Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Ucell»нинг абонентларга Наврўз «совғаси»

«Ucell»нинг абонентларга Наврўз «совғаси»

Фото: «Pixland»

«Ucell» компанияси кеча, 13 март куни ўз расмий сайтида антиқа эълон берди.

«Ҳақи олдиндан тўланадиган хизмат кўрсатиш тизими тарифларидаги нархларда ўзгаришлар», деб номланган бу хабарнинг асл моҳиятини оддий абонент бир ўқишда англаб олиши даргумон.

«Ҳурматли абонентлар! Шуни эътиборга олишингизни сўраймизки, ҳақи олдиндан тўланадиган хизмат кўрсатиш тизими (Prepaid) тариф режаларини оптимизациялаш мақсадида 2018 йил 23 мартдан «Ucell» компанияси бир қатор ўзгаришлар киритмоқда», деб бошланган эълонда ёзилишича, «Ижобий», «Кўпроқ!», «Оддий», «Фреш» тариф режаларида бўлган абонентларга 3 ой давомида ҲАР КУНИ TAS-IX йўналиши учун 50 МБ тақдим этилади! «Қулай интернет», «ОК» тариф режаларида бўлган абонентларга эса 3 ой давомида ҲАР КУНИ «Телеграм» учун 33 МБ тақдим этилади!

Зўрку, дейсизми? Ҳа, зўр, буёғи унданам зўр! Эълонни ўқишда давом этамиз:

«Ижобий», «Кўпроқ!», «Оддий», «Қулай интернет», «Дўстлар орасида», «Бахтли 25», «Бахтли 25+», «Аниқ», «Аниқ+», «Омадли», «Омадли+», «Эркин суҳбат», «ВИП» тариф режаларида ва «Исталган рақам» акцияси бўйича тариф режаларига уланишда қуйидаги йўналишлар бўйича нархлар ПАСАЙТИРИЛАДИ:

Йўналиш

Нархи

Ўзбекистон бўйича чиқувчи қўнғироқлар

125 сўм

Тармоқ ичидаги ва Ўзбекистон бўйича СМСлар

80 сўм

Интернет (1 Мб)

350 сўм

Қойил, бўларкану! Ҳаммаёқда нархлар ошиб ётганида, «Ucell» уни пасайтиряптими? Тасанно! Шошмангчи, эълонни қолганиниям ўқийлик:

«Юқоридаги тариф режаларида лимитдан ташқари «Ucell»  тармоғи ичидаги чиқувчи қўнғироқлар 1 дақиқаси учун  95 сўм қийматида нархланади».

Эссиз, ҳамма тариф режасида «ПАСАЙТИРИЛАДИ» сўзи ишлатилмаптида, жуда бошқача жаранглаётганди.

Эълоннинг давомида «Тариф режаларидаги бошқа ўзгаришлар» дейилгану, каттагина жадвал берилган. Жадвалда тариф режалари ва уларнинг абонент тўлови нархлари, тармоқ ичида ва Ўзбекистон бўйича чиқувчи қўнғироқлар нархлари, СМС ва интернет нархлари келтирилган.

Қизиғи, бу ерда оддийгина қилиб «ўзгаришлар» деб қўйилган. Бу ўзгаришлар аввалги нархлар билан таққосланмаган ёки бошқа бир изоҳ берилмаган. Шунинг учун кўпчилик абонентлар эълон матнида юқорироқда саналган «МБ тақдим этилади»,  «ПАСАЙТИРИЛАДИ»ни ўқиб, хурсанд бўлиб чиқиб кетиши ҳеч гап эмас.

Лекин, шошилмай туринг, «Ҳақи олдиндан тўланадиган хизмат кўрсатиш тизими тарифларидаги нархларда ўзгаришлар»нинг асл моҳияти аслида эълон охирида келтирилган жадвалдага ўхшайди. Бу бандга «ПАСАЙТИРИЛАДИ» деб таъриф берилмаган, демак бир гап бор.

Жадвал бошида келтирилган «Ижобий» тариф режасини компания сайти орқали айни дамдаги ва 23 мартдан кейинги «ўзгаришлар»ини таққослаб кўрамиз:

Айни дамда — абонент тўлови (кунига) 252.6 сўм; тармоқ ичидаги чиқувчи қўнғироқнинг дақиқаси 84.2 сўм; Ўзбекистон бўйича чиқувчи қўнғироқнинг дақиқаси 126.3 сўм; СМС — 84.2 сўм; Интернет 1 Мб — 421 сўм.

23 мартдан бошлаб — абонент тўлови (кунига) 395 сўм; тармоқ ичидаги чиқувчи қўнғироқнинг дақиқаси 95 сўм; Ўзбекистон бўйича чиқувчи қўнғироқнинг дақиқаси 125 сўм; СМС — 80 сўм; Интернет 1 Мб — 350 сўм.

Мана энди вазият бироз ойдинлашгандай.

Юқорида «ПАСАЙТИРИЛАДИ» деб берилган тарифлар ичида «Ижобий» тариф режаси ҳам бор. Ростан ҳам, Ўзбекистон бўйича чиқувчи қўнғироқнинг дақиқаси 1.3 сўмга (!) «ПАСАЙТИРИЛГАН»,  СМС — 4.2 сўмга, Интернет 1 Мб учун — 89 сўмга арзонлаган. Аммо...

Тармоқ ичидаги чиқувчи қўнғироқнинг дақиқаси 10.8 сўмга ошган. Энг асосийси, тамоқдан фойдалансангиз ҳам, фойдаланмасангиз ҳам ҳар куни тўланадиган абонент тўлови 142.4 сўмга қимматлашган!  

«Кўпроқ!» тариф режасида кунлик абонент тўлови 184,5 сўмга; «Оддий» тариф режасида 171,6 сўмга ошган. Қолган тариф режаларида ҳам шу тарзда абонент тўловлари сезиларли даражада оширилган.

Ҳар бир компания нарх сиёсатини ўзи белгилайди. Абонент ўзига маъқул компанияни танлаб, унинг хизматларидан фойдаланади. Бу бозор қоидаси. Аммо ҳеч бўлмаганда, миллионлаб мижозларга аслида нархлар сезиларли даражада оширилганини борича, аниқ ва лўнда етказилса бўлмайдими?

Айрим йўналишларда нархлар озгина пасайгани бўрттириб кўрсатилади-ю, нега оширилганда «ОШИРИЛАДИ» деб огоҳлантирилмайди?!

Аслида бундай эълонлар расмий сайтда тушунарсиз тилда жойлаштириб қўйилиши эмас, ҳар бир мижозга фойдаланаётган тариф режаси қанчалик қимматлашиши SMS тарзида жўнатилиши керак (интернет пакетлари арзонлашганда жар солинадику!).  Чунки ҳамма мижоз ҳам компания сайтига кириб, эълонларни кузатишни билмайди. Биладиганларнинг ҳам ҳаммаси бунақа тартибда жойланган хабарга тушунмайди.

Бундай «ўзгаришлар»дан кейин эртага бечора абонент ҳайрон бўлиб юради: «Нега телефоним кўп пул еб қўйяпти», деб.

Бу усуллар замонавий маркетинг юришими, айёрлигими, бошқами, билмадигу, аммо, очиқча алдов бўлмаса ҳам, ўз мижозларидан асл ҳақиқатни яшириш ҳисобланади.

«Ucell» абонентлари Наврўз байрами арафасида компаниядан бундай «сюрприз»ни  кутишмагани аниқ.

Изоҳлар 3

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг