлари мажмуаси билан бирга IQ тестдан ўтишни танлаган абитуриентлар учун мазкур синовлар ТДЮУ томонидан IQ тестни ўтказувчи ҳамкор хорижий ташкилот билан тузилган шартнома асосида ҳар йили 10 июлга қадар ташкил этилади.
IQ тест синовларини ўтказиш ва натижаларни баҳолаш ҳамкор хорижий ташкилотнинг талаблари асосида амалга оширилади.
Фақатгина IQ тест синовларидан муваффақиятли ўтган абитуриентларга олий таълим ташкилоти ва бакалавриат таълим йўналишини танлаш жараёнида бошқа мос йўналишлар билан бир қаторда ТДЮУнинг «Халқаро ҳуқуқ ва қиёсий ҳуқуқшунослик» ҳамда «Рақамли ҳуқуқ» йўналишларини танлаш имконияти берилади.
Мазкур йўналишларга танловда иштирок этиш учун абитуриентлар чет тиллари бўйича камида В2 даражадаги миллий ёки унга мос халқаро сертификатга эга бўлиши шарт.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter