Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

7-мактабнинг 7 нафар ўқувчисига нега сертификат берилди? (фото)

7-мактабнинг 7 нафар ўқувчисига нега сертификат берилди? (фото)

Фото: «Xabar.uz»

Ахборот технологиялари соҳаси иқтисодиёт локомотивига айланиб улгурган. Аммо бу соҳани ривожлантириш учун эса малакали кадрлар зарур. Мамлакатимизда олдин мазкур йўналишда кадрлар асосан ихтисослашган коллеж ва биргина Тошкент ахборот технологиялари университетида тайёрланиб келинган. Кейин вазият ўзгарди.

ТАТУнинг бешта филиали, ИНҲА ва Амити университетларининг филиаллари очилди. Марра янада каттароқ олинди, яъни мактаб давриданоқ ёшлар тили билан айтганда «айтишник»ларни тайёрлаш бошланди. Тошкентда АКТ фанларига  ихтисослашган Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактаб фаолияти йўлга қўйилди.

Эндиликда ўқувчиларни мактаб давриданоқ ахборот технологияларига қизиқтириб, келгусида тизимда кадрлар захирасини шакллантириш, талабгир соҳа мутахассиларини тайёрлашга аҳд қилинди. Бирин-кетин ҳудудларда АКТга ихтисослашган таянч мактаблари очила бошланди.

Куни кеча, 20 январ куни АКТга ихтисослашган таянч мактаблари бири Бухоро шаҳрида тантанали равишда очилди.

АКТ вазирлиги, «UNICON.UZ» ДУК ва Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази мутахассислари Бухородаги 7-ўрта мактабни том маънода АКТга ихтисослаштирилган мактабга айлантириб беришди. Энг замонавий компютерлар билан жиҳозланган синфхоналар нафақат мактаб жамоаси ва ўқувчиларни, балки шаҳар аҳолисини ҳам қувонтириб юборди.

Очилиш маросимида АКТ вазири Шуҳрат Содиқов, Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, UNICON.UZ директори Махсум Маҳмудов, Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази директори Баҳром Зияев, IT-Парк директори Фарҳод Ибрагимов ва жамоатчилик вакиллари, ёшлар қатнашди.

Мактабнинг 5-синфига 28 нафар ўқувчи тест синовлари орқали қабул қилинган эди. Очилиш маросимида ана шу тест жараёнларида энг юқори балл тўплаган 7 нафар ўқувчи ва «Бир миллиончи дастурчи» лойиҳасида ғолиб бўлган 7 нафар бухоролик ўқитувчиларга сертификатлар топширилди.

— Бу ютуқлар янги зафарларингизнинг бошланиши бўлсин, — деди тақдирлаш маросимида АКТ вазири Шуҳрат Содиқов. — Ёшларимизни кучли мутахассис бўлиб етишишларида бундан зўр шароитлар яратишга доим тайёрмиз. Устозларга шарафли касбларида куч-қувват тилаймиз.

Мактабда иқтидорли ўқувчилар кўп. Улар меҳмонларга ўзлари ясаган роботлар имкониятларини намойиш қилишди. Мактабнинг 9-синф ўқувчиси Нодирбек Ўктамов шулардан бири. Нодирбек икки нафар ўртоғи билан телеграм мессенжерида махсус бот яратиб, Хакатон танловида ғолиб бўлди. Танлов ғолиби сифатида уч ўртоқ 6 минг доллар соҳиби бўлишди. 

Ўн тўрт ёшида бундай натижага эришиш, албатта, қувонарли. Демак, «айтишник» бўлиш ҳам замонавий касб эгаси, ҳам юқори маблағ топиш имконини бериши билан янада аҳамиятлидир. Юртимизда ана шундай иқтидор эгалари кўпайсин!

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг