ID карта олган фуқароларга электрон рақамли имзо бепул берилади
2026 йил 19 январь куни “Ички ишлар органларининг миграция ва персоналлаштириш соҳасидаги фаолиятини рақамлаштириш орқали сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–14-сон) қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, 2026 йил 1 майдан эксперимент тариқасида Тошкент, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида биттадан туман (шаҳар) миграция ва персоналлаштириш бўлинмаларида сунъий интеллект асосидаги “Ақлли” миграция шохобчалари ташкил этилади. Уларда фуқаролар учун ўзига ўзи хизмат кўрсатиш имконияти яратилади.
Дастлабки босқичда “Ақлли” миграция шохобчаларида белгиланган давлат хизматлари кўрсатилади, кейинчалик эса Ички ишлар вазирлиги томонидан ўзига ўзи хизмат кўрсатиш турлари босқичма-босқич кенгайтириб борилади.
Шунингдек, 2026 йил 1 майдан Миграция ва персоналлаштириш департаменти ва унинг ҳудудий бошқармаларига Ўзбекистонга электрон кириш визаси асосида келган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг электрон визаларининг амал қилиш муддатини бир маротаба 30 кунгача узайтириш ҳуқуқи берилади. Чет эл фуқароларига меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқномани расмийлаштириш ваколати ҳам ушбу органларга юклатилди.
Қарорга кўра, 2026 йил 1 сентябрдан талабаларни ётоқхонага жойлаштириш шартномаси тузилиши билан бир вақтда уларни турган жойи бўйича рўйхатга олишнинг композит тартиби жорий этилади.
Бундан ташқари, 2026 йил 1 февралдан жисмоний шахсларга идентификацияловчи ID карталар биринчи марта расмийлаштирилганда, унинг чипига киритиладиган электрон рақамли имзо сертификати бепул тақдим этилади.
Миграция ва персоналлаштириш департаменти жисмоний шахсларга оид марказий маълумотлар базаларини шакллантириш ва доимий янгилаб бориш бўйича ваколатли орган этиб белгиланди.
Шу билан бирга, 2026 йил 1 сентябрдан Ягона интерактив давлат хизматлари портали ҳамда давлат хизматлари марказлари орқали хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар ва уларнинг оила аъзоларини Ўзбекистонга таклиф қилиш, шунингдек, фуқаролиги бўлмаган шахслар учун биометрик ҳаракатланиш ҳужжатларини расмийлаштириш бўйича аризаларни қабул қилиш имконияти яратилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter